Мақолалар

“МАЪРАКАДА ЎТИРИБ ТУРИШИН КЎРИНГ”

Чоп этилди Yanvar 6, 2019 No Comments

Муборак Рамазон ойидаги бир ифторлик ҳеч эсимдан чиқмайди: мадрасада таълим олган домла йигит рамазон ойи фазилатлари, унда қилиш хайрли бўлган амаллар ҳақида маъруза қилаётганди. Оғиз очишгача ҳали ўн дақиқача фурсат бўлиб, меҳмонлар маърузани диққат билан эшитишаётганди. Шу пайт бир отахон: “Бунча чўзиб юбординг?” деб норози оҳангда гапни бўлди. Домла бир оз сукут сақлади-да, вазминлик билан сўзини якунлаб қўйди.

Орадан икки ойлар ўтгач, маҳаллада бир марҳум хотирасига бағишлаб ўтказилган эҳсонда домла Қуръонни чиройли тиловат қилаётганида ўша отахон муллага ноўрин эътироз билдирди. Бу ҳолат йиғилганларнинг, хонадон соҳибининг норозилигига сабаб бўлди.

Маърака тугагач, маҳалладошларидан ҳалиги отахон ҳақида сўрадим. “Ёши саксондан ўтган бўлса ҳам, оғзидан боди кириб, шоди чиқади. Ўзи тоат-ибодатдан йироқ, маслаҳатни, насиҳатни олмайди, бошқаларни ҳурмат қилмайди. Йиғинларда одамларнинг таъбини хира қилишга ўрганиб қолган ”, дейишди.

Шунда атоқли туркман шоири Махтумқулининг:

Ҳар йигитнинг аслин билай десангиз,

Маъракада ўтириб туришин кўринг.

Биров билан ошно  бўлай десангиз,

Аввали ваъдасинда туришин кўринг, – деган сатрлари ёдимга тушди.

Ўзинию ўзгаларни ҳурматлаган одам маърака-маросим, тўю ҳашамларда иштирок этишнинг одоб, қонун-қоидаларига риоя қилади. Яъни, тадбирга айтилган вақтдан кеч қолмасдан келади, кўрсатилган жойга ўтириб, ўзаро мулоқотда овозни баланд кўтариб бошқаларга халал бермайди; ғийбат ва ноўрин гаплардан тийилади, бошқаларнинг фикрини инобатга олади, нафсониятига тегмайди. Энг ачинарлиси, бугунги кунда айрим маърака ва таъзияхоналарда муқаддас Қуръони каримдан сура ва оятлар ўқилаётганда баъзиларнинг унга ҳурматсизлиги, бепарволиги, диққат билан тингламаётгани кузатилмоқда.

Аллоҳ таоло: «Қуръон ўқилганда уни тинглангиз  ва сукут сақлангиз. Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз», (Аъроф сураси, 204-оят) деб марҳамат қилади.

– Ушбу оят тафсирида уламолар Қуръон тиловатини тинглаган ва сукут сақлаганлар учун қиёмат куни раҳм-шафқат қилинишини айтганлар, – дейди Самарқанд шаҳар “Мурод авлиё” жоме масжиди имом хатиби Фахриддин Ҳусенов. – Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ворид бўлган ҳадиси шарифда: “Имкони борича, айтилган жойдан қолманг, айтилмаган жойга зинҳор борманг”, деб таъкидланади. Мазкур оят ва ҳадис талабларига риоя этиш мўмин-мусулмонлар учун фарздир.

Жамоат жойида, хусусан, маърака ва бошқа тадбирларда ўзини чиройли тутиш маданиятлилик белгиси. Зеро, элни ҳурмат қилган одамга атрофдагиларнинг ҳам ҳурмати ортади. Шунингдек, рухсат ва тақиқнинг фарқини англаган ва унга риоя қилиб яшаганлар ёмонликларга қоқилмай, тинч-хотиржам яшашга муяссар бўлади.

Анвар ҒУЛОМОВ,

Самарқанд шаҳри

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan