Мақолалар

Ҳамма касб эгаларини четдан чақириб, халқ манфаати учун ишлатиш мумкин, аммо журналистни эмас

Чоп этилди Yanvar 5, 2019 No Comments

Таниқли адиб, ношир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Эркин Малик ЎзА мухбирига бугунги кун журналистикаси мезонлари ва замон журналисти қандай бўлиши керак эканлиги тўғрисидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

 

– Сизнингча, журналист ким, унинг жамиятдаги ўрни ва фаолияти ҳақида нима дея оласиз?

 

– Журналист доим жамиятнинг олди қатламида бўлиши керак, журналистика эса ҳар доим хоҳ шеър, хоҳ насрий асар бўладими, бошқа адабий жанрларни ҳам олдинга етакловчи, уларни олдинга одимлатувчи паравоз вазифасини бажарган.

 

Қайси бир ижодкорнинг тарихига эътибор қаратмайлик уларнинг аксарияти ижодини журналистикадан бошлаган, газета ва журналларда фаолият юритган. Масалан, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев, 40 дан ошиқ мамлакатларда китоби чоп этилган адиб, болалар ва катталарнинг севимли ёзувчиси ҳам дастлаб моҳир фельетончи бўлган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов ҳам дастлаб ишини “Темирйўлчилар” газетасидан бошлаган. Кейинчалик “Тошкент оқшоми” газетасида ўз фаолиятини давом эттирган. Бу қаторни давом эттирсак жуда кўп. Чунки кўплаб ижодкорларни айнан журналистика катта ҳаётга қадам қўйдирган.

 

Журналистикани тўртинчи ҳокимият деймиз. Бу дегани у ҳокимият даражасидаги соҳадир. Журналистикасиз ҳеч қайси давлат ривожланмаган. Ҳар бир мамлакатнинг давлатчилик тарихини кенг тарғиб қилиши ва уни жаҳонга бўй кўрсатишида журналист жонбозлик қилади. Бошқа ҳамма касб эгаларини четдан олиб келиб халқ манфаати учун ишлатиш мумкин. Аммо журналистни олиб келиб ишлатиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам биз доно, саводли, миллатни, халқни севадиган журналистларимизни қадрлашимиз керак.

 

– Бугун замон ўзгарди дейишади. Унга ҳамоҳанг ижоднинг шакли, ҳажми ва яратилиш усуллари ўзгарди. Давримиз журналистларининг ижодини кузата туриб кўнглингиздан нималар ўтади?

 

– Бугунги ёшларнинг ижодий фаолиятини кузатиб бораман. Уларга ақл ўргатишни эмас, тўғри йўл кўрсатишни ўзимизга бурч деб биламан. Биз босиб ўтган довонлар билан, бугунги кун журналистлари босиб келаётган йўллар орасида жуда катта фарқ бор. Илгари бирор нарсанинг моҳиятини ўрганмоқчи бўлсак, албатта, уни кўриб, у ҳақида тўлиқроқ ва батафсил маълумотларга эга бўлиб, кейин ёзар эдик. Масалан, биргина интенсив боғ ҳақида тушунчага эга бўлиш учун, албатта, ботаника боғига боришимиз шарт эди. Акс ҳолда у ҳақида ҳеч қаерда маълумот тополмасдик. Пахта ёки бошқа ўсимликлар ҳақида ёзмоқчи бўлсак ҳам далаларга чиқишимизга тўғри келарди. Ҳозир эса аксинча. Интернетда йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Биргина интенсив боғ ҳақида маълумотга эга бўлиш учун олим билан учрашишдан олдин интернетнинг ўзидан жавоб олиш мумкин. Ҳеч қаерга бормасдан туриб, кўчатнинг қаердан олиб келиниши, экилиш усуллари, парвариш шакллари, умуман, ҳаммаси ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлиш имкониятига эга. Энди журналист нима қилиши керак? Бу маълумот оддий фуқарода ҳам бор. Бизда эса аксинча эди. Маълумотни олиб оддий аҳолига, ўқувчига етказардик. Бугунги журналистдан эса маълумотни шу ҳолича ўқувчига етказиш эмас, жойларда бу билан боғлиқ ишлар қай даражада амалга ошириляпти, натижа қандай бўлаётгани ҳақида ахборот бериш керак. Бугунги журналистларимизда мулоҳаза ва таҳлил камдек, назаримда.

 

Ҳозир қаламкашлар учун барча имкониятлар яратилган давр келди. Улардан фақат маза қилиб ёзишлари, фикрини эркин баён этиш талаб этилади. Ҳозирги журналистларимизни кузатишим мобайнида шунга амин бўламан журналистларимиз ахборот оламида кўмилиб кетаётгандек туюлади. Уларда қандайдир ҳадик, қўрқув борлигини сезаман. Бу бежизга эмас чунки бугун ахборот кўп, уни оммага тақдим этувчилар ҳам. Оддий уй бекаси ҳам уйидан туриб таомлар ҳақида мақола ёзиб ўзининг профилига қўймоқда. Оддий блогер ҳам ўзини журналист санаб ахборот тарқатмоқда. Шунинг учун бундай рақобат кучли даврда журналист ўзи қизиқадиган, келажагини айнан шу йўналишда кўрадиган ва айнан ўша мавзуни “ёриб чиқа” оладиган мақолаларни халққа тақдим эта оладиган йўналишни танлаши лозим.

 

– Бугун ёзилмаган нарсанинг ўзи қолмагандек туюлади. Аммо ҳали қилиниши керак бўлган, ёзилиши муқаррар бўлган мавзулар кўп. Бунда журналист қандай ижод қилиши зарур?

 

– Мен ижтимоий тармоқлар, сайтларда чиқадиган мақолаларни кузатиб бораман. Аммо бир мавзу бўйлаб ижод қилаётган журналистни кам учратаман. Бугун кўчатларни Европа мамлакатларидан олиб келяпмиз. Аммо бизнинг юртда етиштириладиган мевалар бошқа давлатларда талаб кучли. Бу жуда катта гап. Буни бир журналист мақоласининг ичида шунчаки айтиб кетиши эмас, айнан сарлавҳа даражасига чиқариб тарғиб қилиш керак. Бугун журналистикада қишлоқ хўжалигимизга нисбатан ана шундай тарғиботлар кам. Ўтган йили Хитойга қирқ минг тоннагача гилос экспорт қилинган. Кейинги пайтларда мош экспорти ҳам яхши йўлга қўйиляпти. Дастлаб бир йилда 30 минг тонна, сал ўтиб 70 минг тонна ҳозир бу кўрсаткич 100 минг тоннага етган. Кекса журналист сифатида мен шуларни ўргандим. Газетага ёзиш учун эмас ўзим учун. Айрим мамлакатлар биздан мошни олишаркан, уни иккига бўлиб сўнг Европага экспорт қилишаркан. Европаликлар думалоқ мошни истеъмол қилмас экан. Уддабурон Жиззахлик тадбиркорлардан бири Германиядан техника олиб келиб завод қурибди. Мошни иккига бўлиб тўғридан-тўғри Европа мамлакатларига экспорт қилиш йўлларини топибди. Ёки бўлмаса қалампир мавзусига тўхталайлик. Бугун Туркия билан Норвегия бизнинг қалампирни оладиган бўлибди. Бизнинг юртда етиштирилган қалампирлар аччиқ экан. Чунки бизда ёмғир етарли даражада ёғади, тинимсиз қуёш нурларидан баҳраманд бўлади. Натижада, бир туп кўчатдан 2-2,5 килограммгача ҳосил олишган. Оз муддат ҳосилнинг эгаси, харидори бўлмади бироқ ҳозир Туркия маҳаллий деҳқонлар етиштирган қалампирларнинг маълум қисмини 50 миллион долларга яқин миқдорда сотиб олишга келишибди. Яна бир яхши хабар эшитдим. Ўзимизда ишлаб чиқариладиган кетчупларга тегирмондан тортилган кукунидан солишиб тайёрланар экан. 10 килограмм кетчуп тайёрланиши учун 1 килограмм кукун кетар экан, энди унга 100 грамм табиий қалампирнинг ўзи кифоя бўларкан. Бу ҳам тоза ва сифат учун хизмат қилади. Энди тегирмонда тортилган кукун айтарли даражада соф қалампирдан ташкил топмаган бўлиши мумкин. Аммо бу заводларда қалампирнинг ҳўл пастасини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган экан. Бироқ бу заводлар аҳоли турар жойидан сал узоқроқда жойлашган бўлиши керак. Чунки қалампир ўзидан аччиқ ҳид чиқаради. Бу инсон саломатлигига, табиатга зиён келтириши мумкин.

 

Мана шуларни ҳаммасини журналист ўрганиб қайд этиб бориши керак. Ўзбекистон фақат пахта билан дунёга чиқяпти, деган қарашларни эмас мева билан дунёга чиқяпти, деган хулосаларни ҳам, инсонларни дунёқарашини ҳам шакллантириш керак.

 

Биз Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек каби мутафаккирларни дунёга келтирган юртда яшаяпмиз. Бу юртнинг журналистлари ҳам шу аждодлар юртини муносиб тарғиб қилиши керак.

 

Бугун орол муаммоси дунё муаммосига айланаётган бир даврда мана шу жараёнлар билан шуғулланадиган журналистларни кўрмаяпман. Россиялик бир қадимшунос Орол атрофида елканли қайиқ орқали саёҳат ўтказиш лойиҳасини амалга оширмоқчи экан. Бу кема шундай аҳамиятга эгаки, у қумда ҳам шамол ёрдамида ҳаракатланиб юрар экан. Мана бу жараёнларни ҳам журналист тарғиб қилиши моҳиятига кириб бориши керак. Шу ерда фалон тадбир бўлди, шунча киши иштирок этди эмас мавзуга чуқурроқ кириш, янгича ёндашиш зарур.

 

Вақтли матбуотларда, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Президентимиз таклифларида келтирилаётган ҳар бир фикрни журналист ушлаб олиши керак. У гаплар бекорга айтилмаяпти.

 

Журналист қўйтикан ўсимлигига ўхшаб илиб олувчи бўлиши керак. У ўсимлик ўзига теккан нарсадан, албатта, нимадир юлиб олади. Журналист ҳам ана шундай олғир бўлмоғи керак.

 

Бугун мен нега бунчалик куйиниб гапиряпман. Агар журналистларимиз сувнинг муқаддаслигини тарғиб қилганида, табиат муҳофазаси учун жон куйдирганда, аҳоли бунчалик сувга яқин бормас эди, одамларимиз сувни, экологияни асраган бўлар эди. Мана журналистнинг асосий позицияси шу каби амалий ишларга ҳам аҳамият қаратади.

 

Дилобар Маматова, ЎзА

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan