Мақолалар

Ширкдан ҳазар!

Чоп этилди Iyul 9, 2019 Ширкдан ҳазар!da fikr bildirishni o'chirish

Биз Аллоҳнинг қули бўлатуриб, Унга, Хожамизга туҳмат қил­майлик, мушрик бўлмайлик! Ширк ўзи нима? Нима ширк бўла­ди? Ким мушрик дейилади? Бу саволларга жавобни тавҳидни ўр­ганганимиздан кейин билиб оламиз.

Тавҳид Аллоҳ таолони якка-ягона деб билиш ва тан олишдир.

Тавҳид уч қисмдан иборат:

  1. “Тавҳидур рубубийя”: Аллоҳ таолонинг Яратувчи, Ижодкор ва барча ишлар тадбирини Ўзи қилаётганига ишониш.

«Аллоҳ барча нарсанинг яратувчисидир» (Зумар, 62).

«Албатта, Раббингиз осмонлар ва Ерни олти кунда яратиб, сўнгра Арш узра муставий бўлган Аллоҳдир» (Юнус, 3).

«Қасамки, агар Сиз улардан: «Осмонлар ва Ерни яратган, Қуёш ва Ойни (ўз тоатига) бўйин сундирган зот ким?» – деб сўрасангиз, албатта, улар: «Аллоҳ», – дерлар. Бас, (шундай экан), қаёққа бурилиб кетмоқдалар?! Аллоҳ бандаларидан Ўзи хоҳлаган ки­ши­ларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаган киши­лар­нинг ризқини) танг қилур. Албатта, Аллоҳ барча нарсани билувчидир. Қасамки, агар сиз улардан: Осмондан сув (ём­ғир) ёғдириб, ерни ўлганидан сўнг тирилтирган зот ким? деб сўрасангиз, албатта, улар Аллоҳ”, дерлар. Сиз (уларга): “Аллоҳ­гаҳамд! деб айтинг! Йўқ, уларнинг аксарияти ақл юргизмайдилар» (Анкабут, 61– 63).

«Қасамки, агар улардан: Осмонлар ва Ерни ким яратган? деб сўрасангиз, албатта, Аллоҳ дерлар. Сиз: Аллоҳгаҳамд! денг! Йўқ, уларнинг аксарияти (ҳақиқатни) билмаслар» (Луқ­мон, 25).

Юқоридаги ояти карималардан англашилганидек, Аллоҳ таоло жамики оламларнинг Раббиси экани, бепоён осмонлару Ерни ол­ти кунда ёлғиз Ўзи йўқдан бор қилгани ҳақида хабар беради. Аллоҳ таолонинг ҳар бир сўзи, ояти каримаси айни ҳақиқат. Демак, ос­монлар ва Ер, улардаги барча махлуқотни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. Уларнинг тарбиячиси, тартиб-интизомини назорат қи­либ турувчиси Унинг Ўзидир. Уларнинг ўз-ўзидан, бири иккин­чисига сабаб бўлиб, пайдо бўлган, деган даъво ғирт ёлғон ва Яра­тувчига нисбатан буюк бўҳтондир. Еру осмон остидаги катта-кичик барча воқеа-ҳодисаларнинг ҳам Яратувчиси Аллоҳдир. Де­мак, ғайриод­дий, ажабтовур бир ҳолатни кўриб “табиатнинг мўъжизаси”, ёки бир яхши натижага, омадга эришиб “табиатнинг марҳамати”, ёки иқлим – ҳаво билан ва бошқа нарсалар билан боғ­лиқ бирор катта-кичик кўнгилсиз воқеа, балою офат бўлганда “табиатнинг инжиқлиги” де­йиш Ислом ақидасига тўғри келмас экан. Чунки табиат ва ундаги барча ўзгаришларнинг бошқарувчиси, назорат қилувчи мудаббири, хоҳлаганини бор, хоҳлаганини йўқ қилувчи Аллоҳ таолонинг Ўзи­дир. У бировнинг маслаҳатига, ёр­дамига муҳтож эмас, кимнингдир риоясига қарамайди. Шунга иқ­рор бўлишни “тавҳидур рубубийя” дейилади.

  1. Тавҳидул улуҳийя”: ибодатни – бандаликни ёлғиз Аллоҳ­га­гина қилишдир.

Қуръони каримда зикр қилинган Макка мушриклари айнан мана шу тавҳидни бузишгани учун мушриклар дейилган. Аммо улар ҳам юқорида ўрганганимиз “тавҳидур рубубийя”га иқрор бў­лишган. Яъни, уларга Еру осмонни ким яратган, дейилса, “Албат­та, Аллоҳ таолодир”, деб жавоб беришган. Бу эса уларни “тавҳидур рубубийя”ни тан олишганини билдиради. Аммо улар “тавҳидул улу­ҳийя”да ширк келтиришган. Бевосита Аллоҳ таолога ибодат қилишни қўйиб, ўз қўллари билан ёғочу тошлардан ясаган бут-са­намларга сиғинишган, сажда қилишган, уларга қараб илтижолар қилишган, улардан ризқ-насиба, омад-мадад сўрашган ва албатта, сўраганимизни беради, деб ишонишган. Мушриклар бут-санамлар мусибат, бало-офатларни юборадиган ҳам, ундан сақлайдиган ҳам шулар деган тушунчада бўлишган. Энг ачинарлиси, улар ана шу бут-санамларга ботил ибодатлари, нотўғри ақидалари билан Аллоҳ таолога яқин бўламиз, деб даъво қилишган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) уларни ширк ва за­лолатдан ҳарчанд қайтаришга уринсалар-да, улар бу жаҳолат­дан қайтишмади, мушрик ҳолда дўзахга маҳкум бўлишди.

«(Макка мушриклари) уларга ўзларидан (башар авлодидан) огоҳлантирувчи (пайғамбар) келганидан ажабландилар ва кофирлар айтдилар: Бу (бир) ёлғончи сеҳргардир. (Шунча) илоҳларни битта илоҳ қилиб олибдими?! Ҳақиқатан, бу жуда қизиқ нарса» (Сод, 4–5).

Ояти каримада улар Пайғамбар (алайҳиссалом)ни тасдиқ этиш­магани ва “Ла илаҳа иллаллоҳ”га рози бўлишмагани учун куфрга кетганлар, дейилди. “Ла илаҳа иллаллоҳ”нинг маъноси “Аллоҳ­дан бошқа ибодат қилинишга ҳақли илоҳ йўқ”, деганидир. Улар эса: “Йўқ ундай эмас, Лот, Уззо, Манот, Ҳубаллар ибодат қилинишга ҳақ­ли олиҳалардир”, дедилар. Бу билан улар оламлар Раббиси Аллоҳ­га ва Унинг пайғамбарига қарши чиқишди. Охир-оқибат Раҳмон раҳ­матидан мосуво бўлиб, абадул-абад дўзахга, азоб-уқу­батга маҳ­кум бўлишди.

«Бунга (яна бир) сабаб, Аллоҳнинг Ўзигина ҳақиқий илоҳ экани ва сизлар Уни қўйиб илтижо қилаётган нарса (бут)лар эса айни ботил экани ҳамда Аллоҳнинг ўзигина Алий (энг олий) ва Кабир (буюк Зот) эканидир» (Ҳаж, 62).

Илоҳий китоблар (Таврот, Инжил, Забур, Қуръони карим)да инсоният “тавҳидул улуҳийя”га буюрилган. Пайғамбарлар ҳам даъ­ват қилган диннинг асл моҳияти мана шу “тавҳидул улуҳийя” бўлган. Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Иброҳим, Мусо, Исо ва бошқа барча пай­ғамбарлар (алайҳимуссалом) ўз қавмларини:

«Эй қавмим! Аллоҳга сиғининг! Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқдир» (Аъроф, 59), деб ибодатдаги тавҳидга чақирган. Аммо улар буни инкор қилиб, мушрик бўлди. Шунинг учун Аллоҳ уларни ҳалок қилди.

  1. Тавҳидул асмо вас сифот”: Аллоҳ таолонинг исмлари ва сифатларида ягоналиги, булар Ўзигагина хослигига иқрор бўлиш. Қуръони карим ва саҳиҳ ҳадисларда баён қилинган Аллоҳ азза ва жалланинг исм ва сифатларига имон келтириш.

Аллоҳ таолонинг исм ва сифатлари кайфиятсиз, банданинг кўзи кўрган ёки хаёлига келган барча нарсаларникига ўхшамаган, Ўзи­нинг зоти илоҳийсига лойиқ ягоналигига ишониш.

Ояти каримада марҳамат қилинади:

«Аллоҳнинг чиройли исмлари бордир. Уни ўша (исм)лар билан атанг» (Аъроф, 180).

«Унинг мислидек бирор нарса йўқдир. У Эшитувчи ва Кў­рувчидир» (Шўро, 11).

Аллоҳ азза ва жалла зотида ҳам, исми сифатларида ҳам ҳеч бир махлуқига ўхшамас. Бундай ўхшашликдан У Зот покдир. У исм ва сифатларида мукаммал Зотдир.

Мана шу мазкур уч қисм тавҳидни яхшилаб тушуниб олган­дан кейин, тавҳидга зид бўлган барча фикр-тушунча ёки бирор хат­ти-ҳаракат ширк ҳисобланади. Эгаси эса мушрик дейилади.

Ширк нақадар катта гуноҳлиги ва банданинг Аллоҳ таолога қилган энг катта исёни эканини қуйидаги ояти каримадан би­либ оламиз:

«Албатта, Аллоҳ Ўзига (бирор нарсанинг) шерик қили­нишини кечирмас, шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган банда­сидан кечириб юборур. Ким Аллоҳга (бирор нар­сани) шерик қилса, бас, у катта, буюк бир гуноҳни тўқиб чиқарибди» (Нисо, 48-оят).

Банданинг Аллоҳ таолога қилган улкан исёни, катта гуноҳи сифатида зикр қилинган ширк ҳақида мазкур ояти каримада унинг кечирилмас гуноҳ экани билдирилмоқда. Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас.

Ширк – холиқликда, маъбудлик ва Рабблик жиҳатдан Аллоҳ­дан бошқани Унга шерик деб билишдир. Ким ширкка мансуб ана шундай ақидани ўзига муносиб кўрса ёки амалини қилса, мушрик ҳисобланади. Ширкнинг ҳар бир кўриниши катта зулмдир. Зулм бўлганда ҳам, Аллоҳга, Яратган Зотга, ҳисобсиз неъматлар ато қил­ган Розиқ Зотга нисбатан бўҳтондир. Ким ширк келтирса, ўзи би­лан Аллоҳ ўртасидаги алоқани узган бўлади. У энди Аллоҳ тао­ло­нинг мағфиратига лойиқ бўлмай қолади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ тао­ло мушрикларнинг қилган ширкини ҳеч қачон кечирмайди. Аммо имон билан ўтганларнинг – ширк келтирмаганларнинг (уш­бу ояти каримада айтилганидек) бошқа гуноҳлари бўлса, шулар­дан хоҳлаган бандасини мағфират қилаверади. Имом Термизий (раҳ­ма­туллоҳи алайҳ) ривоятида келишича, ҳазрат Али (Аллоҳ ун­дан рози бўлсин) бундай деган:

“Менга Қуръонда мана шу оятдан кўра маҳбуброқ оят йўқ”. Демак, Али (розияллоҳу анҳу) Қуръони каримнинг барча оятла­ри­га му­ҳаббати бўлгани ҳолда ушбу ояти каримани кўпроқ ях­ши кўр­ган. Бу бежиз эмас, албатта, чунки бунда Аллоҳ таоло ширк­дан бош­қа гуноҳларни фақат Ўзи хоҳ­лаган бандасиникини кечи­риб юборишни ваъда қилди. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)дек биз ҳам Аллоҳ таолонинг мана шу марҳаматини севишимиз, ундан умид қилишимиз лозим бўлади.

«Албатта, кимдаким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Золим­лар учун ҳеч қандай ёрдамчи бўлмас» (Моида, 72).

Аллоҳ таоло қиёмат куни аввалгию охирги бандалари усти­да ўқийдиган ўзгармас ҳукмларидан бирини мана шу ояти ка­римада баён қилади. Ҳа, ким бўлишидан, қайси пайғамбар умма­ти бўлишидан қатъи назар, Яратган Раббисига нисбатан ширк кел­тириб, мушрик бўлса, у Аллоҳ наздида золимлардан ҳисобланади ва жаннат роҳатидан абадул абад маҳрум қилинади, унга Аллоҳ томонидан ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмайди. Магар ким ҳаёти даврида каттаю кичик қилган ширкидан қайтса, тавба қилиб, соф ақида ва мустақим йўлга ўтса, ояти каримада зикр қилинган зо­лимлар рўйхатидан ўчирилади.

Зулмлар ичида энг катта зулм – ширк.

Адолатлар ичидаги энг катта адолат – тавҳид.

Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳам ширк ва унинг оқибати ҳақида бир неча ҳадиси шарифларни баён қилганлар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтади: «Бир киши Пайғамбар (алайҳиссалом)дан: “Ё Расулуллоҳ! Аллоҳнинг ҳузу­рида энг улкан гуноҳ қайси?” деб сўради. Пайғамбар (алайҳисса­лом): “Сени йўқдан бор қилган Аллоҳга ширк келтиришинг!” де­дилар. Ҳа­ли­ги киши: “Кейин-чи?” деди. Ул зот (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам): “Таомингга шерик бўлишидан қўрқиб болангни ўл­ди­ри­шинг!” “Ке­йин қайси?” деди. Пайғамбар (алайҳиссалом): “Қўш­нингнинг аёли билан зино қилишинг”, деб жавоб бердилар» (Муттафақун алайҳ).

Пайғамбар (алайҳиссалом) гуноҳи кабиралар ҳақида гапир­ган­ларида ҳамиша ширкни биринчи ўринда зикр қилганлар. Аллоҳ таоло барча махлуқотларни, жумладан, одамни ҳам ёлғиз Ўзи яратгани ҳолда уларнинг У Зотга шерик исбот қилиши, Ундан бош­қага сиғиниши, Уни қўйиб бошқадан мадад сўраши нафақат ширк, балки куфр ҳам ҳисобланади.

Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу) айтади: «Пайғамбар (алай­ҳиссалом): “Катта гуноҳлар Аллоҳга ширк келтириш, ота-она­га оқ бўлиш, ноҳақ одам ўлдириш. Ёлғон нарсага рост деб қа­сам ичиш”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: «Пайғамбар (алайҳис­салом): “Еттита ҳалок қилувчи нарсалардан узоқлашинг!” де­ди­лар. “Улар нима, ё Расулуллоҳ?” деб сўрашди. Пайғамбар (алай­ҳиссалом): “Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр-жоду қилиш, ноҳақ одам ўлдириш, судхўрлик қилиш, етим моли (ҳақи)ни ейиш, жанг майдонини ташлаб қочиш, покиза ва тўғри юрган мўмина аёл­ларни фоҳишаликда айблаш”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар (алайҳиссалом): «Сизларда бўладиган ширк чумоли­нинг юришидан ҳам махфийроқдир. Мен сенга бир нарса ўрга­таман, уни қилсанг, сендан катта ва кичик ширкни кетказур: “Ё Аллоҳ! Мен Сендан ўзим билганим ҳолда, бирор нарсани Сен­га ширк келтиришдан паноҳ тилайман ва билмаганим учун истиғ­фор қиламан”, дегин» дедилар (Имом Бухорий ривояти).

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” (1-жилд) китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 34000 сўм