Мақолалар

Жинсий тарбия масъулияти

Чоп этилди Iyul 6, 2019 Жинсий тарбия масъулиятиda fikr bildirishni o'chirish

Тарбиянинг бу жиҳати ўта нозик ва машаққатли. Чун­ки фарзанднинг жажжи, кўзни қувонтирадиган гўдаклик ҳаракатлари ортда қолиб, у ўсмирлик ёшига етади. Энди фарзанд ҳар бир ҳолатни онгли фикрлайдиган, кўз олдида кечаётган ҳар бир воқелик ва жараёнларга болаларча қизиқувчанлик билан эмас, аксинча, ўзгача эътибор билан назар сола бошлайди. Шунинг учун ҳам ота-она ва мураббийлардан бундай тарбия жараёнида жуда катта маҳорат ва фасоҳат талаб этилади. Жинсий тарбия ўғил ва қиз болаларда жинс масалаларига нисбатан тўғри муносабатни қарор топтиришни кўзда тутади. Ёш авлоднинг яхши ва соғлом ўсиб-унишига, вояга етишига, насл қолдириш қобилиятига эга бўлишига, никоҳ ва оилани мустаҳкамлашга ёрдам бериш жинсий-ахлоқий тарбиянинг асосий вазифасидир.

Ота-оналар, тиббиёт ходимлари ва мураббийлар фаолиятларини уйғунлаштириб, болаларнинг ёши, жинси, иқтидори ва бошқа хусусиятларига мос равишда жинсий ҳамда ахлоқий тарбияни бир-бирига боғлаб олиб боришлари лозим. Мактабгача ёшдаги болалар ва кичик ёшдаги ўқувчилар билан ишлашда шунга алоҳида эътибор бериш керак: бундай тарбия фақат жинсий ҳаёт асослари билан таништириш, болаларга гигиеник малакалар, эркак ва аёл танаси тузилиши, унинг ривожланиш қонунларини сингдиришдан иборат эмас, балки ахлоқий тарбиянинг ажралмас қисми ҳисобланади.

Ахлоқий тарбияни тўғри олиб бориш учун катталар ўғил ёки қиз боланинг жинсий ривожланиш босқичларини билиши ва табиий ҳамда ғайритабиий ул­ғайишни бир-биридан фарқлай олишлари зарур. Аслида, жинсий тарбия анча барвақт бош­ланади. 7–8 кунлик чақалоқни туғруқхонадан олиб чиқилаётганда ўғил ёки қизлигига қараб ва мослаб кийим-кечак ҳамда бошқа буюмлар танланади. Бола уч ёшга тўлганидан сўнг ўзининг қайси жинсга мансублигини англайди. Бунда, аввало, ота ва онанинг “қизалоғим”, “дўмбоқ қизим”, “попугим” деб эркалашидан бола қиз бола экани, “сен ўғил боласан”, “ўғил бола йиғламайди”, деб эслатишидан ўғил экани бола онгига сингади.

Совға қилинган ўйинчоқ, кийим-кечак, ўйин ва маш­ғулотлардан ўғил ва қиз ўз жинси ҳақида маълумотга эга бўлиб боради. Ота-она ва тарбия­чилар болаларга ўғил ёки қиз бола эканини билдириб ва уларнинг қандай юмушлар бажариши лозимлигини уқтириб, оиладаги ўрни­ни кўрсатиб боришади. Болалар боғчасига қатнайдиган кичкинтой одам танасининг тузилиши, ўғил ва қиз бола аъзоларининг тузилиши ҳақида қизиқиб ва ўсмоқчилаб савол бераверади. Ҳатто бу ҳақда бехосдан кўпчилик даврасида сўраб қолиши ҳам мумкин. Ота-она ёки тарбиячи шундай ҳолатда уларга: “Бундай нарсани сўрама”, “Уят бўлади” демаслиги, болага таъқиб кўзи билан қа­рамаслиги, уларни қизиқтирган саволга вақтини топиб, тўғри, эринмасдан, босиқлик билан жавоб бериши керак. Акс ҳолда, болада нохуш ва қўрқинчли тасаввур пайдо бўлиши мумкин.

Аслида, бундай тарбиядан мақсад, боланинг ақли уйғониши билан, аввало, жинсга нисбатан қарашини тўғри сингдириб бориш. Бу эса йигитларнинг эркакларга хос тарбияси ва ўз ўрнида, қизларнинг аёлларга хос бўлган тарбиясига эъти­бор йўлидир. Шу йўсинда оилада фарзандларнинг бир-бирларига нисбатан ўзаро муомаладаги масофа ва ўзлари ҳақидаги нозик тушунчалар бериб борилади. Шу билан бирга ёшларига қараб, уйланиш ва турмуш қуриш билан боғлиқ масалаларни ҳам етказиб ва уқтириб бориш талаб этилади. Токи ўспирин улғайиб бораркан, ҳаётда бу борада нима ҳалол ва нима ҳаром эканини тушуниб етсин. Келгусидаги турмуши давомида бу борада муаммоларга дуч келмасин. Чунки аксарият оилаларда ота-оналар истиҳола қилади ёки умуман ушбу тарбияга бефарқ бўлади. Оқибатда эса фарзандлари турмуш қурганидан кейин ушбу масалалар сабаб бўлиб, муаммолар ва улар орқасидан келишмовчилик келиб чиқади. Натижада, кўпинча бундай оилалар ҳаё­ти ажралиш би­лан хотима топади. Ёки тамоман нотўғри тарбиядан мосуво бўлиб ўсган фарзанд ўта қабиҳ йўл – нафсоний шаҳват кетидан қувиб, турли бузуқликларга берилиб кетиши ҳам мумкин. Бу каби хунук, шармсиз ҳолат ва муаммоларга барҳам беришнинг энг гўзал йўли, жинсий тарбияни ўзига хос услубда, динимиз кўрсатмалари ва миллий урф-одатларимизга мувофиқ тарзда ўргатиб боришдир. Ушбу тарбия жараёнида ота-она фарзандининг ёшига катта эътибор бериши лозимдир.

Шу боис неча ёшда қайси жиҳатга кўп эътибор бериш муҳим эканини босқичма-босқич баён қиламиз. Фарзандларнинг ёшига қараб бундай тарбия уларга уч бос­қичда берилади.

1-босқич – 7–12 ёшлар оралиғи, бу яхши ва ёмонни ажрата оладиган ёш. Бу пайтда болага изн сўраш ва назар солиш одоби ўргатилади.

2-босқич – 12–16 ёшлар оралиғи, бу балоғат ёши бў­либ, ўсмирлик ёши ҳам дейилади. Бу вақтда ўғил болада эҳтилом ва қиз болада ҳайз бўлади. Баъзиларда эрта, айримларда эса бир муддат кеч кузатилади.

3-босқич – 16–17 ёшлар оралиғи, бу камолга етиш ёши ҳисобланади.

Ислом фарзанд тарбиясида ҳеч бир нарсани эътибордан четда қолдирмаган, балки тарбиянинг нозик қир­ралари­ни ҳам баён қилган. Диний таълимотларда ушбу ёшларда нимани ўргатиш, кўрсатиб бериш ва таъкидлаб бориш каби кўрсатмалар берилган. Шунингдек, қандай амаллардан қайтариш ва огоҳ этиш ҳақидаги зарур таълимларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Фарзандларининг тарбияси, келажаги, дунё ва охиратдаги мавқеига эътиборсиз бўлмаган меҳрибон ота-она учун қўлланма сифатида мўътабар китобларимизда битилган динимиз таълимотларини Аллоҳ қодир қилганича баён этамиз.

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм