Мақолалар

Фарз намозини қасддан тарк қилма

Чоп этилди Iyul 9, 2019 Фарз намозини қасддан тарк қилмаda fikr bildirishni o'chirish

Ҳадиси шарифнинг шу қисмида Пайғамбаримиз (соллалло­ҳу алайҳи ва саллам) банданинг Аллоҳ таоло билан бўлган ало­қа­сини узиб ташлайдиган жуда катта маъсият ва гуноҳдан огоҳ­лантирганлар. Бу гуноҳ Аллоҳ таолонинг Ўзига ибодат қилиш ҳақидаги буйруғига “Лаббай” деб итоат қилмай, балки қалбим пок бўлса, шу кифоя деган шайтоний васвасага алда­ниб қолиб, намозни қариганимда ўқийман, деб юрувчи ғофиллар ишидир.

Намозни адо қилиш амр этилган оятлар ва ҳадиси шариф­лар жу­да кўп бўлиб, уларни кўриб, эшитиб билма­ган­ликка олувчи мусулмон­ларга Пайғамбаримиздан кўп­лаб огоҳлантиришлар ривоят қилин­ган. Улардан би­рида Ра­су­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг: “Биз билан улар орасидаги (аҳд) намоздир”, деган сўз­лари айтилади.

Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши билан Исломда бўлма­ган одамнинг фарқи намоз ўқишда экани таъкидланяпти. Яъни, намоз ўқимаса, кофир бўлмай­ди, лекин катта гуноҳ қил­ган бўла­ди. Чунки намоз Ислом дини арконлари­нинг Аллоҳ таолога имон келтиришдан кейинги асо­сий қисмидир. Мазҳаб уламолари намоз­ни тарк қилув­чининг ҳукми ҳақида бир неча хил сўз айтганлар. Уларнинг энг енгилида намознинг фарзлиги эътироф этилган ҳолда, дангасалик сабабли на­моз ўқимайдиган одам фосиқ экани айтилган ва бунга ояти карима ва ҳадиси шарифлардан етарлича далиллар келтирилган.

Динимизда намоз ўқиш ана шундай жиддий таъ­кидлана­ди. Чунки юқорида айтиб ўтганимиз каби, бандани яратган, йўқдан бор қилган, унга ақл неъматини ато этган Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилишга, намоз ўқишга буюрган.

Намозни Аллоҳ таоло Исро кеча­си Пайғамбаримиз меърожга чиққанларида фарз қилган. Анас (розиял­ло­ҳу анҳу) бундай дей­ди: «Исро кечаси Пайғамбар (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам)га Аллоҳ таоло тарафидан эллик вақт намоз ўқиш фарз қилинди. Сўнгра камай­тирилиб-камайтирилиб, беш вақт бўлди. Сўнг нидо қи­ли­ниб: “Эй Муҳаммад, Менинг ҳузурим­даги гаплар ўзгармас, сенга мана шу беш вақт намоз билан эллик вақт намоз савоби берилади”, де­йилди».

Бу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам) билан Аллоҳ таоло ўртасида Исро кеча­си меърожда бў­либ ўтган воқеа ҳикоя қилиняпти. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га эл­лик вақт намоз фарз қилинганида, у зот ҳазрат Мусо (алайҳиссалом) тавсияси билан Аллоҳ таолога: “Менинг умматларим бунга тоқат қилолмай­ди”, деб беш вақт бўлгунга қадар қайта-қайта мурожаат этганлар.

Намоз мўминнинг меърожидир. Расулуллоҳ (сол­ла­лло­ҳу алай­ҳи ва саллам): “Бандадан қиёмат куни сў­раладиган нарсалар­нинг энг биринчиси намоз­дир. Агар у тўғри бўлса, қолганлари ҳам тўғри бўлади. Агар у бузилса, бошқалари ҳам бузилади”, де­ганлар. Пай­ғамбаримиз саҳобаларини дои­мо намоз ўқишга бую­рар эди­лар, ҳатто жон бериш арафаси – сўнгги нафасларида ҳам “намоз­ни, намозни… (сақланг…)”, деб такрор-такрор айт­ганлар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: “Ким намозни доимо сақласа, қиёмат кунида унга нур, ҳужжат ва нажот бўлади. Ким уни сақламаса, унга нур ҳам, ҳуж­жат ҳам, нажот ҳам йўқдир. (Бундай одам) Қиёмат ку­ни­да Қорун, Фиръ­авн ва Ҳомонлар билан бирга бўлади”, деганлар.

Намозни тарк қилишнинг қўрқинчли оқибатлари ҳа­қи­да инсониятнинг энг ростгўйи бўлмиш Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизларга шунча хавф-хатарлар ҳа­қи­да айтиб кетган бўлсалар-у, биз яна сусткашлик қиламизми, ёки “намоз ўқи­ма­сам ҳам бў­ла­веради”, деб ўзимизни овутамиз­ми?

Намозни тарк қилиш у ёқда турсин, ҳатто уни ўз вақтидан кечиктирмаслик ҳақида ҳам бир қанча оят ва ҳадислар мав­жуд. Жумладан, Қуръони каримда бун­дай дейилади:

Яъни: “Сўнгра уларнинг ортидан намозни зое қил­ган ва шаҳватларга эргашган кимсалар ўрин олди­лар. Энди улар, албатта, ёмонликка (ёмон жа­зо­га) йўлиқурлар” (Марям, 59). Яна:

“Бас, шундай намозхонлар ҳолига войки, улар намоз­ла­рини “унутиб” қўяди­лар” (Моъун, 4–5).

Шунинг билан бирга, намозни Аллоҳ таолога ихлос билан, чин қалб ила адо қилиш ҳам буюрилади. Қуръ­они каримда:

“Мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида ўзла­ри­ни камтар тутувчи­дир­лар…” (Муъминун, 1–2) дейилади.

Ушбу ояти каримада нажот топувчи мўминларнинг бир қанча сифатлари баён қи­линган. Энг аввало, на­мозларини хушу билан ўқишлари, тавозе ва камтарлик билан туришлари айтилган.

Абдуллоҳ ибн Ашъас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилин­ган ҳадисда бундай дейилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) рукуни мукаммал қил­масдан, саждани “чўқилаб” бажара­ёт­ган намоз ўқувчи бир кишини кўриб қолдилар ва “Агар бу киши мана шу ҳолатида ўлса, Муҳаммад уммати амалларидан бош­қа нарса устида ўлган бўлади”, дедилар ва “Рукусини мукаммал қилмайдиган, саждасини “чўқилайди­ган” одамнинг мисоли хурмодан бир-икки еб, ҳеч тўймай­ди­ган оч одамга ўхшайди”, дедилар.

Бундан ташқари, намозни жамоат билан ўқишга ҳа­ракат қи­лиш керак. Чунки Пайғамбаримиз (соллал­ло­ҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Кишининг жамоат билан адо қилган намози унинг уйида ё бозор­да адо қилган намозидан кўра йигирма беш баробар ус­тун бўлади. Чунки у таҳорат қилса ва уни чиройли бажарса, сўнг фақат намоз ўқиш ниятида масжидга чиқса, таш­лаган ҳар бир қадами туфайли унинг дара­жаси кўтарилади ва хатолари ўчирилади…”

Юқоридагилардан хулоса қилган ҳолда айтамиз, ҳар бир одам намозни доимо ўз вақтида, хушу ва хузу билан, иложи борича жамоатда адо этиб бориши керак.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм