Мақолалар

Ёши улуғларни қадрлаш

Чоп этилди Iyul 7, 2019 Ёши улуғларни қадрлашda fikr bildirishni o'chirish

Ёш авлод турмуш синовларида тобланиб, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган, теран ақлли, тақволи, улуғ кишилар кўмаги ва маслаҳатига доим эҳтиёж сезади. Меҳнатсе­вар, ҳалол-пок, диёнатли, эл иши учун фидойи инсон бўлиб улғайишни истаган ҳар бир ўғил-қиз кексалар ҳаётий тажрибасидан албатта фой­даланиши лозим. Шунинг учун орамизда катталарнинг борлиги улуғ неъматдир.

Инсон ҳаёти мевали дарахтга қиёс этилади. Чунки дарахт бир мавсумнинг ўзида куртаклар тугади, гул­лай­ди, кўпдан-кўп мевалар қилади. Кексалик эса худ­ди мевалари пишган боққа ўхшайди.

Луқмони Ҳакимдан:

– Нега ҳадеб ўғлингга насиҳат қилаверасан? – деб сў­рашди.

– Кексаларнинг насиҳатлари ёшлар учун боғбон ниҳол­ни тарбия қилгани кабидир, – дея жавоб берди Луқмони Ҳаким.

Инсон дунёга келиб ўсади, улғаяди, умр­гу­за­ронлик қи­лади. Кечаги гўдак бугун йигит, бўй етган қиз. Вақт ўтиши билан, насиб этса, ҳар бир инсон қа­рилик ёшига етади, бу – ҳаёт қонунияти.

Қарияларни эъзозлашга динимизда алоҳида эъти­бор берилган. Имон-эътиқодли, ихлосли ва ну­ро­ний кек­са­ларнинг фазилатларини билиш ҳамда улар­нинг ҳақ­ла­рини адо этиш бошқалар учун вожибдир. Бун­дай хайрли ишлар Пайғамбаримизнинг (сол­лаллоҳу алай­ҳи ва саллам) суннатларига мувофиқдир. У зот ки­ши­ларга кексаларнинг фазилатларини бил­ди­риб, улар­нинг ҳақларига риоя этишни шарт қилганлар.

Имом Термизий Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадиси шарифда Муҳаммад (соллал­ло­ҳу алайҳи ва саллам) кексаларни улуғлаш ҳақида бундай деган­лар: “Ёш йигит кекса кишини ёши улуғ­лиги учун ҳурмат қилса, Аллоҳ таоло уни ҳам кек­сай­ганида ҳурмат қи­ли­надиган инсонлар қаторига қўяди”.

Бир йигит бобосига дерди: “Бобожон, мен ҳам сизнинг ёшингизга етсам дейман…” “Илоё, ниятингга ет, болам, узоқ яшай десанг, кексаларни ҳурмат қил…” деди бобоси.

Кексаларга ҳурмат халқимизнинг азалий ибратли қад­риятларидан ҳисобланади. Ҳукуматимиз истиқлол йил­ла­рида қарияларни улуғлаш борасида бир талай хайрли иш­ларни амалга оширди. Жумладан, 2002 йил мамлакатимизда “Қарияларни қадрлаш йили” деб эълон қилиниб, ёши улуғ кишиларга ҳурмат ва эътибор янада кучайти­рилди. Шу­нингдек, 9 май куни юртимизда “Хотира ва қадр­лаш ку­ни” деб белгиланди. Ушбу бай­рам шарофати билан кекса отахону она­хон­ларимиз халқимиз эъзозида бўлиб, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланади. “Хотира ва қадрлаш” куни юксак ахлоқнинг ёрқин бир кў­риниши, ҳа­вас қилса ярашгулик байрамга айланди. Бу кун тарихнинг оғир синовларини бошдан кечирган, фи­докорона меҳнат қилган табаррук ёшдаги отахон, она­хонларимизга ҳур­мат ва эҳтиром кўрсатиш айёмидир. “Қадр кўрсатган қадр топади” – халқи­миз­нинг доно ҳик­мати ҳам шуни таъкидлайди.

Қадрлаш ўзликни англаш демакдир. Бу сўз замирида имон бутлиги, одоб-ахлоқ, аждодлар мероси, шунингдек, атрофимиздаги инсонларга чуқур ҳурмат мужассам.

Юртбошимиз ташаббуслари билан ҳар йили 31 август куни Тошкент шаҳридаги “Шаҳидлар хотираси” майдонида нуроний отахонлар, меҳнат фахрийлари ва маҳалла оқсоқолларига дастурхон ёзиш, уларнинг кўнгилларини  шод қилиш яхши анъанага айланди.

Муҳтарам Президентимиз кўрсатмаларига муво­фиқ, 2011 йилда жаҳонда саккизинчи бўлиб мамла­катимизда ҳаракати йўлга қўйилган замонавий тезюрар поездда даст­лаб нуроний отахону онахонлар, кекса меҳнат фахрийлариларининг дилларини хушнуд этиш ва дуоларини олиш мақсадида Самар­қандга зиёрат са­фа­ри уюштирилди. Бу тадбир ҳам қарияларга ҳуку­ма­тимиз дара­жасида кўрсатилаётган эътиборнинг ёрқин ифода­си бўлди.

Ислом дини доимо катта ёшли кишиларни ҳурмат қи­лишга чорлаб келган.

Абу Довуд ва Имом Термизий Амр ибн Шуайб отасидан, у эса бобосидан (розияллоҳу анҳум) ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Кичикларга раҳм-шафқатда, катталарга ҳурмат-иззатда бўлмаган киши биздан эмасдир”, дейилган.

Абу Довуд Абу Мусодан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пай­ғам­баримиз (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмон мўйсафид, Қуръонни ёд олиб, унда ҳаддидан ошмаган ва уни тарк қилмаган қори ҳамда одил подшоҳни ҳурмат қилиш Аллоҳ таолони улуғлаш кабидир”, дедилар.

Ушбу ҳадиси муборакда баён қилинган сифатлар хал­қимиз онгига сингиб кетган, миллий қадрият­ла­ри­миз­нинг ажралмас қисмига айланган. Лекин ҳозирги кунда айрим ота-оналар ва мураббийлар болаларда маз­кур сифатлар шаклланишига алоҳида эътибор қа­рат­маяпти­лар. Оқибатда, баъзи ёшларда кексаларни ҳурмат қилмаслик ҳолатлари учрамоқда. Афсус, баъзи ғўр ёшлар назарида қариялар дардисардек, ор­тиқчадек туюлади. Бирор даврага кирган отахонни ёки автобусга чиққан қарияни кўрган нодон ёшлар “уфф” тор­тишади. “Қариганида уйида жимгина ўтирса бўлмасмикан-а?” дея хато ўйлашади.

Ҳаётнинг аччиқ ва ширин томонлари бор. Қариялар эътибор, меҳр-мурувват ва шафқатга муҳтож бўлишади. Бун­дай инсонларга эътиборли бўлмоқ лозим. Чунки улар­нинг умри меҳнат билан ўтган, энди кексалик боис ишга ярамай, хасталаниб, куч-қувватдан қол­ган­лар. Жа­мият ва она Ватан равнақи учун ҳисса қўшган, ои­ла­ни оёққа турғазган, ўғил-қизлар ўстириб, едириб-ичирган, оилам, болам-чақам деб, елиб-югурганлар ҳам шулар.

Кексаликнинг касаллик, кўз хираланиши, оёқ-бел оғ­риши, кучдан қолиш, аввалги куч-қувватнинг суса­йи­ши, қадамнинг майда бўлиб қолиши каби муайян мушкулотлари ва мураккабликлари бор. Лекин қарилик палласида кишилар ҳаётга ўзгача нигоҳ билан боқади. Сўзлар салмоқли, нигоҳлар вазминлик касб этади. Ҳаётда кўп тажриба орттирган кишилар ювош ва мулойим бўлиб қоладилар. Кекса одам заифлашиб, ўзи ва ўзгаларга мулойимлик истайди. Уларга нисбатан асосан уч ҳолатда мулойимлик зарур: ширин муомалада, тансиқ таом тайёрлашда ва юмшоқ ўрин тўшашда.

Имом Муслим Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тушимда мисвок ишлатаётган эдим. Икки ки­ши келди, бирининг ёши катта эди. Мен мисвокни кичигига узатдим, шунда менга: “Каттага бер”, дейилди. Мен ёши каттасига бердим”, дедилар.

Юқоридаги ҳадиси шарифдан ёши улуғларни ҳур­мат­лаш кераклиги ҳақида хулоса чиқариш мумкин.

Ёши улуғларнинг ҳурматини жойига қўйиш дейил­га­ни­да, ҳар ишда улардан маслаҳат сўраш, йиғинларда юқо­рироқ жойга ўтқазиш, таомга улардан кейин қўл уза­тиш кабилар тушунилади. Ушбу фазилатлар Расули ак­рамнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Ин­сон­ларни ўз ўрнига ўтқизинглар”, деган ҳадисларига му­вофиқдир.

Маймун ибн Абу Шабиб (розияллоҳу анҳу) ри­воят қи­лади: «Ойшанинг (розияллоҳу анҳо) ён­лари­дан бир тиламчи ўтди. Шунда ҳазрат Ойша унга бир бўлак нон бердилар. Бир оздан сўнг чиройли кийинган бир киши ўтиб қолди. Ойша онамиз уни ўтқизиб, нон едир­ди­лар. Шунда Ойшадан (розияллоҳу анҳо) “Нега бун­дай қилдингиз?” деб сўрашди. Ҳазрат Ойша Ра­сулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ин­сон­ларни ўз ўрнига ўтқизинглар”, деганлар” деб жавоб бердилар» (Имом Абу Довуд ривояти).

Ушбу ҳадисни Шиҳоб ибн Уббод элчилардан эшитган қуйидаги воқеа ҳам қувватлайди: “Биз Ра­сулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келганимизда, жуда хурсанд бўлдилар. Биз­га кенг жой қилдилар ва у ерга ўтирдик. Ул зот биз­га қараб: “Сизларнинг бошлиқ­ларингиз ва улуғ­ла­рингиз ким?” дедилар. Биз Мунзир бин Оизга ишора қилдик. Мун­зир яқин келганида кишилар унга жой бер­ди. Мун­зир Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алай­ҳи ва сал­лам) олдиларига келди. Ул зот уни ўнг то­мон­ларига ўтқиздилар ва унга ҳурмат кўрсатдилар”.

Ушбу ўринда жамоа улуғларини ҳурматлаш ва алоҳи­да эҳтиром кўрсатиш лозимлиги баён қилин­моқда. Хал­қимизда “Минг қўшчига бир бошчи” деган ҳикматли нақл бор. Азал-азалдан аждодларимиз ҳам ораларидан ҳар­ томонлама билимдон, оқил, фаҳму фа­ро­сати теран ва одил кишини ўзларига бошлиқ этиб, унга бўйсунган­лар. Аждодларимиз ушбу фазилат­лар­ни фарзандларига ҳам сингдиришган. Азиз устоз ва мураб­бийлар ҳам ўғил-қизларга таълим-тарбия бериш­да ушбу сифатлар­ни шакллантиришга алоҳида эъти­бор қаратсалар, мақсад­га мувофиқ бўлади.

Ёши улуғлардан кейин…

Саҳобаи киромлар овқат ейишни Муҳаммад пай­ғам­баримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кейин бош­лардилар. Аввал у зотга ўнг томондан яқин ўтир­ган киши таомга қўл узатар эди. Бу одат Набий (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатмаларига биноан сун­нат ҳисобланади. Улуғларни ҳурматлаш ва ҳар бир ях­ши ишни ўнгдан бошлаш инсон хулқини гўзал­лаштириб, унга зийнат беради.

Жамоат намозида кексаларни олдинги сафга ўт­ка­зиш, суҳбатда аввал улуғларни тинглаш, фикр-муло­ҳаза­ла­рини эътиборга олиш лозим.

Абу Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қи­линган қу­йидаги ҳадиси шарифда бундай дейилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намоз олдидан елкаларимизни силаб: “Тўғри бўлинглар, ҳар хил (қийшиқ) бўл­манглар, агар турли хил бўлсанглар, қалбларингиз турлича бўлади. Менга сизлардан ба­лоғатга етган ва оқил­ларингиз яқин бўлишса, сўнг улар­га яқинлар, сўнгра уларга яқинлар…”, дедилар (Имом Мус­лим ривояти).

Аллоҳга шукр, мустақиллик шарофатидан юрти­миз­да кўплаб масжидларда намозхонлар тоату ибо­датларини эмин-эркин адо этмоқдалар. Аммо бундай улуғ неъматлар қадрини тўла англамаган баъзи ғўр ёшлар ҳам учраб туради. Бир мўйсафид бундай ҳикоя қилади: «Кексаликнинг ўзига яраша гашти, ҳузур-ҳа­ло­вати бор, албатта. Фарзанду набиралар қўлларини кўк­сига қўйиб “Лаббай, бобожон” дея хизматга шай ту­риш­ла­ри, келин-қизларнинг тансиқ таомлари, ҳов­ли-жойлар­ни озода тутишлари, ёшларнинг ҳурмат-эътибори ва эъзозлашларини кўриб, шундай фаровон кунларда кексалик неъмати­ни берган Яратганга чексиз шук­роналар айтаман. Қалбим сурурга тўлиб, ёшла­римиз ҳақига дуолар, Парвардигорга ибодат қилиш мақ­са­дида доим масжидга қатнайман. Лекин баъзи ҳолатлар мени ранжитади. Қариялар жисмонан заиф ва қалби нозик бўлади. Айрим ёшлар эса уларнинг ҳолатини ҳис қилмай, ўтирганингизда орқадан туртиб ўтса, хафа бўласан киши. Имом-домла неча бор: “Қария­ларни олдинги сафга ўтқизайлик”, дея таъ­кидласа ҳам, кексаларга эътибор бермайдиган айрим ёшларни кў­риб ачинаман. Аммо кўплар ёши улуғларга эҳти­ром кўрсатиб, юксак одоб билан: “Ҳо­жи ота, ҳақимизга бир дуо қилинг, биз ҳам юртимиз ва халқимизга хиз­мат қилиб, элнинг ҳурматига му­шар­раф бўлиб, сиздек нуроний бўлиб юрайлик”, де­ган­ларида кўзларимда ёш қалқийди».

Ҳурмат кўрсатиш

Ёшлар кексаларга нисбатан юксак одоб, чексиз ҳур­мат ва ширинсўз ила муносабатда бўлишлари ло­зим. Абу Умомадан ривоят қилинган ҳадиси шарифда бундай де­йилади: “Уч тоифа кишиларни: мусулмон қария, олим ва одил подшоҳни фақат муно­фиқ инсон ҳур­мат қилмайди”, дедилар (Имом Табароний ри­вояти).

Ушбу ҳадиси шарифдан ёши катталарни ҳурмат­лаш, эҳтиром қилиш фазилат экани тушунилади. Му­раб­бийлар ёшлар қалбида яхши хулқларга му­ҳаб­бат уйғо­тишлари ва уларни шундай фазилатлар соҳиби бўлишга ундашлари лозим. Қуйида чиройли одобнинг кўри­нишлари ҳақида баён қиламиз.

Кутиб олиш

Меҳмон ёки катта ёшли киши келганида бошқа­ларнинг ўрнидан туриб кутиб олиши одобдандир. Бу фа­зилат ҳақида фарзандларга таълим бериш ва шунга одат­лантириш лозим.

Ойша (розияллоҳу анҳо): “Йўл кўрсатиш, бош­қа­риш ва йўналтириш бўйича Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўхшайдиган бирор кишини кўр­мадим. Расули Акрам қизлари Фотимага (розияллоҳу анҳо) туриш ва ўтиришда ҳам ўрнак эдилар. Агар Фотима Пайғамбар (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига кирса, у зот ўринларидан туриб, пешо­наларидан ўпиб, ўринларига ўтқизардилар. Пайғамбар (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам Фотима (розияллоҳу анҳо) олдига кирсалар, у ҳам ўрнидан туриб, ўринларига ўтқизар эди”, дедилар (Имом Бухорий, Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қи­линган ҳа­дисда бундай дейилган: “Пайғамбар (сол­лал­лоҳу алай­ҳи ва саллам) биз билан суҳбатлашардилар. Агар ўринлари­дан тур­салар, биз ҳам турар эдик” (Насоий ва Абу Довуд ривояти).

Умар ибн Соиб ривоят қилади: “Расулуллоҳ (сол­лал­ло­ҳу алайҳи ва саллам) ўтирганларида оталари (эми­­зиш жи­ҳатдан) келди, кийимларининг бир қис­мини тў­ша­дилар, у киши унга ўтирди. Сўнгра оналари (эмиз­ган) келди, кийим­ларининг бошқа томонидан бир қис­мини қўйди­лар, оналари унга ўтирди. Сўнгра эмик­дош укалари келди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўринлари­дан туриб, олдиларига ўтир­ғиздилар” (Абу Довуд ривояти).

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилиш­ган ҳадиси шарифда бундай дейилади:

Саъд ибн Муоз масжидга яқинлашганида Пай­ғам­бар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ансорларга: “Улуғ­лар ёки солиҳ кишилар келганида ўринларингиздан туринг­лар”, дедилар.

Каъб ибн Молик бундай ривоят қилади: «Мен Ра­су­луллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) излаб мас­жид­га бордим. Одамлар олдимга тўда-тўда бўлиб келиб: “Аллоҳ тавбангни қабул қилгани билан таб­рик­лаймиз”, дедилар. Масжидга кирдим. Набий (сол­лал­ло­ҳу алайҳи ва саллам) атрофларида одамлар ўтир­ганди. Талҳа ибн Убайдуллоҳ ўрнидан туриб ке­либ, мени қучоқлади ва табриклади».

Уламолар ушбу ҳадисни аҳли илм ва аҳли фазл  ки­ши келса, маросимларда ўриндан туриш жоизлигига далил қилдилар. Аммо Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзини улуғ санайдиган, ўз шахсияти учун одамлар туришларини қасд қилган, хос сифатга тақлид қилган кимсалар келганда туришдан қайтарганлар. Бу си­фат, яъни баъзи кишилар йўл тутгани каби айрим­лар­ни улуғлаш ва у кишининг фахрланиб ўтириши ҳам­да одамлар унинг атрофида тик туришлари кибр­дандир.

Фарзанд кексаларни ҳурмат қилиш ва мўйсафид­ларни эъзозлаш орқали маънан юксалади. Ёшлигидан кат­та­лар­ни ҳурматлашга ўрганган одам илм, фазилат ва мақом жиҳатидан ўзидан юқори бўлганларни эъзозлайди.

Мураббий фарзандга бошқаларни ҳурматлаш ва уларга яхшилик қилишни ўргатса, фарзанд ҳаёти да­во­ми­да фа­зилатли кишиларни улуғлашга ва мўй­са­фид­ларни ҳур­матлашга интилади. Кексаликка етганлар бор, етма­ган­лар бор. Қа­рияларнинг кўнглини чоғ этиб, улар­нинг дуосини олганлар асло кам бўлмайди, ния­тига етади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ин­сон фарзанди яратилганида ёнида ўлимнинг тўқсон тўқ­­қиз сабаби ҳам бирга бўлади. Агар у ушбу сабаб­лардан халос топиб яшаса, унга кексалик насиб этади”, дея марҳамат қилганлар.

Бу ҳадис ҳам инсонни фикрлаш, тафаккур қилишга чорлайди. Чунки ёнимизда, маҳалламизда хоки­сор­ бў­либ юрган қариялар мана “шу сабаблардан халос топиб” яшаган кишилардир. Шунинг учун ҳам Пай­ғамбар (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Катта ёшдагилар билан суҳбатда бўлинглар, уламолардан масалалар сўранглар ва ҳукамолар билан аралашиб туринглар”, деб айтганлар. Унутмайлик, имон-эътиқодли қариялар бўлган жой­да ёшлар яхши, чиройли тарбия топадилар. Бу фикрни халқимиздаги бир урф-одат билан да­лил­лашимиз мум­кин. Диёримизнинг кўп ҳудудларида сов­чилар ёки куёвнинг ота-оналари қиз, яъни келин бўл­мишнинг оила­сида ёши улуғ кишилар борлигини су­риштиришади. Агар оилада кексалар бўлса, қиз яхши тарбия топган, деб ҳисоблашади. Албатта, бу ҳаёт­да кўп синалган ҳолатдир.

Бу дунёда инсонни қилган яхшиликларию эккан да­рахтлари, вояга етказган фарзандлари, тарбиялаган шо­гирдлари улуғлайди.

Саҳобаи киромларнинг бир-бирларига нисбатан юксак ҳурмат ва гўзал ахлоқлари қалбни тўлқин­лантириб, кўзларни ёшлантиради. Бу қадар тавозеъ, бу қадар қадр-қиммат, аҳли илмлар ва аҳли фазлларнинг мақомларини бу қадар олий ўринга қўйиш муборак ва соф динимизнинг  муҳим кўрсатмаларидан экан. Бу фазилат кишиларнинг одоб-аҳлоқларини назокат ила сайқаллайди, камолот сари етаклаб, сурату сийратини зебу зийнатга тўлдиради. Бир киши ўзини лол қолдириб, таажжубга солган бундай воқеани сўзлаб берган эди:

«Шариату тариқат илмларида пешво устозимиз билан бир жойда меҳмон бўлдик. Хонадон дар­возасидан қадам қўйишимиз биланоқ ҳовлидаги ажиб орасталик эътиборимизни тортди. Хушманзара ҳов­ли­га сувлар сепилган, анвойи райҳону турли-туман гул­лар очилган, покизалик ва озодалик барқ уриб турар­ди. Хонадон соҳиби нурюзли чеҳраси ва табассум ила пешвоз чиқиб: “Хуш келибсиз, азиз меҳмонлар, қадам­ла­рига ҳасанот”, дея илиқ кутиб олиши эса хуш кай­фия­тимизга янада кўтаринкилик бахш этди. Меҳ­мон­хонага жойлашдик, одатий Қуръон тиловати ва ҳол-аҳвол сўрашиб бўлганимиздан сўнг, хо­нага эгнидаги бош-оёқ ораста либослари ўзига жудаям ярашиб тур­ган, чамаси олти ёшли бола, қўлларини кўксига қўй­ган­ча “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва бара­ка­туҳ”, дея салом бериб кирди. Юқоридан жой олган ус­тозимиз ҳузурларига бориб, қўлларидан ўпиб: “Устоз, менинг ҳақимга бир дуо қилинг, мен ҳам сиздек улуғ олим бўлай”, дея жажжи қўлларини дуога очди. Устоз бу нурли гўдак ҳақига дуо қиляптилар, қани энди бизларнинг кўзларимиз ёшдан тийилса. Дуодан сўнг барчамизнинг қалбларимизни тотли бир ҳайратга тўл­дириб, ўзи кичик, аммо одобу тарбияси юксак бўлган бола эҳтиром билан чиқиб кетди. Бир неча дақиқалар ичида бизларга бир умрга татигулик сабоқ, олам-олам завқу ҳавас бериб, ўзи билмаган ҳолда бир илм ўргатиб кетди».

Дарҳақиқат, бу бир улкан илм эди. Бу борада кел­ти­рилган ҳадислар денгиздан бир томчи, холос. Му­раб­бийлар фарзандларни шундай азиз хулқ ва юқори одобга одатлантиришлари лозим­дир. То фарзанд­ла­ри­миз катта ёш­ли­ларни ҳурматлаш, олимларни улуғлаш ҳамда бош­қалар билан муомалада тўлиқ тавозеъ ва юксак хулқли бўлиб улғайсинлар.

Мураббийлар фарзанднинг ўриндан туриб кутиб олиш одоби билан хулқлантиришда икки муҳим жи­ҳат­га эътибор беришлари лозим бўлади:

– чуқур ғулувга кетмаслик;

– Ислом шариати буюрганидан зиёд қилмаслик. Ма­салан, ўриндан тураётганда эгилиб туриш каби ҳа­ра­кат­лар билан чегарадан чиқмаслик керак.

Бу бошқаларнинг ҳуқуқларини сақлашдаги Ислом дини белгилаб қўйган муҳим қоидадир. Мураббийлар фар­зандларни шу қоида асосида тарбиялаб, уларни бу чиройли амалларга одатлантирмоқлари учун аввало ўз­лари амаллари билан кўрсатиб бермоқлари лозим. Ҳатто фарзанд кексаларни ҳурмат қилиш ва мўй­са­фид­ларни эъзозлашда поғонама-поғона кўтарилиб бо­ра­ди. Ёшлигиданоқ ўзидан катта ёшдагиларнинг ҳақ­ла­рини тушунади ҳамда илм, фазл ва ўрин жиҳатидан ўзи­дан юқори бўлганларни иззат-ҳурмат этиш одоб­ла­рини ҳам фаҳмлайди.

Шубҳасиз, мураббий бошқаларни ҳурматлаш ва уларга яхшилик қилиш сабабларини ва бу эзгу одат хосиятидан келадиган яхшиликларни ўргатса ва энг асосийси, сингдира олса, фарзанд мажбуран ёки за­рурат юзасидан эмас, балки чин қалбидан бу зийнатли амални бажаради. Фазилатли кишиларни улуғлашга ва мўй­сафидларни ҳурматлашга астойдил ҳаракат қила­ди. Бу одоб инсонни улуғлаш ва эҳтиром қилишнинг энг юксак поғонасидир. Аж­дод­ла­римиз бу улуғвор хис­латларни қалбларига мус­таҳ­кам жойлаб, каттаю ки­чик­ка ўз ўрнида қўллай бил­ганлар. Бу бо­рада собит­қа­дам­ликлари боис Ислом ум­мат­лари ичра маънавият ва маъ­рифатнинг юқори чўқ­қиларини забт этдилар. Бугунги ёшларимизга Ис­лом­даги тарбия ху­су­сият­ларини ту­шунтирадиган, са­наб ўтилган одоб­ларни уларнинг онгу қалбларига но­зик йўл ила етказа ола­диган даражадаги ота-оналар ва мураббийлар бў­лиши жуда зарурдир. Ана шундай руҳда вояга етган фарзанддан аввало ота-она ва бутун жамият ман­фаат кўради.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм