Мақолалар

Балоғатга етган йигит-қизлар одоби

Чоп этилди Iyul 13, 2019 Балоғатга етган йигит-қизлар одобиda fikr bildirishni o'chirish

Ота-она ва муаллимлар зиммасига динимиз вожиб қилган масъулиятлардан бири фарзанднинг 12–15 ёшида кечадиган, балоғатга етиш белгилари сезилганида нималарга эътибор беришни очиқ тушунтиришдир. Ўғил бола бу пайтда уйқудан уйғонганида кийимида суюқ рангсиз суюқлик ёки намни кўрса, нима эканини билмайди. Шунинг учун ота бу ҳолатни яхши тушунтириши ва бундан кейин шундай ҳолат бўлганда қандай йўл тутишни ўргатиши лозим. Қиз болада эса балоғат ёшида ҳайз келиши кузатилиб, оналар бундай ҳолатда нимага эътибор беришни очиқ тушунтириши талаб этилади.

Фарзанд ушбу ёшдан эътиборан шаръан мукаллаф, яъни балоғатга етган ҳисобланиб, Аллоҳнинг олдидаги бурчлари ва жамиятдаги вазифаларига нисбатан масъулиятни ҳис этиши зарур. Катта ёшдагиларга нима вожиб бўлса, энди улар зиммаларига ҳам ана шу ҳукмлар шарт бўлади.

Ислом дини ота-онага фарзанднинг одоблари яхши бўлиши учун муҳим вазифаларни юклади. Айрим оилаларда фарзанд эҳтилом бўлгач, ғусл қилиш зарур эканини билмай, бепарво юриши кузатилади. Баъзи оилаларда эса қиз бола ҳайздан сўнг чўмилиш лозимлигини билмайди. Шундай экан, ҳар бир ота-она фарзандига тортинмасдан балоғат ҳукмларини баён қилиши шарт. Сўнг эса мураббийлар бу борадаги маслаҳат ва тавсияларни таълим беради.

Аксинча, бу таълимотлар вақтида етказилмаса, нопоклик фарзанд учун оддий ҳолга айланади. Секин-аста қал­би қотиб, имонига зиён етади. Шу боис ушбу мавзуга доир фиқҳий масалаларни баён қиламиз:

Биринчиси, ўғил ёки қиз бола уйқусида эҳтилом бўлса, уйғонганидан сўнг кийимида намлик кўрмаса, ғусл вожиб бўлмайди.

Имом Аҳмад ва Имом Насоий (раҳматуллоҳи алайҳ) ривоят қилади: Хавла бинти Ҳаким Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан  эркаклар тушида кўрган нарсани аёл киши кўргани ҳақида сўради. У зот: “Нозил бўлмагунча ғусл вожиб бўлмайди, худди эркакларда ҳам нозил бўлмагунча ғусл вожиб бўл­маганидек” , дедилар.

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан тушида эҳтилом бўлган аёл ҳақида сўралди. Шунда: “Агар сувни кўр­са, ғусл қилсин”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

Иккинчиси, ўғил ёки қиз бола уйғонганидан сўнг кийимида намлик кўрса, эҳтиломни эслай олмаса ҳам, унга ғусл қилиш вожиб бўлади.

Насоийдан бошқа беш муҳаддис ривоят қилади: Ой­ша (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан эҳтилом бўлганини эслолмаган, аммо кийимида намлик кўрган киши ҳақида сўради. Шунда: “Ғусл қилади”, дедилар. Эҳтилом бўлган, аммо намликни кўр­маган киши ҳақида сўради. “Унга ғусл лозим эмас”, дедилар. Умму Сулайм: “Уни (намликни) кўрган аёлга ғусл вожиб бўладими?” деди. “Ҳа, албатта, аёллар эркакларнинг ярми”, дедилар.

Учинчиси, маний шаҳват билан отилиб чиқса, ғусл вожиб бўлади.

Имом Аҳмад, Ибн Можа ва Имом Термизий ривоят қилади: Ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) айтади: «Мен мазий кўрган эдим. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан сўрадим. У зот: “Мазийда таҳорат олинади, манийда ғусл қилинади”, дедилар».

Тўртинчиси, “ҳашафа”, яъни эркак жинсий аъзо­сининг бош қисми аёл жинсий аъзосига кириши ҳар иккисига ғуслни вожиб қилади.

Абдуллоҳ ибн Ваҳбнинг “Муснад” асарида келтирилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар икки жинсий аъзо учрашса ва ҳашафа ғойиб бўлса, маний чиқадими ёки йўқми, ғусл вожиб бўлади”,  дедилар.

Бешинчиси, аёлнинг ҳайз ва нифос муддати тугаши ғуслни вожиб қилади. Бу ҳақда:

“…то покланмагунларича, уларга яқин­лаш­мангиз!..” (Бақара сураси, 222-оят).

ط– ҳарфи ташдидли ўқилганида “ғусл қилгунича” деган маънони англатади.

Қуйидаги ҳадис ушбу ҳукмни қувватлайди:

Имом Бухорий ҳазрат Ойша (розияллоҳу анҳо)­дан ривоят қилади: Фотима бинти Ҳубайш истиҳоза бўлар эди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бу ҳақда сўради. У зот: “Бу (қон) томир бўлиб, ҳайз эмас. Агар ҳайз келса, намозни тарк қил, агар ҳайз тугаса, ғусл қил ва намоз ўқи”, дедилар. Ҳайзга қиёсан нифосдан кейин ҳам ғусл қилиш собит бўлди.

Истиҳоза – уч кундан кам ёки ҳайзнинг ўнинчи кунидан сўнг ва нифоснинг қирқ кунидан сўнг зоҳир бўлади­ган қон.

Олтинчиси, фарзанд қандай ғусл қилишни ўрганиши лозим.

Ғуслнинг фарзлари. Оғизни чайиш; бурунни ачиштириб сув билан чайқаш; бутун баданга сув етказиб, иш­қалаб ювиш. Аллоҳ таоло бундай дей­ди:

“…Агар жунуб бўлсангиз, обдон покланингиз (чўмилингиз)!..” (Моида сураси, 6-оят).

Жаноб Сарвари олам (алайҳиссалом) айтганлар:

Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бир соч толаси ости нопокдир, бас, сочни намланглар ва юзни ювинглар”, дедилар.

Ғуслда тана аъзоларини сув билан ювиш керак. Ушбу шаръий ҳукмга кўра, тананинг барча аъзолари – киндик, икки қулоқнинг зоҳирий жойлари ва қўлтиқ остини ишқалаб ювиш вожиб бўлади. Баъзи кишиларда “кўз ва қулоқнинг ичини чўп билан ювиш керак” деган нотўғри тушунча бор. Қулоқ ичи қўл борган жойгача ювилади.

Ғуслнинг суннатлари. Танадаги нопокликни кетказиш ва таҳорат қилиш, барча аъзоларга уч мартадан сув етказиш, охирида оёқларни сув тўпланган жойдан бошқа ерда ювиш, ният қилиш, тасмия айтиш, мисвок ишлатиш, соқол, бармоқларга ҳилол қилиш, бадандаги нопокликни имкон бўлса, ишқалаб кетказиш ғуслда суннат амаллардир.

Бу ҳақда “Олти китоб” соҳиблари ривоят қилади: Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан Маймуна онамиз (ро­зия­ллоҳу анҳо) айтади:Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жанобатдан ғусл қилаётганларида қўлларини уч марта ювдилар. Кейин идишдан сув олиб, чап қўллари билан аврат аъзоларини покладилар. Сўнг чап қўлларини ерга урдилар ва қуритдилар, таҳорат қилдилар. Бошларига уч ҳовуч сув қуйдилар, ҳар ҳовучда икки кафтлари сувга тўлди. Кейин айрим аъзоларини ювдилар. Охирида бошқа ерга ўтиб оёқларини ювдилар”.

Эркакнинг ўрилган сочи бўлса, ечиш вожиб бўлади. Токи сочлари орасига сув етсин. Аммо аёлнинг ўрилган сочи бўлса, ечиш вожиб эмас, балки соч тагига сув етказиш кифоя.

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм