Мақолалар

Ўлим келишидан олдин ҳаётни қадрла

Чоп этилди Iyul 9, 2019 Ўлим келишидан олдин ҳаётни қадрлаda fikr bildirishni o'chirish

Ўлим ва ҳаёт дунё ва охират демакдир. Улар бир-бирига боғлиқ икки диёр. Дунё – ҳаёт ва фонийлик диё­ри бўлса, охират – жазо ва боқийлик диёридир. Дунё амалларимиз экин­зо­ри бўлса, охират – экинларимиз хир­мони. Аллоҳ таоло бу икки диёр ҳақиқати­ни қуйидагича баён қилади:

Яъни: (У) сизларнинг қайси бирингиз чирой­лироқ (савоб­лироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир. У Азиз (қудратли) ва Кечирим­лидир” (Мулк, 2).

Оятда келган тартибга биноан, аввало, ўлим ва унинг ҳақиқати борасида қисман тўхталиб ўтиш мақ­сад­га муво­фиқдир.

Ўлим банданинг дунёдаги ҳаётини ниҳоялайди. Бу Аллоҳ таолонинг барча бандалари устидан ўз ажал­ла­ри етганида келадиган ва азалдан жорий қилиб қўй­ган ўзгармас ҳукмидир. Раъд сурасининг 38-оятида:

Яъни, “…Ҳар бир вақт учун (муносиб) битик (ҳукм) бордир”, дея бу дунё ҳаёти вақтининг ҳам тугаши муқаррар эка­ни эслати­лади.

Бошқа бир оятда бу маъно янада очиқроқ баён қилинади:

Яъни:(Ер) юзидаги барча мавжудот фонийдир. Улуғ­лик ва икром соҳиби бўлмиш Раббингизнинг «юзи» бо­қий қолур” (Ар-Раҳмон, 26–27). Боқийлик, абадийлик ва аба­дий ҳа­ёт Аллоҳга хос. Қолган барча махлуқ борки, ўлимга маҳ­кум, ўлим шарбатини албат­та тотади.

Аллоҳ таоло Ўзининг набийи, барча махлуқотлари ичи­дан са­ралаб олгани Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам)­га ҳам:

Яъни:(Эй Муҳаммад!) Албатта, Сиз ҳам ўлув­чидирсиз, улар (мушриклар) ҳам ўлувчидирлар” (Зумар, 30), деб хитоб қилган.

Демак, ўлим барчамизнинг бу дунёдаги ҳаёти­миз­ни ни­ҳоясига етказувчи, бир ҳолатдан иккинчи ҳолат­га ўтказувчи ва амал диёридан ҳисоб диёрига кўчи­рув­чидир. Шоир айтга­нидек:

Аждодлар сингари биз ҳам омонат,

Замон-чи, қолади тонгла қиёмат.

Кундузлар ўтади, кеча қайтади,

Қуёш ботганида, Ой қолар албат.

Энди бир куни барчамизнинг бошимизга келадиган ўлим­га ҳозирлик кўришимиз учун вақтинча омонат қилиб берилган ҳаёт ҳақида фикр юритайлик. Ҳаёт аслида бизга берилган улкан неъмат, боқий ва ҳақиқий охират диёрига тайёргарлик фурсати, унумли фойдаланиб қолинмаса, кейин надомат чекишга сабаб бўладиган ғанимат.

Ҳақиқий имон эгаси ҳаёт ҳақиқатини Қуръон оят­лари ор­қали англашга ҳаракат қилади. Аллоҳ таоло бундай баён қилади:

Яъни, “Билингизки, бу дунё ҳаёти фақат ўйин, беҳу­далик, зийнат, ўзаро фахрланиш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдан иборатдир. (У) бамисоли бир ёмғирки, унинг (сабабидан униб чиққан) гиёҳ кофирларни таажжубга солур. Сўнгра у қуригач, уни сарғайган ҳолда кўрасиз. Сўнгра у ўтин бўлиб қолур. Охиратда эса (қай бирларингиз учун) қаттиқ азоб, (қай бирларингиз учун) Аллоҳ томонидан мағфират ва ризо­лик бордир. Дунё ҳаё­ти фақат алдов матоҳидир(Ҳадид, 20).

Дунё ҳаёти билан охират ҳаётини қиёслаб келган бу каби оятларни Қуръоннинг 64 жойида учратамиз. Ҳар бир ақл эгаси имони ва тафаккури даражасига қа­раб, улардан хулоса чиқа­риб олиши мумкин.

Шубҳасиз, ҳаёт ғанимат, қанчалик узоқ яшамай­лик, барибир бир куни бу дунёни ташлаб кетамиз. Айни ҳақиқатни ҳар куни кў­риб, ҳар соат ҳис қилиб тура­миз. Сўнг боқий, ниҳоясиз, мангу ҳаётга – охират ҳаё­тига кўчиб ўтамиз. Шунга ишора қилиб, Пайғамба­ри­миз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Ақлли ки­ши ўз нафсини ҳисоб-китоб қилиб, ўлим­дан кейинги нар­са учун амал қилган кишидир” (Имом Терми­зий ри­во­я­ти).

Аллоҳ таоло бизни бу ҳаёти дунё билан алданиб қол­мас­ликка чақириб, тўплаган мол-дунёимиз ва қол­дирган фарзандларимиз ўзимизга қарши ҳужжат бў­лишидан огоҳ этиб, марҳамат қилади:

Яъни: «Эй имон келтирганлар! На мол-дунёла­рингиз ва на фарзандларингиз сизларни Аллоҳ­нинг зикридан (Унга ибо­дат қилишдан) чалғитиб қўй­масин! Кимки шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўрувчи кимсалардир. Сизларнинг (ҳар) бирингизга ўлим келганда: Эй Раббим! Мени озгина (тирик) қолдирсанг-чи, мен садақа қилиб, солиҳ (банда)лардан бўлсам!” деб қолишидан илгари Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилингиз! Аллоҳ бирор жонни ажали келганида кечга қолдирмас. Аллоҳ қилаётган (барча) амалларингиздан хабардор­дир» (Мунофиқун, 9–11).

Ҳаётда ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишимизга, ҳа­ми­ша дини­миз, халқимиз ва Ватанимиз учун манфа­ат­ли, хайрли амаллар устида бўлишимизга ҳамда ўзимиз­дан кўра муҳтожроқ кишиларга хайр-саховат кўрса­ти­ши­мизга ҳеч нарса тўсиқ бўлмаслиги керак. Айни шу ишларимиз ўлимга тайёргарли­гимиз бўлади.

Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қи­ли­на­ди: Пай­ғам­баримиз (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам)­дан: “Қандай мў­мин аф­залроқ?” деб сўрашди. У зот: “Хулқи гўзал бўлгани”, деди­лар. Ва яна: “Қандай мў­мин ақллироқ?” дейишди. Шунда у зот: “Ўлимни кўп эс­лаб, унга чиройли тайёргарлик кўргани”, де­дилар.

Ўлим фақат дунё ҳаётимиз ниҳояси бўлмасдан, балки кў­чиш босқичи ҳамдир. Бу тўғрида Аллоҳ таоло ин­соннинг ярати­лиш босқичларини зикр этганидан ке­йин, бундай хабар беради:

Яъни, “Сўнгра, албатта, сизлар (эй инсонлар!) ма­на шундан кейин, албатта, вафот этувчидирсиз. Сўнгра сизлар, албатта, қиёмат куни қайта тирилурсиз(Муъминун, 15–16).

Биз, инсонлар бу дунёдан Аллоҳ биздан рози бўлган ва гу­ноҳларимиз кечирилган ҳолда чиқмоқчи ҳамда амал диёри­дан ҳисоб диёрига кўплаб яхшиликлар билан бормоқчи экан­миз, ўлимни унутмаслигимиз ло­зим.

Ҳаётимиз давомида қиёмат кунини ва ушбу кун­нинг би­ринчи босқичи бўлган ўлимни эслаб туриш ни­ҳо­ят­да му­ҳимдир. Усмон ибн Аффоннинг озод қилган чўриси Умму Ҳоний айтади: «Усмон (розияллоҳу анҳу) бирор қабр олдига келсалар, йиғлаб, ҳатто соқоллари ҳўл бўлиб кетар эди. Шунда у кишига: “Жаннат ва дў­зах зикр қилинганида йиғламайсиз, аммо қабрни эс­лаб йиғлайсиз?!” дейилди. Усмон (розияллоҳу анҳу): “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Қабр охират манзилларининг биринчисидир. Ким ундан нажот топса, кейингилари осондир. Аммо ундан на­жот топол­маса, кейингилари унга ниҳоятда қийиндир”, де­ган­ларини эшитганман”, дедилар».

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен қабр­дан ҳам кўра қўрқинчлироқ манзарани кўрма­ганман”, деди­лар (Имом Термизий ривояти).

Қабр ва ундан кейинги ҳолатлар нақадар хатарли экани­ни яхшилаб идрок этмоқчи эканмиз, келинг­лар, Баро ибн Озиб (ро­зиял­лоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадис­га қулоқ тутайлик. У ки­ши айта­ди­лар: “Биз ансорлардан бўлган бир кишининг жанозасида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга иштирок этдик. Қабристонга бориб, маййит лаҳадга қўйилгач, Расу­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўтирдилар. Биз ҳам атрофларига ўтирдик. Бошимизга худди қуш қўнгандек ўтирар эдик. У зотнинг қўлларида асо бў­либ, у билан ер чизиб ўтирардилар. Сўнг бошларини кўта­риб икки ёки уч маротаба: “Қабр азобидан Аллоҳ пано­ҳи­ни сўранглар”, дедиларда, яна давом этдилар: «Албатта, мўмин банда дунёдан узи­либ, охиратга юзланиб турган вақти­да самодан юзлари оппоқ бў­либ, худди қуёшдек порлаб турган фаришталар қўлларида жаннат ка­фа­ни ва жаннат хушбўйлиги билан тушиб, унинг олдига ўти­ри­ша­ди. Ке­йин ўлим фариштаси келиб: “Эй пок нафс, Аллоҳнинг мағфирати ва розилиги томон чиқ”, дейди. Шунда унинг руҳи (жо­ни) худди идиш оғзидан сув оқиб чиққандек (осон) чиқади. Фаришталар унинг жонини олишгач, бир лаҳза ҳам қолдирмас­дан, уни ана шу кафан ва хушбўйликка чулғашади. Ундан мушк ҳиди­дек хушбўйлик та­ра­либ, бутун ер юзини тутиб кетади. Сўнг уни (осмонга) кўтаришади. Бирор фаришталар жамоаси олдидан ўтиб қолса, улар: “Бу қандай пок руҳ?” дейишади. Руҳни олиб кетаётганлар: “Фалончи­нинг ўғли фалончи”, деб уни ­­дунёдаги энг гўзал исмлар билан аташади. Юксалиб, дунё осмонига етишга­ни­да, уларга осмон эшиклари очилиб, то еттинчи осмонга­ча кўтарилишади. Ҳар осмонда ўша осмон фаришталари уни кузатиб боришади. Еттин­чи осмонга етганида Аллоҳ таоло: “Бандамнинг китобини Иллийюн­га (Иллийюн – яхши, солиҳ кишилар қилган амаллар ёзилиб туради­ган китоб бўлиб, еттинчи осмонда сақланади)” ёзиб қўйинглар ва уни ерга қайтаринглар. Мен уларни ердан яратдим, ерга қайтараман ва кейин яна ердан чиқара­ман”, дейди. (Ерга туширилиб, қабрда) ру­ҳи жасадга қайтарилганида, унинг олдига икки фариш­та келиб, ўтқазишиб, сўрашади: “Раббинг ким?” У: “Раббим Аллоҳ”, дейди. Улар: “Дининг нима?” дейи­шади. У: “Диним Ислом”, дейди. Улар Ҳазрат Муҳам­мад (алайҳиссалом) ҳақларида: “Сизларга юборилган бу киши ким?” дейишади. У: “Аллоҳнинг элчиси”, дейди. Улар: “Буни нима орқали билдинг?” дейишади. У: “Аллоҳнинг Китобини ўқидим. Уни тасдиқ этиб, имон келтирдим”, дейди. Шунда самодан бир нидо қилувчи нидо қилиб: “Бандам тўғри айтди. Унга жаннатдан тў­шак тўшанглар. Жаннатдан ки­йим кийгизинглар. Унинг учун жаннат­дан туйнук очиб қўйинглар”, дейди. Бас, унга жаннат раҳматидан ва хуш бўйидан келиб туради. Қабри кўзи етган жойгача кенгаяди. Сўнг­ра унинг олдига гўзал юзли, чиройли кийимли ва ёқимли ҳид­ли киши келиб: “Сени хурсанд қиладиган башорат­ни бераман. Бу сенга ваъда қилинган кундир”, дейди. Шунда у: “Сен кимсан? Юзинг яхши­лик ку­тиладиган юз­дир”, деб сўрайди. Келган киши: “Мен сенинг (дунёда қил­ган) солиҳ амалингман”, дейди. Шунда (мўмин) руҳ: “Раббим, қиёматни қўптир, токи мен аҳлим ва молим ол­ди­га қайтайин, дейди».

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна айтдилар: «Ал­батта, кофир банда дунёдан узилиб, охират­га юзланиб турган вақ­ти­да самодан қора юзли фариш­талар қўлларида дағал мато билан тушиб, ундан узоқ­роққа ўтиришади. Сўнг ўлим фариштаси унинг боши олдига келиб: “Эй хабис (ифлос) нафс! Аллоҳнинг ғаза­би ва қаҳри томон чиқ”, дейди. Бас, (руҳи) ажраб, худди сих ҳўл юнгдан суғуриб олинганидек тортиб олинади. Олишлари биланоқ уни ана шу дағал матога қўйишади. Ундан ўлимтик ҳидидек ёқимсиз ҳид чиқиб туради ва ер юзи­ни тутиб кетади. Сўнг уни (осмонга) кўтаришади. Бирор фаришталар жамоаси олдидан ўтиб қолсалар, улар: “Бу қандай хабис руҳ?” дейишади. Руҳни олиб кетаётганлар: “Фалончининг ўғли фалончи”, деб уни дунёдаги энг хунук исмлар билан аташади”. Кўтарилиб, дунё осмонига етишганида, унинг учун осмон эшик­лари очилмайди».

Сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

“Албатта, оятларимизни ёлғонга чиқарган ва улардан кибр­ланиб бош тортганлар учун осмон эшиклари сира очилма­гай ва нина кўзидан туя ўт­магунга қадар жаннатга кир­мас­лар. Жиноятчиларни ана шундай жазолагаймиз” (Аъроф, 40) ояти­ни ўқидилар.

«Бас, Аллоҳ таоло: “Унинг китобини ернинг энг тубидаги Сижжинга (Сижжин – кофир ва фосиқ кишилар қилган амал­лар ёзилган китоб, етти қават ер остида сақланади) ёзиб қў­йинглар”, дей­ди. Шунда унинг руҳи улоқтириб юборилади».

Сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уш­бу оят­ни ўқидилар:

“…Кимки Аллоҳга ширк келтирса, бас, у гўё осмондан қу­лаган ва уни қушлар (ўлжа қилиб) олиб кетган ёки уни (қаттиқ) шамол йироқ жойга учи­риб кетган (жонсиз нарса) кабидир” (Ҳаж, 31).

«Кейин (қабрда) унинг руҳи жасадига қайтарилиб, икки фаришта келиб, уни ўтқазиб: “Раббинг ким?” деб сўрайди. У: “А, а… билмайман”, дейди. Улар: “Дининг нима?” дейишади. У: “А, а… билмайман”, дейди. Улар: “Сизларга юборилган бу киши ким?” де­йишади. У: “А, а… билмайман”, дейди. Шунда самодан бир нидо қилувчи нидо қилиб: “У ёлғон айтди. Унга дў­захдан тўшак тў­шанглар. Унинг учун дўзахдан туйнук очиб қўйинглар”, дейди. Бас, унга дўзах алангасидан ва иссиғидан уфуриб турилади. Қабри торайиб, ҳат­то қовурғалари бир-бирига киришиб кетади. Сўнгра унинг олдига хунук юзли, кўримсиз кийимли ва сассиқ ҳид­ли ки­ши келиб: «Сени ғамга ботирадиган “башорат”ни бераман. Бу сенга ваъда қилинган кундир”, дейди. Шун­да у: “Сен кимсан? Юзинг ёмонлик кутиладиган юз­дир”, деб сўрайди. Келган киши: “Мен сенинг (дунёда қил­ган) ёмон амалингман”, дейди. Шунда (кофир) руҳ: “Раб­бим, қиёматни қўптирма”, дейди».

Юқорида келтирилган ривоятлардан маълум бў­ла­дики, қабрда ҳам ўзига хос бир ҳаёт бор. Шу орқали, гарчи жисмлар парчаланиб кетган бўлсада, неъмат ва азоб таъсири идрок қилинади. Албатта, бу бизга маъ­лум бўлмаган ва кайфияти борасида баҳс қилинмай­ди­ган, лекин бўлиши муқаррар ишдир. Бу тушида лаззат ёки аламларни кўриб ухлаб ётган киши ҳолатига ўх­шай­ди. Айни пайтда унинг атрофидаги бошқа кишилар ҳеч нарсани кўриш­май­ди. Қабрдаги ҳолатлар ва овоз­лар биз, бандаларга раҳмат юза­сидан кўрсатилмайди ва эшиттирилмайди. Пайғамбаримиз (соллал­лоҳу алай­ҳи ва саллам): “Агар бир-бирларингизни дафн қил­ма­ган­ларингиз­да эди, Аллоҳдан сизларга қабр азо­бини эшит­тири­шини сўраган бў­лар эдим”, деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).

Бу қабр ҳолати. Аммо ундан кейинги қайта тирилиш, жамланиш, ҳисоб, мезон, Сирот кўпригидан ўтиш ҳолатлари қан­дай бўлади? Сўнг булардан кейинги жаннат ёки дўзахчи? Аллоҳ тао­ло айтади:

Яъни: “Бас, ўшанда ким (дунёда) ҳаддан ошган ва дунё ҳа­ётини (охиратдан) устун қўйган бўлса, у ҳол­да, фақат жа­ҳан­намгина (унга) макон бўлур. Аммо ким Парварди­го­рининг (ҳу­зурида) туриши (ва ҳисо­бот бериши)дан қўрқ­қан ва наф­си­ни ҳа­воланиш­дан қайтарган бўлса, бас, фа­қат жаннатгина (унга) макон бўлур” (Нозиот, 37–41).

Асмаъий (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай воқеани ривоят қила­ди: «Бир йигит қабр ва охиратда бўладиган ҳолатлардан қўрқув­га тушиб, ўз ҳолатидан шикоят қи­либ йиғлаётган эди. Сўнг ҳу­шидан кетиб йиқилди. Олдига яқин бориб қарасам, у ҳазрат Али (розиялло­ҳу анҳу)нинг неваралари Зайнулобидин (раҳматул­ло­ҳи алайҳ) экан. Бошини бағримга қўйиб, мен ҳам йиғ­ла­дим. Кўз ёшларим оқиб, унинг ёноғига тушди. Шунда у ўзига келиб, кимлигимни сўради. Мен ўзимни таништириб: “Эй саййидим! Ни­ма учун бунчалар тўлиб-тошиб йиғ­ламоқдасиз? Сиз Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алай­ҳи ва саллам)­нинг аҳли байтидансиз-ку. Аллоҳ тао­ло: “Эй (Пайғамбарнинг) хонадон аҳли! Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни обдон поклаш­ни истайди, холос” (Аҳзоб, 33), деб айтган бўлса, дедим. У: “Ундоқ эмас, албатта, Аллоҳ таоло жаннатни, гарчи ҳабаший қул бўлса ҳам, Ўзига итоат қилган кишига яратди. Ва дўзахни эса, гарчи қурайшлик ҳур бўлса ҳам, Ўзига осийлик қилган кишига яратди. Аллоҳ тао­ло: “Бас, қачон сур чалинганида (қиёмат бошланга­нида), ана ўша куни уларнинг ўрталарида (ҳеч қан­дай) насаблар қолмас ва улар ўзаро савол-жавоб ҳам қи­ла олмаслар. Бас, кимларнинг (яхшилик) тарозу­ла­ри оғир келса, бас, ўшалар­гина нажот топувчи­лар­дир(Муъминун, 101–102) деб айтмаганми?! Ёки Расу­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен сизлардан кў­ра Аллоҳдан қўрқувчингизман”, демаганмилар?!” деди. Сўнг яна йиғ­лаб: “Эй сен! Пайғамбар (соллалло­ҳу алайҳи ва саллам) қизлари Фотима (розияллоҳу ан­ҳо)га: “Амал қилгин, албатта, мен Аллоҳдан (сўраб) сени бирор нарсадан беҳо­жат қила олмайман”, деган­ларини эшитмаганмисан?!” деди».

Умар ибн Абдулазиз уламоларни ҳузурларига ча­қириб, улар билан ўлим ва қиёмат ҳолатларини эсла­шар, сўнг худди кўз ол­ди­ларида жаноза тургандек эзилиб йиғлашар эди.

Улуғ зотлардан Мансур ибн Аммор (раҳматуллоҳи алайҳ) риво­ят қилади: «Мен Куфа шаҳрига кириб, тун зулматида кетаётган эдим, бирдан бир ҳовли ичкарисидан ғам чекиб йиғлаётган киши овозини эшитиб қол­дим. У: “Аллоҳ! Иззатинг ва улуғлигинг ҳақи, мен қил­ган гуноҳларим билан Сенга қарши чиқишни хоҳ­ла­мадим. Балки мен нодонлигим сабаб­ли гуноҳ қилдим. Энди Сенинг азо­бинг­дан мени ким қутқаради? Агар Сен мендан ар­қонингни уза­ди­ган бўлсанг, мен кимнинг арқонини ушлайман? Эвоҳ, гуноҳ­ларим… Аллоҳ… Ўзинг нажот бер…”, деб нидо қилар ва қаттиқ изти­робга тушиб, беихтиёр қичқирар эди. Унинг бу гап­ла­ри мени ҳам йиғлатди. Огоҳ тортиб, Аллоҳ тао­лонинг: “Эй имон кел­тирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзо­ла­рин­гиз­ни ёқилғи­си одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлан­гиз­ки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсиз­лик қилмайди­ган, фақат буюрилган ишни қиладиган фариш­та­лар (хизмат қилурлар)” (Таҳрим, 6), деган ояти­ни ўқидим ва йўлимда давом этдим. Тонг отгач, ўша кишининг ҳовлисига келдим. У вафот этган, одамлар уни жано­за­га ҳозирлаётган экан. Бир кампир йиғлаётган эди. Унинг ким эканини сўрасам, онаси, дейишди. Мен ундан ўғли ҳақида сўрадим. У: “Ўғлим кундузи рўза тутар, кеча­лари намоз ўқир эди. Ҳалол касб қилиб, топганини уч қисм­га бўлар: бир қисмини ўз эҳтиёжи учун, бир қис­ми­ни менинг эҳтиёжим учун ажратар ва яна бир қис­мини садақа қилар эди. Кеча тунда бир инсон Қуръон қироат қи­либ ўтаётганида, унинг тиловатини эшитиб, ўғлим­нинг жони узилди”, деди».

Суфён Саврий (раҳматуллоҳи алайҳ)га ўлим ҳақи­да эслатилса, бир неча кун қаттиқ ғамга ботар, бирор сўз демасди. Ҳеч нарса еб-ичмас эди… Агар ушбу кунлар ичида ундан би­рор нарса ҳақида сўралса, “билмай­ман”, деб жавоб берар эди.

Фузайл ибн Иёз (раҳматуллоҳи алайҳ)га ўлим эслатили­ши билан изтироби ортиб, худди бўғимлари узилиб кетадигандек титроққа тушар эди.

Юсуф ибн Асбат (раҳматуллоҳи алайҳ) қабристонга жанозани кузатиб борса, ўзлари ҳам салкам ўлим ҳолатига тушиб қолар ва уни маййит олиб борилган тобутга солиб уйига келтиришарди.

Дарҳақиқат, ушбу ҳолатлардан ўзимиз учун керагича ибрат олишимиз лозим. Бу ҳаёти дунёда абадий яшайман, деб ўйла­маслигимиз керак. Бу дун­ёда худди бошқа юртда туриб, ўз Ватанига қайтишга муштоқ бўлаётган мусофир каби яшашга ҳаракат қилайлик. Буни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таъбирлари билан айтганда, дунёдаги ҳаётимиз йўл юриб, йўлда бир дарахт соясида озгина дам олиб, сўнг яна йўлида давом этган мусофир кабидир. Ана шу дарахт соясида ўтирилган муддат дунёдаги яшаш муддатимиздир. Кўзлаган манзилига етмоқчи бўлган одам дарахт соясида дам олиш учун кўп ўтира олмаганидек ёки ўша жойда абадий қолмаганидек, биз ҳам гўё дарахт сояси бўлган бу дунёда узоқ ёки абадий қололмаймиз.

Албатта, бу дунёдаги фурсатимизни ғанимат билиб, уни қўл­дан бой бериб қўймаслигимиз лозим. Аллоҳ тао­­лога йўлиқиш­га доим тайёр туриб, ана шу учра­шув учун етарли ҳозирлик кўриши­миз зарур. Дунёдан худ­ди Билол (розияллоҳу анҳу) сингари хурсанд ҳолда ке­тиш барчамизга насиб қилсин. Ри­во­ят қилинишича, Билол (розияллоҳу анҳу) ўлим тўшагида ёт­ганларида қизи: “Эй ота­жоним… қандай мусибат… қандай ғам­гин­лик…”, деб йиғлади. Шунда Билол (розияллоҳу анҳу) қизига танбеҳ бериб: “Бу гапларни айтмагин. Бу кундан кейин отанг­га мусибат йўқ… Бу кун дўстларга йўлиқа­миз… Бу кун Муҳам­мад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ва у зотнинг дўстларига йўлиқа­миз”, дейди.

Аллоҳга йўлиқишдан фақат хурсанд бўлиш эмас, балки буни чин кўнгилдан исташ, яхши кўриш ҳам керак. Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қи­лин­ган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам) бундай мар­ҳамат қиладилар: “Ким Аллоҳ­га йў­ли­қишни яхши кўрса, Аллоҳ (ҳам) унга йўлиқиш­ни ях­ши кўради. Ва ким Аллоҳга йўлиқишни ёмон кўр­са, Аллоҳ (ҳам) унга йўлиқишни ёмон кўради”.

Салафи солиҳларимизнинг бутун ҳаётлари Аллоҳга ибодат ва Расулига итоат қилиш билан ўтган бўлса-да, ўлим ва қиёмат эс­латилганида, беҳушлик ҳолатига тушиб қолишлари ҳамда соғлом қалб ва комил имон соҳибини ларзага соладиган хатти-ҳа­ра­кат­лари, албат­та, кишини ўйлантириб қўяди. Биз ҳам ана шундай ҳа­ёт кечиришимиз билан бирга, баъзи ҳолатларда содир қилиб қўй­ган гуноҳларимиз мағфирати учун Аллоҳ­нинг раҳматидан но­умид бўлмаслигимиз керак. Раҳ­мон ва Раҳим сифатлари бор Аллоҳ таолонинг раҳмати кенг­дир.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

Яъни: (Эй Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қил­ган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳ­матидан но­умид бўл­мангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағ­фи­рат қилур. Албатта, Унинг ўзи мағфиратли ва раҳмли Зотдир” (Зумар, 53).

Бу оятни Ибн Касир (раҳматуллоҳу алайҳ) тафсир қилиб айтадилар: “Ушбу оят кофирлар учун ҳам, мў­минлар учун ҳам баробар даъватдир. Зеро, куфр ва ширкдан бу дунёда тавба қилиб, имон келтирган кишининг тавбаси ва имони қабул бў­лиши аниқ. Шунингдек, мўмин бўлатуриб, дарёнинг кўпиги­дек кўп гуноҳ қилган кимсанинг гуноҳларини ҳам Аллоҳ тао­­ло ўз фазли билан кечиб юбориши мумкин экани оят ва ҳадис­лар­дан маълумдир”.

Айни шу маъно Ҳижр сурасининг 56-оятида Иброҳим (алайҳиссалом) тилидан қуйи­да­гича таъкидланади:

“У (Иброҳим) деди: «Парвардигорининг раҳма­ти­дан фа­қат гумроҳ кимса­ларгина ноумид бўлурлар”.

Бу маъноларни қудсий ҳадисларда ҳам кўришимиз мум­кин:

Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бундай деганларини эшитдим: “Аллоҳ таоло айтади: “Эй Одам фарзанди! Сен Менга дуо қилмаган ва Мендан умид этмаган бўлсанг-да, Мен сендан содир бўлган (гуноҳ­лар)ни кечирдим, парво қилмадим. Эй Одам фар­зан­ди! Агар гуноҳларинг осмон қатларигача етган бўлиб, сўнг мағфират сўрасанг, сени мағфират қиламан. Эй Одам фарзанди! Агар Менга ҳеч бир нарсани шерик қилмаган ҳолда ер тўлалигича хатолар билан келиб, Менга йўлиқсанг, ана шу хатоларинг эвазига мағфи­рат бераман”» (Имом Термизий ривояти).

Демак, Аллоҳнинг раҳматидан умид узмасдан, доим гуноҳ­ла­римизни кечиришини сўрашимиз керак. Ҳуд сурасининг 3-ояти­да айни шундай қилишга буюрилганмиз:

Яъни: (Аллоҳ буюрадики), Раббингиздан мағ­фи­рат (кечирим) сўрангиз, сўнгра Унга тавба қи­лингиз, шунда (У) сизларни маълум муддат (ажалларингиз охири)гача чиройли баҳра билан баҳраманд қилур ва ҳар бир фазлли (карамли, сахий) кишига Ўз фазлини ато этур. Агар юз ўгирсангиз, бас, мен сизларга Улуғ кун (қиёмат) азоби (етиши)дан қўрқаман”.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм