Мақолалар

Одамларнинг мартабаларига яраша муомала қилишнинг ҳикмати

Чоп этилди Iyul 8, 2019 Одамларнинг мартабаларига яраша муомала қилишнинг ҳикматиda fikr bildirishni o'chirish

Маймун ибн Абу Шабиб (розияллоҳу анҳу) ривояти: «Бир куни Ойша (розияллоҳу анҳо)нинг олдиларидан бир тиланчи ўтиб қолди, улар унга нон бўлагини бердилар, шундан сўнг бой одам ўтиб қолган эди, улар уни ўтказиб қўйиб меҳмон қилдилар. Шунда уларга (ушбу масалада) таъна қилинди. Ойша (розияллоҳу анҳо) дедилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларни мақом-­мартабаларига яраша жойлаштиришга буюрганлар”».

Аллоҳ таоло бандаларига бу дунёда бойлик, фақирлик, иззат, хорлик, улуғлик ва тубанлик каби хислатларни ато этиб, уларни имтиҳон қилади: қайси банда берилган неъмат учун шукр қилади, қайси бири йўқчиликка сабр қилади, қайсиниси берилганига қаноат қилади, қайси бири эса норози бўлади. Уларнинг мукофот ва жазоларини эса ҳисоб-китоб куни беради. Оқил инсон атрофидаги одамлар билан Аллоҳ таолонинг уларга қўллаган тадбирига мувофиқ тарзда муомала қилади. Бой одамни Аллоҳ неъматларига одатлантирган. Бу неъматлар унга синов юзасидан берилади, савоб тариқасида эмас. Аллоҳ таоло деди: «Бас, энди инсонни қачонки, Парвардигори синов учун икром этиб, унга неъмат ато этса, дарҳол: Парвардигорим (лойиқ бўлганим учун) мени икром этди”, дер. Аммо қачонки, (Парвар­дигори) уни синов учун, ризқини танг қилиб қўйса, дарҳол: Парвардигорим мени хор қилди”, дер. Йўқ! Аксинча, сизлар етимни (ҳолидан хабар олиб) икром қилмайсиз» (Фажр, 15–17).

Агар сен одамларни Аллоҳ уларни жойлаштирган манзил-даражаларига қараб муомала қилмасанг, сен уларни ҳақорат қилган бўласан, уларга ноҳақ равишда жабр етказган ҳамда Аллоҳнинг уларга нисбатан қилган тадбирига мувофиқ келмай, уларнинг динини фасод қилган бўласан. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “Одамларни мақом-марта­баларига яраша жойлаштиринглар”, деганлари, Аллоҳ уларни бу дунёларида жойлаштирган мартабаларига яраша муомала қилинглар, деганларидир. Охиратдаги уларнинг манзиллари эса бандалар учун ғайбдир. Агар сен бой ва фақирни мажлис, зиёфат ёки ҳадя беришда бир хил кўрсанг, сен унда тўғри эмас, балки нотўғри иш қилибсан. Сен бойнинг шаънига тегадиган, унинг ҳақига футур етадиган амал қилсанг, у сенга (охиратда) даъво қилади, чунки Аллоҳ таоло уни (бу дунёда) бундай муомалага одатлантирмаган. Камбағалга эса, кам ҳам кўзига кўп кўринади, ўшанга қаноат қилади, чунки у бунга одатланган. Султон ва валийларга ҳам ўз мавқеига яраша муомала қилинади. Агар сен подшоҳларга раиятнинг муомаласини қилсанг, султонлик ҳақига тажовуз қилган бўласан, зеро, улар Аллоҳнинг ердаги сояси, улар билан нафслар таскин топади, улар билан ишлар жам бўлади. Агар одамлар султонларнинг Аллоҳ томонидан ато этилган соя эканлигига назар солсалар, шунда уларнинг барча ҳолатларига, юриш-туришларига эъти­бор бермайдилар. Бир тоифа салафлар улардан нафратланиб, ўзларини четга олар эдилар. Бу тоифанинг нафсларида шаҳватлари ўлмаган, қалбларида уларнинг (султонларнинг) Аллоҳ таолонинг сояси эканини англаб етишга қувват етмас эди. Ўша салафлар султонлар билан муомала қилишдан қочардилар, улардан юз ўгирардилар, гўёки, қалблари уларнинг (султонларнинг) олдида Раббиларининг ҳаловатини топмас эмиш. Бунга далил сифатида ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)нинг қуйидаги ҳадисларини таъвил қилиб келтирар эдилар: «Бойга иззат-ик­ром кўрсатиб, фақирни хўрлаганга лаънат бўлсин».

Ушбу ҳолат уларда маърифат комил эмаслигини кўрсатади. Шунинг учун ҳам юқоридаги ҳадисни но­тўғри таъвил қилишган. Агарда ўша салафлар султонлар Аллоҳнинг ердаги сояси эканлигини ҳис этиб, уларга назар солганларида эди, уларнинг (султонларнинг) ҳолатларига эътибор бермас эдилар ҳамда улар билан муомалада бўлишлари қалбларига футур етказмас эди. Мана шу назар қуввати билан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг саҳобийлари ва тобеийлар золим амирлар билан учрашар, улардан тортиқлар қабул қилар ҳамда уларга хайрихоҳ муносабатда бўлиб, керакли насиҳат ва маслаҳатлар берар эдилар.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)ҳадисларининг тал­қини эса қуйидагичадир: Дунё қолдиқларига ҳирс қўйиб, охиратини дунёси учун сотган, бойларнинг қў­лидаги мол-дунёси учун уларга тилёғламалик, лаган­бардорлик қилган, аммо бу нарсалардан (бойликдан) маҳрум бандани эса камситган, ҳирси устун келиб, мол-дунё эгаларига икром кўрсатган, охират эгаларидан жирканган бадбахт инсон Аллоҳнинг лаънатига лойиқ, чунки ўзи дунёга мафтун бўлиб, мафтунларгагина илтифот қилади. Аммо дунё кўзига қийматсиз кўринган банданинг эса бало[1] аҳлига (бойларга) раҳми келади. Чунки у бойларнинг мол-дунё балосига гирифтор бўлганини, бойлик юки уларни босиб турганини, мулкларининг ҳисоб-китобига ботиб қолганларини, эртага (охиратда) эса (бойлик туфайли) уларнинг оғир оқибатларини билади. Шунинг учун ҳам уларга худди сел оқизиб кетаётган, чўкиб бораётган инсонга раҳми келгандек ачинади. Агар уларни кўриб қолса, динлари фасод бўлмаслиги учун уларга ҳурмат-эҳтиром бажо қилиб, илтифот кўрсатади, зеро, Аллоҳ таоло уларни (бойларни) шундай муомалага одатлантирган.

Бой инсонни таҳқирласанг, уни ҳалок этган бўласан. У дунёси билан фахрланади, кибрланади, адашади, ўз ҳолатини ўзича шарафли, деб билади. Унинг куч-қуд­рати, иззати унинг молу дунёсида. Агар сен унинг иззатини ерга урсанг, мол-дунёсини хароб қилган бўласан. Бу эса тажовуздир, дилкашлик эмас.

Сен дини учун унга илтифот қилиб, Аллоҳ таоло берган дунёси қўзингга арзимас кўриниб, дилингда унга ачиниб, ҳурмат-эҳтиром, хушмуомалалик кўр­сатишинг шарт. Зеро, бу – анбиё ва авлиёларнинг феъли. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам: “Қавмнинг ҳурматли кишиси келса, унга иззат-икром кўрсатинг”, дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу билан, қавм эъзозлайдиган (эъзозланишга одатлантирган) инсонни ҳурмат қилганинг учун ажр олишингни билдирдилар. Шундай экан, Парвардигорнинг ўзи синов учун икром этиб, неъмат ато этиб, иззат-икромга одатлантирган кимсага му­рувват, хушмуомалалик, марҳамат кўрсатмайсизми!?

Мурувват муборак ва маҳбуб хулқдир. Ойша (ро­зияллоҳу анҳу) ривояти: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: Аллоҳ таоло ҳар қандай мурув­ватни яхши кўради. Кимга мурувват насибаси берилган бўлса, унга дунё ва охират яхшилиги ато этилибди. Кимки бу насибадан бебаҳра бўлса, у икки дунё яхшилигидан маҳрум бўлибди”. Яна Сарвари олам: Агар Аллоҳ таоло хонадон аҳлига яхшилик хоҳласа, уларга мурувват эшикларини очиб қўяди”, дедилар».

[1] Араб тилида “бало” сўзи “синов”, “имтиҳон” маъноларини ифода этади (таржимон).

 

 

 

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг

“Орифлар тасаллиси” сайланмасидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм