Мақолалар

Фожеанинг асл сабабчиси ким?

Чоп этилди Iyul 12, 2019 Фожеанинг асл сабабчиси ким?da fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таоло ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин инсонга энг меҳрибон зот – онадир. Онанинг фидокорлигини, бутун умрини фарзандларига бағишлаб яшашини, зурёдларини бекаму кўст улғайтиришни ҳаётининг мазмуни деб билишини ҳамма билади. Раббимиз аёлга ана шу фазилатни ато қилиб, жаннат оналар оёғи остида дея, рутбасини баланд қилиб қўйган. Илло, она бор жойда меҳр-муҳаббат, бахту саодат бор. Шунинг учун ҳам инсон зоти яралганидан бери онани улуғлаб келади, оналарга бағишлаб гўзал асарлар ёзади. Бироқ Одам алайҳиссалом авлодларининг энг қалами ўткир ижодкорлари онани мадҳ этиб қиёматга қадар ёзсалар ҳам унинг ҳаққини адо этиш не демак, балки буюклигини тўлақонли сифатлашга ҳам ожизлик қиладилар ва буни барча бирдек эътироф этади. Аёл – ана шундай буюк сиймо.

Нима учун?

Аммо баъзида аёл номи билан боғлиқ нохушликлар ҳам бўлиб турибдики, бунга асло кўз юмиб бўлмайди. Негаки, Парвардигоримиз ҳар бир махлуқотни сифати билан яратган. Аёлнинг сифати эса меҳрибонлик, ғамхўрлик, фидокорлик, мулойимликдир. Қачонки у ушбу сифатига мос ҳаракат қилмаса, аёллик рутбасидан айрилиб қолади ва жамиятда кўнгилсизликлар келиб чиқишига сабаб бўлади.

Ўзбекистон ахборот агентлиги сайтида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси номидан ёзилган “Аёл боласини сотди”, “аёл боласини бўғиб ўлдирди”, “аёл жиноятга қўл урди”: фожиада ҳиссамиз қанча?” сарлавҳали мақола кеча соат 16.34да эълон қилинди ва ўша заҳоти бошқа сайтлар ҳам уни кўчириб боса бошладилар. Негаки, мақола сарлавҳасида қўйилган дардли савол бутун  жамиятимизни, хусусан, ҳамияти бор эркакларни жиддий ўйга толдирди.

Сурхондарёда шу қабоҳатни қилган “она” ёшгина қиз экан. Яъни ҳали унинг ўзи ота-онасининг бағрида эркалаб, ўйнаб юрадиган, улардан ҳар доимгидан ҳам кўпроқ эътибор, меҳр-муҳаббат талаб қиладиган, нозик жуссасида жиддий ўзгаришлар юз бериб, кўзгуга қараб ўзининг ҳуснига тўймайдиган, олам-олам орзулар оғушида юрадиган ёшда. Лекин нега бирданига унинг осмонини булут қоплади, Орзулари чилпарчин бўлди? Ўзи гуноҳкор бўлди, шарманда бўлди?..

Глобаллашувда ўзлигини танибмаганларгина адашадилар

Одатда, бундай мудҳиш ҳодисалар юз берганда уларнинг илдизини қидиришни замоннинг тезкорлигидан, глобаллашув, интеграциялашув ва яна бошқа  …шувлар ёки…циялардан бошлаймиз-да.  ота-она, мактаб, маҳалла, давлат ва нодавлат ташкилотларнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан нега шундай бўлганига ҳайрон бўлиб фикримизни якунлаймиз.

Глобаллашув шароитида ҳамма нарса гўёки аралашиб қолганга ўхшайди. Айтайлик, минглаб миллатнинг урф-одатлари, анъаналари, тутумлари, одоб-ахлоқи битта экранга жам бўлиб турибди. Шундан ўзиникини топиб олиш учун эса ёшлар ўз миллатининг табиатини таниши керак. Киши танимаган-билмаган нарсасини қандай қилиб ажратиб олади? (Улардан ташқари,  тарбиясизлар-у одоб-ахлоқсизликнинг ҳадди аълосига етганлар ҳар лаҳзада ёшларнинг онгу шуурига чанг солаётир).

Ёшларимизга миллатимизнинг фазилатини ўрганиш учун нималар қилдик?

Бундай қарасангиз, бизда ҳамма ёшлар тарбияси билан машғул, боғча, мактаб, маҳалла, ҳуқуқ тартибот органлари, Маънавият ва маърифат маркази, имом-хатиблар, Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси, сиёсий партиялар…

Комил ишонч билан айтиш мумкинки, дунёнинг ҳеч қайси мамлакатида ёшлар тарбияси билан бунчалик кўп тузилма шуғулланмайди.

Аммо бизнинг тарбия ёки таъсир кўрсатиш усулимиз қанақа? Энг кучли тарғибот қуролларидан бири саналган телевидениеда ёшлар тарбиясига бағишлаб бир кўрсатув ёки суҳбат ташкил қилинади. Унда зиёлилар, ҳаётий тажрибаси кўп одамлар, педагоглар, руҳиятшунослар жон куйдириб гапирадилар. кейин эса уларнинг айтганларини тўла-тўкис инкор қиладиган хорижий сериал намойиш этилади ёки маҳаллий-хорижий хонанда енгил-елпи кийиниб чиқади-да, қилпиллаб қўшиқнамо нарса куйлайди.

Бир йили Бўстонлиққа қайсидир лагерга боргандик. Спорт мусобақаси ташкил қилинган экан. Телевизорга чиқиб турадиган (ўзларининг таъбирича “машҳур”) бир аёл хонанда келади, деган гап чиқди.  Ўша куни кечгача болаларнинг кўзи унинг йўлида бўлди. Кечки пайт битта машинада икки эркак, ва алламбало кийинган икки аёл келди. Ёнидаги дискини қўйиб уч-тўртта қўшиқ айтгандек бўлди. Лагер тарбияланувчилари – ўғил болалар ва қизлар ёшига ярашмаган қилиқлар қилиб рақсга тушишди. Кейин кечки таом тортилди. “Санъаткор”лар болаларнинг кўз ўнгида машинасидан ароқ олиб келиб  ичишди, ҳар хил гапларни гапиришди ва бугун дачада қоламиз деб чиқиб кетишди.

Ёшлар иштирокида ўтган бошқа йиғилишлар ҳам, аксаран, қўлбола юлдузлар иштирокидаги мусиқий дастур билан ниҳоясига етиши расм бўлди.  Яъни, бир соат давом этган тарбиявий соатни “юлдуз”чалар бир дақиқада йўққа чиқаради.

Эркак ҳамияти – аёл иффати

Аёлларни бундай нохушликларга қўл уриши эркакларнинг ҳамияти пасайиб бораётганига ҳам далолат қилади. Эркак аёлини, опасини, синглисини унчалик рашк қилмай қўйди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу “Шамчироқни ўчиринглар, бегонанинг нигоҳи Фотиманинг соясига тушмасин”, деган эканлар.

Ана ўша сурхондарёлик қизнинг оиласида учта эркак бўлган. Улар қизларига эҳтиёт бўлганида, уни асраб-авайлашганида, бегона кўзлардан ҳимоя қилганида шу ҳодиса юз берармиди?

Юқоридаги мақолада мисол келтирилганидек,  “Очиқ айтсак, одамларни тарбиясига Ислом нур эканлигини сингдиролмадик. Фожиамиз мана шу ерда” (Президент Шавкат Мирзиёев нутқидан).

Бинобарин. ота-она, ака-ука Исломни тушунганида ўтиш даврида бўлган қизини асло ёлғиз қолдирмас эди. Агар қизнинг номусига теккан амакиваччаси Исломни билганида бундай катта гуноҳга асло қўл урмаган бўларди. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай деган: “(Эй Муҳаммад,) мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар, авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир). Албатта Аллоҳ улар қилаётган ишлардан хабардордир. Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар, авратларини (ҳаромдан) сақласинлар!..” (Нур сураси, 30-31-оятлар).

Агар қизнинг ўзи… Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Иймоннинг етмиш нечта ёки олтмиш нечта (шўъба) бўлаги бордир. Ҳаё ҳам ўша иймон бўлакларидан биридир», дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Дарвоқе у – жабрланувчи. Унинг гуноҳи – топталган номуси эвазига пайдо бўлган болани ҳожатхонага ташлаб юборгани. Яъни тирик жонга қасд қилди.

Қиёс

Мушугимиз болалади. Эр-хотин баъзан унинг боласини эркалашини кузатиб ўтирамиз. Тўғрироғи, она мушукнинг боласига меҳрибонлигини, боласининг унга қараб талпинишини кўриб дам оламиз.  Боласини эмизади, кейин чўзилиб ётади, боласи эмиб бўлгач, унинг устида ошиб ўйнайди. У эса оналик бахтини ҳис қилиб роҳатланиб ётади. “Қаранг, – дейди аёлим. – шу жониворгина ҳам оналик суруридан маст.  Она бўлиш чинакам бахт-да ўзи”.

Инсон зоти интернет, ижтимоий тармоқлар, сериаллар, қўлбола юлдузларга мафтунлик  ва ҳоказолар таъсирида баъзида ҳайвондан-да тубанлашаётгани аён. Лекин муаммони қандай ҳал қилиш мумкин? Ана шу саволнинг жавобини Президентимиз аниқ-равшан қилиб айтиб бердилар. Зеро, бола ота-онасидан, устозидан ва бошқалардан қўрқиши мумкин. Лекин уларнинг кўзидан пана жойни топа олади. Аммо Исломни билса, Аллоҳдан ҳаё қилади ва У кўрмайдиган жойни  асло топа олмайди. Зеро, ҳадиси шарифда “Ҳаё – иймондандир!”, дея марҳамат қилинган.

Дамин ЖУМАҚУЛ