Мақолалар

Амали сўзига мос бўлсин

Чоп этилди Iyul 7, 2019 Амали сўзига мос бўлсинda fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таоло айтади:

«Эй имон келтирганлар! Сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қилдик ёки қиламиз деб) айтурсиз?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган иш­ни (қиламиз, деб) айтишингиз Аллоҳ наздида катта наф­рат (боиси)дир»  (Саф, 2-3).

Усома (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.

Мен Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қуйидаги ривоятни эшитганман: «Қиёмат куни бир киши дўзахга ташланади. Шунда: “Эй фалончи, сенга нима бўлди? Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар­мас­ми­динг?” дейдилар. У: “Ҳа, яхшиликка буюриб, ўзим уни қил­мас эдим ва ёмонликдан қайтариб, ўзим уни қилар эдим”, дейди», (Имом Бухорий ва Имом Муслим ри­воя­ти).

Ёмонликдан қайтариш босқичма-босқич бўлиши

Кишини ёмонликдан ҳикматли ва чиройли сўзлар билан қайтариш лозим. Иложи борича хатога йўл қўйишдан сақланиш керак.

Ёмонликдан қайтарувчининг яхши хулқли бўлиши

Инсонларни яхшиликка чорлаш ва уларни ёмон­лик­дан қайтариш учун киши қалби мулойим, гўзал хулқли ва шу каби яхши сифатлар билан йўғ­рил­ган бўлиши шартдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шун­дай бўлишга буюрдилар.

Амр ибн Шуайб (розияллоҳу анҳу) ривоят қи­лади. Расу­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким яхши­ликка бу­юрса, бас, ўзи яхши бўлсин”, деди­лар (Байҳақий ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ал­бат­та, мулойимлик бирон нарсада бўлса, уни зийнат­лайди. Агар у бирор нарсадан суғириб олинса, шар­мисор қилади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

“Албатта, Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни яхши кўради” (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муло­йимликдаги ўрнак олинадиган жиҳатлари жуда кўп мисолларда мужассамдир.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.

Бир киши масжидда бавл қилди. Одамлар уни қат­тиқ уришмоқчи бўлди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Унга ташланманглар, нопок жойга бир челак сув тўкинглар. Сизларга енгиллик қилиш учун юборилдим, сизларга қийинчилик қилиш учун эмас”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Абу Умома (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.

Муовия ибн Ҳакимдан ривоят қилади.

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан намоз ўқиётган эдим, бир киши акса урди. Мен: “Яр­ҳа­мукаллоҳ”, дедим. Кишилар менга ғалати қарашди. Пай­ғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намозни ўқиб бўл­гач, менга ғазаб қилмадилар. У киши: “Бу на­моз, бунда одамлар сўзи дуруст бўлмайди, бунда тас­беҳ, такбир ва Қуръон ўқиш бўлади”, дедилар (Имом Мус­лим ривояти).

Бир нотиқ Абу Жаъфар Мансур ҳузурига кирди. Унга қўпол гапирди. Шунда Абу Жаъфар: “Мулойим бўл, Аллоҳ таоло сендай яхши кишини мендай ёмон кишига юборди, Аллоҳ Мусони Фиръавнга юборди ва унга айтди:

«Бас, унга юмшоқ сўз айтингиз! Шояд, у эс­лат­ма олса ёки (ҳалок қилишимдан) қўрқса» (Тоҳо, 44).

Шунда нотиқ қилган ишидан ҳижолат бўлди ва у Му­содан (алайҳиссалом) афзал эмаслигини билди ва Абу Жаъфар Фиръавндан ёмон эмаслигини англади.

Аллоҳ таоло Пайғамбарга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одоб бериб:

«Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй Муҳам­мад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) ат­рофингиздан тарқалиб кетган бўлур эди­лар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечи­рим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг! (Би­рор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга тавак­кул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни се­вар» (Оли Имон, 159), дея марҳамат қилган.

Ёмонликдан қайтаришда азиятга сабр қилиш

Луқмони Ҳаким ўғлига бундай васият қилган:

«Эй ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхши­лик­ка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил! Албатта, мана шу пухта ишлар­дандир» (Луқмон, 17).

Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.

“Ё Аллоҳнинг расули, қандай одамлар қийин­чи­лик­лар­га кўп дучор бўлади?” дедик. У зот: “Пай­ғам­барлар, сўнгра уларга яқинлар, сўнгра уларга яқинлар. Киши динига қараб мусибатланади. Агар динида мус­таҳкам бўлса, мусибати оғир бўлади. Агар динида бўш бўлса, Аллоҳ уни динига яраша мусибатлайди”, деди­лар.

Сабр билан насиҳат қилиш

Кишиларни тўғри йўлга чорлашда сабр билан насиҳат қилиш лозим. Аллоҳ таоло бундай дейди:

«Аср билан қасамёд этурманки, (ҳар бир) инсон зиёнда (бахтсизликда)дир! Фақат имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган, бир-бирларига ҳақиқат­парвар бўлишни тавсия этган ва бир-бирларига сабр­ли бўлишни тавсия этган зотларгина бундан мус­тас­нодирлар»(Аср, 1–3).

Мураббий мазкур жиҳатларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиши лозимдир. Бундай тарбия ҳаёт ҳақи­қатлари билан Ислом динининг ҳамоҳанглигини тўғри тушунишга ёрдам беради. Бу ҳамоҳанглик дин билан дун­ёни ва руҳ билан жисмни, ибодат, саховатнинг барчасини уйғунлаштиради. Шунингдек, ақида, имон ва тақво, эҳсон, намоз, рўза, яхшилик, мулойимлик, сабр, тўғри­сўзлилик, вафо, яхшилик, дўстлик, сахийлик, азм, тинчлик, кечиримлилик ва бағрикенглик фазилатларини инсонда  мужассамлаштиради.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм