Дунё янгиликлари

Ҳаж – 2019: Минода илк бор кўп қаватли чодирлар қурилади

Чоп этилди Iyul 8, 2019 Ҳаж – 2019: Минода илк бор кўп қаватли чодирлар қуриладиda fikr bildirishni o'chirish

Тарихда биринчи марта бу йилги ҳаж мавсумида Мино шаҳрида ҳожиларни кенгроқ жой билан таъминлаш мақсадида кўпроқ сиғимли, кўп қаватли чодирлар барпо қилинади. Бу ҳақда «Muslimaat.uz» хабар беради.

«Бу тадбирлар Қиролликнинг ҳожиларга хизмат сифатини ошириш мақсадида, шунингдек, давлатнинг «Истиқбол–2030» («Vision–2030») лойиҳасининг Аллоҳнинг меҳмонлари учун турар жой сиғимини оширишга қаратилган мақсадлари доирасида амалга оширилмоқда», — дейди масъул Аббос Қаттон.

Қаттоннинг сўзларига кўра, лойиҳа Минонинг вертикал баландлигидан фойдаланишни кўзда тутган. У, шунингдек, биринчи қават ишчиларнинг турар жойи ва озиқ-овқат захиралари учун омбор сифатида ажратилишини, юқори қаватлар эса ҳожилар учун тураргоҳ бўлишини айтиб ўтди.

«Ушбу тажриба ҳар бир чодирда қўшимча саккиз ҳожини жойлаштиришга имкон беради, – деб қўшимча қилди у. – Чодирлар оловга чидамли бўлади ва осонгина йиғилиб, қайта қурилиши мумкин».

Маълумки, Исломда ҳар бир балоғатга етган, қодир инсон учун умрида бир маротаба ҳаж қилиш фарз ҳисобланади. Ҳожилар Зулҳижжа ойининг саккизинчи кунида Маккадан Минога йўл олади.