Мақолалар

Баъзида илонни ўлдиришдан қайтаришнинг сири

Чоп этилди Iyul 8, 2019 Баъзида илонни ўлдиришдан қайтаришнинг сириda fikr bildirishni o'chirish

Сиррий бинт Раҳбон ривояти: «Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганларини эшит­дим: Илонларнинг кичигини ҳам, каттасини ҳам, қора­сини ҳам, оқини ҳам ўлдиринглар. Ким уларни ўл­дирса, унга дўзахдан товон бўлади, агар (илонлар чақиб) ўлса, у ша­ҳиддир”».

Илон душмандир, у ўз адоватини аллақачон намоён этиб бўлган. У жаннатда Одам (алайҳиссалом)нинг хизматига тайинланган эди, лекин унга хиёнат қилиб, Аллоҳнинг душманига (Иблисга) танасидан жой берди. Унинг жаннатга кириб, Одам (алайҳиссалом)ни йўлдан уришига сабаб бўлди. Аллоҳ таоло уларнинг барча­сини ерга сургун қилгач, Иблис ва илоннинг
Одам (алайҳиссалом) ва унинг авлодларига адовати яққол намоён бўлди. Ваҳб ибн Мунаббаҳ ривояти: «Аллоҳ Азза ва Жалла Одам (алайҳиссалом) ва унинг завжасини жаннатга жойлаштирди. Жаннатда шохлари бир-бирига чирмашиб кетган дарахт бўлиб, унинг мевасидан фаришталар истеъмол қилар ва абадий яшар эдилар. Аллоҳ таоло Одам (алайҳиссалом) ва унинг завжасига ушбу мевани тақиқлаган эди. Иблис Одам (алайҳиссалом) ва унинг завжасини йўлдан урмоқчи бўлиб, илоннинг ичида жаннатга кирди. Ўшанда илон туяга ўхшаш тўрт оёқли бўлиб, Аллоҳ таоло яратган энг чиройли жонивор эди. Илон жаннатга киргач, иблис унинг ичидан чиқди. Ман этилган дарахтдан мевани олиб Момо Ҳаввонинг олдиларига келиб: “Бу мевага қара, ҳиди қандай хушбўй, таъми қанчалик тотли, ранги эса шунчалик ёқимли”, деди. Момо Ҳавво мевани олиб татиб кўрдилар. Сўнгра Одам (алайҳиссалом)нинг олдиларига бориб: “Бу мевага қаранг, ранги қандай хушбўй, таъми қанчалик тотли, ранги эса шунчалик ёқимли экан”,
дедилар. Одам (алайҳиссалом) ҳам ундан едилар. Шун­да уларнинг икковлари ҳам яланғоч эканликлари намоён бўлиб қолди. Одам (алайҳиссалом) дарахт ичига яшириниб олдилар. Шунда Аллоҳ таолонинг нидоси келди: “Қаердасан?” Одам (алайҳиссалом): “Мен шу ердаман”, дедилар. Аллоҳ: “Чиқмайсанми?” деди. Одам (алайҳиссалом): “Сендан ҳаё қиламан, Раббим”, дедилар. Аллоҳ таоло: “Мен сени (тупроғини олиб) яратган ерга туш!” деди. Одам (алайҳиссалом): “Мен яратилган ерга меваларини тиканларга айлантирадиган лаънат бўлди”, дедилар. Сўнгра Аллоҳ таоло Ҳаввога деди: “Эй Ҳавво, бандамни адаштирдинг, энди сен ҳомиладор бўлсанг, қийналиб ҳомилани кўтариб юрасан, қорнингдагини туғадиган бўлсанг, ҳар сафар ўлимга яқин келасан”. Аллоҳ илонга деди: “Малъун (иблис) сенинг ичингга (жаннатга) кириб, бандамни йўлдан оздирди. Сенга лаънат бўлсин, ушбу лаънат туфайли оёқларинг қорнингда, ризқинг эса тупроқ бўлади. Сен одамзоднинг душманисан, улар ҳам сенинг душманинг. Улардан бирини учратиб қол­санг, чақасан. Улар сени кўриб қолсалар, бошингни мажақ­лайдилар”».

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривояти: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Илон ва чаённи ҳатто намозда бўлсангиз ҳам ўлдиринг”». Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривояти: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Эҳромдаги одам беш нарсани ўлдиради”». Мана шуларнинг ичида илон ҳам зикр қилинган.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ривояти: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан Минода бирга эдик, олдимиздан илон ўтиб қолди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уни ўлдиринглар”, дедилар. Илон қочиб, тошлар орасига кириб кетди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Хурмо дарахтининг баргларини ва олов олиб ке­линглар”, дедилар. Кейин уни ёқиб юбордилар. Ваҳоланки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қаттиқ жазолаш ва Аллоҳнинг азоби билан (ўт ёқиб) азоб­лашдан қайтарар эдилар».

Юқоридаги ҳадисдан маълум бўлишича, бу душманнинг заррача ҳам ҳурмати қолмаган, шунинг учун ҳам Расули акрам қўлдан келган усуллар билан унга талафот етказдилар.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): «Аллоҳнинг душмани Иблиснинг зиммасидагидан сақланинг», дер эдилар. Хабарларда келтирилишича, Аллоҳнинг душмани Иблис илонга: «Мени жаннатга олиб кирсанг, менинг зиммамда бўласан», деган.

Аммо Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) илон суратидаги жинларни ўлдиришдан қайтарганлар, чунки улар хонадон жинлари бўлиб, улар ўлдирилса, зарар етади. Зайд ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) ривояти: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уй жонзот­лари, яъни жинларни ўлдиришдан қайтар­дилар».

Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) ривояти: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Аллоҳ Азза ва жалла жинларни учдан уч қилиб яратди: учдан бири итлар, илонлар ва ҳашаротлар, яна учдан бири тез эсадиган шамол, қолган учдан бири одамзод кабидир. Уларга ҳам савоб ва жазо бор”».

Ибн Саълабанинг ривоятида эса “тез эсадиган шамол” лафзи ўрнига “ҳавода уча оладиган қанотли” лафзи келган. Аллоҳ таоло инсонни ҳам учдан уч қилиб яратган: учдан бирининг қалби бор, лекин қалблари билан тушунмайдилар, кўзлари бор, кўрмайдилар, қулоқлари бор, эшитмайдилар. Улар гўёки чорва, улар­дан ҳам янада йўлдан озганроқ кимсалардир, танасининг яна бир қисми инсонники, қалби эса шайтонники, қолган учдан бири эса соя бўлмайдиган кунда Аллоҳнинг соясида бўладиган бандалардир.

Ибу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривояти: «Ра­сулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Мадинада исломга кирган бир неча жинлар бор, ким ажиналарни кўрса, уч маротаба азон айтсин. Шунда ҳам унга кўринса, уни ўлдирсин, зеро, у шайтондир”».

Абу Саид Худрий ривояти: «Расулуллоҳ (соллалло­ҳу алайҳи ва саллам) Уҳуд жангига чиқдилар. Улар билан Бани Худра қавмидан бир йигит ҳам жангга борди. Йигит яқиндагина уйланган эди ва Расули акрамдан аҳлидан хабар олиш учун рухсат сўради. Улар рухсат бердилар. Йигит қўлига найзасини олиб йўлга чиқди, уйига кириб борганда рафиқаси хонадон эшиги олдида ўтирганини кўрган заҳоти хавотирланиб сўради: “Сени уйдан нима чиқарди?” Аёл: “Ўрнимга илон ўралиб ётиб олибди, шундан қўрқиб кетдим”, деди. Йигит ичкарига кириб илонга найзасини санчди ва типирчилаётган илонни ҳовлига олиб чиқди. Илон ўлди. Йигит ҳам соати етиб ўлиб қолди. Бу воқеа Расулуллоҳ (соллал­лоҳу алайҳи ва саллам)га етиб борганда: “Уйларда йў­лиққан нарсаларингизни агар илгари учратмаган бўлсангиз, ўлдирманглар”, дедилар». Ибн Абу Малика ривояти: «Ойша (розияллоҳу анҳу) бир жинни ўлдириб қўйдилар. Шунда тушларида: “Худо ҳақи, мусулмон жинни ўлдирдингиз”, деб таъна қилинди. Ойша (розияллоҳу анҳу): “Агар мусулмон бўлганида эди мусулмонлар оналари (уммаҳат ал-муслимийн) ҳузурига кирмас эди”, дедилар. Уларга: “Сиз ёпинчиқда бўлганингизда кирган эди”, дейилди. Ойша (розияллоҳу анҳу) садақа қилдилар ва бир қулни озод этдилар».

Собит Сақофий ривояти: «Бир киши Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ҳузурларига келиб деди: “Сафарда кетаётганимизда йўлда қонига беланиб ётган ўлик илонни кўриб қолдик ҳамда уни ерга кўмдик. Бир жойга етиб борганимизда бир қанча аёллар ёки кишилар келиб: “Қай бирингиз Амрнинг соҳибисиз”, дедилар. Биз ҳайрон бўлиб: “Ким у Амр?” дедик. Улар: “Кеча сизлар дафн этган илон. У Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни тинглаган бир тоифа жинлардан эди”, дедилар. Биз: “Унга нима бўлган?” деб сўрадик. Улар эса: “Мусулмон ва мушрик жинлар ўртасида жанг бўлган эди, шунда у ўлдирилди”, деб жавоб қилдилар».

Робий ибн Бадр дедилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўлдиришдан қайтарган жин-илонлар юради, илонизи бўлиб судралмайди». Алқама (розияллоҳу анҳу) дедилар: «Барча илонларни ўлдиринглар, илло, эгилганга ўхшаганига тегманг, зеро, у жиндир».

 

 

 

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг

“Орифлар тасаллиси” сайланмасидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм