Мақолалар

Саломлашиш ҳикмати

Чоп этилди Iyul 8, 2019 Саломлашиш ҳикматиda fikr bildirishni o'chirish

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривояти: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Салом бермасдан туриб, гапларингизни бошламанг, кимки сизга салом бермасдан гапини бошласа, унга жавоб бермангиз”». Аллоҳ таоло бу умматни динларида бир-бирларига ростгўй, ишончли бўлишларини ва бир-бирларига салом беришларини шарт қилди. Шунинг учун ҳам уларни мўмин-мусулмонлар[1] деб атадилар.

Исмлар нарсанинг хусусиятларига далолат қилиб, унинг маъносидан чиқарилган бўлади. Аслий исмлар Аллоҳ таоло ҳузуридан келган исмлардир. Масалан, “Яҳё” каби.

Аллоҳ таоло деди:

“Эй Закариё! Биз сенга бир фарзанд хушхаба­рини берурмиз; унинг исми Яҳё бўлиб, илгари унга бирор (кимсани) ҳамном қилган эмасмиз” (Марям, 7). Яъни, Яҳёни гуноҳ қилишдан сақладик. Яҳё “ҳаёт, ҳаё”дан олинган бўлиб, Аллоҳ таоло қалбини ҳаёт билан тирик қилган. Яҳё (алайҳиссалом) умуман гуноҳ қилмаган, гуноҳ қилиш унинг хаёлига ҳам келмаган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Одамзоднинг бари адашган, гуноҳ қилган, жуда бўлмаса, маъсият қилишни хаёлига келтирган. Фа­қатгина Яҳё ибн Закариё ва Аҳмад ундан мустасно”. Аллоҳ таоло деди:

«Эсланг, Исо ибн Марям: “Эй Исроил авлоди! Мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар берувчиман”, деган эди» (Саф, 6).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ҳеч кимга берилмаган яхшиликлар менга берилди, Аҳмад деб номландим, мен душманлар қалби ларзага келадиган қилиндим”.

Барча умматлар ўз хусусиятларидан келиб чиқиб, ўзларини номлаб олганлар. Масалан “яҳудийлар”, “нас­ронийлар”, “мажусийлар”. Лекин Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматига Аллоҳ таоло ном берган. Аллоҳ таоло деди:

(Аллоҳнинг) Ўзи сизларни илгари (муқаддас ки­тобларда) атагандек, мана шу (Қуръон)да ҳам мусулмонлар деб атади(Ҳаж, 78).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Аллоҳ таоло менинг умматимни ўзи номлади. Ўз номидан икки исм чиқариб, умматимни сийлади. Булар Аллоҳнинг “ас-Салом” ва “ал-Мўъмин” номлари бўлиб, бу умматни “мусулмонлар” ва “мўминлар” деб атади”. Бу умматнинг исми ҳақиқий асл исмлар бўлиб, улар Одам (алайҳиссалом)га ўргатилган эди. Мусулмонлар бу исмларга вафо қилишлари (муносиб бўлишлари) учун бир-­бирлари билан ростгўй, ишонч­ли бўлмоқлари ва ўзаро салом-алик қилиб юришлари лозимдир. Аллоҳ таоло деди:

Албатта, мўминлар (динда) ўзаро биродар­дирлар(Ҳужурот, 10).

Ва яна:

“Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар” (Тавба, 71), деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам): “Мўминлар бир киши кабидир”, яъни бир тан, бир жон дедилар.

Аллоҳ таоло шу умматни сийлаб, уларга эҳтиром кўрсатиб, уларнинг кўринишларини тилларидаги энг тотли ва шарафли сўз “Ассалому алайкум” бўлишини ирода этди. Бани Исроил қавми бир-бирлари билан учрашиб қолсалар, ўзаро эгилиб, бошини сажда қилган каби имо қилиб кетар эдилар, мана шу уларнинг саломлашишлари эди.

Анас (розияллоҳу анҳу) ривояти: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Менинг умматимга бошқаларга берилмаган уч фазилат берил­ди: Жаннат аҳлининг саломлашиши бўлган “Ассалом” лафзи билан сўрашиш, (намозда) фаришталар каби саф бўлиб туриш ҳамда дуодан кейин “Омин” сўзидир. У фақат Мусо ва Ҳорунгагина берилган эди”».
Бунинг маъноси шуки, Мусо (алайҳиссалом) Фиръ­авнни дуойибад қилганида Ҳорун (алайҳиссалом) “Омин” деб турди. Шунда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилди:

«(Аллоҳ) деди: “Иккингизнинг дуоингиз ижобат этилди» (Юнус, 89).

Ҳорун “Омин” деб тургани учун Қуръони каримда “дуогўй” деб келтирилган.

Аллоҳ таоло Ўзининг исми бўлган “Ассалом”ни бан­даларнинг мол, жон, обрў-шарафлари омонликда бўлиши учун уларнинг ўрталарида ўрнатди. Жоҳилият даврида араблар тарафкашлик, ғайрлик қилар арзимаган нарса учун бир-бирини ўлдирар, эдилар. Аллоҳ таоло уларни ислом билан сийлаганда, бу диннинг шарти шу-ки, улар ўзларига берилган исмга муносиб бўлишлари керак эди: ўзаро тинчликда бўлиш, бир-бирларининг қонини тўкмаслик, жони, шарафи ва молига азият етказмаслик. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) дедилар: “Ассалом бандалар орасида омонлик гаровидир.”

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Саломни биринчи айтган инсон Аллоҳ ва Унинг Ра­сулига суюклироқдир”. Демак, “Ассалом” сўзи бандалар ўр­тасида омонлик рамзидир. Кимки, сўзини “Ассалом”сиз бошласа, у ҳақ-ҳуқуқни поймол этган, ҳурматсизлик кўрсатган бўлади. Бундай шахслар жавоб олишга ло­йиқ эмасдирлар.

[1] Араб тилида “мўмин” сўзи “ишонмоқ”, “ростгўй бўлмоқ”, “ишончли бўлмоқ” маъноларини англатувчи “амана” феълидан ясалган. “Мусулмон” сўзи эса “салима” феълидан олинган бўлиб, худди шу феълдан “салом бермоқ” феъли ҳам ҳосил қилинади (таржимон).

 

 

 

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг

“Орифлар тасаллиси” сайланмасидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм