Мақолалар

Аллома Али Тантовий насиҳатлари

Чоп этилди Iyul 13, 2019 Аллома Али Тантовий насиҳатлариda fikr bildirishni o'chirish

Ёшларга гўзал одоблардан жуда кўп мисоллар келтирган уламо Али Тантовийнинг ҳикматли сўзлари ниҳоятда сермазмун.  Қалбга файз ва ором берувчи бу сўз­лар ҳар бир мўмин кишини бефарқ қолдирмайди, чу­қур ўйга толдиради, ҳидоятга чорлайди, дилларга сурур ва қаноат бахш этади.

Уламо Али Тантовий ҳазратлари “Эй ўғлим” деб номланган рисолаларида бундай дейди:

“Эй ўғлим, менга нима учун иккиланиб ва ­уялиб ёзасан? Эй ўғлим, тинчлан, сен шикоят қилаётган дард ёл­ғиз сенда эмас, у барча йигитлар дарди. Ўн етти ёшингда бу дард сени уйқусизликка олиб келган бўлса, бош­қаларни ҳам бедорликка олиб борган, уларнинг ҳам уйқу-оромини йўқ қилган. У кўп ўқувчини дарсдан, ишчини меҳнатдан, тожирни савдодан қайтарган.

Бундай йигит нима қилади? У шаҳват қийноғи, тана азоби ва қони қайнаганида қандай йўл тутади? Бу жуда қийин, албатта! Аллоҳнинг йўли унга уйлан, дейди. Бош­қа фикрлар эса уни чалғитиб, уч йўлдан бирини танла, қолгани бекор, дейди.

Сен тўртинчиси ҳақида фикр қилишни ўзингга ло­зим тут. Фақат шу тўртинчиси яхши. У ҳам бўлса “уйланиш”дир.

Юқорида айтилган уч хато йўл қуйидагилар:

  1. Шаҳват орзусига берилиш, уни ўйлашни одат қилиш, турли ҳаёсиз ҳикоялар, бузуқ фильм ва суратларга қараб вақт ўтказиш. Ҳатто ўйлашнинг ўзи нафсни бузади, қулоқ ва кўзга таъсир қилади. Ҳар ерда фақат фитна уйғотув­чи сурат намоён бўлади, ҳатто китобга қараганида ҳам шундай. Тўлин ой чиққанида ҳам, уфқ қизарганида ҳам, қоронғи кечада ҳам, орзуда ва тушда ҳам шу нарса кўри­нади. Гўёки ҳар йўлда Лайло мисоли кўринади. Сўнг бу ҳолат ёш йигитни мажнунсифат инсонга айлантиради.
  2. Онанизм (капаки)ни қасд қилиш сабабли нафс ғамга, жисм эса касалликка мубтало бўлади. Бу иллат ёшни бечораҳол кексага, ғамгин кишига ва ёлғизликка дучор қилади. Одамлардан қочадиган бўлади. Уларга йўлиқишдан қўрқади. Ҳаётдан қўрқиб қолади ва ҳаёт масъулиятидан узоқлашади.
  3. Ҳаром лаззат ва залолат йўлини тутиш. Ўткинчи лаззат йўлида дин, ёшлик ва сиҳатни сарфлаш. Агар шундай бўлса, инсон ҳаракат қилиб топ­ган мақомини, шарафли вазифасини ва олган илмини зое қилади. Қуввати қол­майди. Киши мана шундан кейин бўлди, деб ўйлайди. Ҳар қачон унга етганида истак зиёда бўлаверади. Худди шўр сув ичувчи ичгани сайин чанқоғи зиёда бўлганидек. Уни йўқотганида яна ҳеч бу аёлни билмаган кишидек азобни ҳис қилади. Ана шундай ғарибликка маҳкум бўлади.

Бу қабиҳ йўл имконини бераётган мол-дунёдир. Маълум муддат ўтиб, “роҳат” бераётган тана бўй­су­нади­ми? Ана ўшанда соғлиқ кучи шаҳват талабини кўтара оладими?

Қанча-қанчалар ажойиб қувватли, кучли кишилар курашда, тош отишда ва югуришда ғолиб эди. Улар шаҳватига эргашиб ўта нимжон, бўш, камбағал, бечора бўлиб қолишди.

Аллоҳнинг ажиб ҳикматига эргашганлар фазилатли амал эвазига соғлом ва қувватли бўлиб ажрга эга бўлади. Разолат ва гумроҳлик йўлини тутган эса таназзул ва касаллик азобига лойиқ бўлади.

Кўпинча ўттиз ёшдан ўтмаган ўз нафсига жабр қил­ганидан гўё олтмишга киргандек кўринади. Кўпгина кексалар иффатлилигидан худди ўттиз ёшли йигитдек кўринади. Шундай ҳикмат бор: “Ким ёшлигини сақласа, унга кексалиги сақланур”.

Бу дарднинг давоси нима? Бунинг давоси Аллоҳнинг йўлини тутиш. Албатта, Аллоҳ нимани ҳаром қилган бўлса, унинг ўрнига бошқасини ҳалол қилган. Рибони ҳаром қилди ва савдони ҳалол қилди. Зинони ҳаром қил­ди ва уйланишни ҳалол қилди. Бас, даво – уйланиш. Агар уйланишга қурби етмаса, ўзини пок тутишдир.

Бир мисол. Олов устида қайнаб турган чойнакни кўр­ганмисиз? Агар сиз уни маҳкам беркитсангиз ва олов ёқсангиз, тўсилган буғ уни ёриб чиқади. Агар уни тешсангиз, суви оқиб кетади ва чойнак куяди. Агар унга паровоз ричагига ўхшаш ричак қўйсангиз-чи, сизга моторни айлантиради ва поездни юргизади!

Шаҳват гирдобидан қутулиш чоралари:

Биринчи, шаҳватдан нафсини тийган киши унинг тубан оқибати ҳақида фикр қила бошлайди ва унга қарши қаттиқ курашади.

Иккинчи, залолат йўлига эргашган кишининг ҳола­ти, ҳаром лаззат ўчоғига тинмасдан тортаётганини пай­қай­ди ва бунинг олдини олади.

Учинчи, олдин йўл қўйган хатоларидан батамом тийилган киши улардан ўзини узоқда сақлайди.

Руҳий, ақлий ва қалбий жидду жаҳд ила нафсдан бундай ғамни улоқтириш лозим. Ана шунда тўп­ланиб қолган шайтоний қувват тамом бўлади ва ғафлат босиб, қама­либ қолган нур яна зоҳир бўлади. Бу эса Аллоҳга илтижо қилиш, ибодатда қоим бўлиш, тавбада бардавом бўлиш ва ихлос билан бўлади. Шунинг баробарида тасаввурда пайдо бўладиган манзаралардан фориғ бўлиш ва шаҳват уйғотувчи нарсалардан бутунлай воз кечиш шарт. Албатта, спорт билан мунтазам шуғулланиш ҳам бундай ёмон одатларни эсдан чиқаришга катта ёрдам беради.

Эй ўғлим, инсон ўзини яхши кўради. Бирон кишини ўзидан афзал кўрмайди. У ойна олдида туриб, елкаси доирасимон бўлганини ва танаси қаттиқ, қўли бақувват бўлганини кўрса, бу унга ҳар қандай аёл зотидан севимли бўлади. Ҳақиқий имонли, мард йигит эса, қандайдир бир ҳаёсизни деб, бундай кўркам виқорни йўқотишга, қувватини бой беришга, мушаклари кучсиз ва қомати дол бўлишига зинҳор рози бўлмайди.

Энг маъқул йўл – уйланиш йўлини танлайди. Бу мукаммал даводир. Агар бунга қодир бўлмаса, рўза тутгани яхши.

Хуллас, тўғри йўл тутсанг, эй ўғлим, уйланиш лозим. Агар уйланишга қодир бўлмасанг, Аллоҳга тақво қилиш, ибодат ва билимга шўнғиш, барча фанлар ва спорт билан шуғулланишни маҳкам тутиш лозим. Чунки бу ишлар нафсни жиловлашда жуда яхши чорадир.

Эй  йигит-қизлар, бу усуллар жинсий муаммоларни ечишдаги ҳалол йўллар. Сизларга бузуқликни зийнат­лаб кўрсатаётганларни эшитишдан сақланинг. Улар ах­лоқсизликни гўзал қилиб айтади. Бу мушкулларни енгиш гўдаклик ёки ёшлик вақтидан бошлаб, ички туйғу ва тарбияни яхшилаш билан бўлади.

Ғаламис кимсалар ўзларининг қабиҳ мақсадларини амалга оширишга уринади. Йигит-қизларни соғлом жамиятдан бузуқ майдонга ва ахлоқсизлик кўламига тортади. Нима учун, биласизми?! Маърифатли ёшларни уриш билан эмас, балки ушбу ялтироқ усул билан тўғри йўл­дан буриб, уларнинг бошини эгиш ва бузуқликни жорий қилиш фитначи кимсаларнинг қинғир мақсадидир.

Бундай ёлғон, алдамчи чақириқлардан сабр қилиш ва қалбларни Аллоҳга боғлаш йўли билан сақланинг. Аллоҳ таолонинг бу улуғ амрига қулоқ тутинг:

 “…Олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафс­ларига эргашмангиз!” (Моида сураси, 77-оят).

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм