Мақолалар

Сабрни эгаллаш усули

Чоп этилди Iyul 14, 2019 Сабрни эгаллаш усулиda fikr bildirishni o'chirish

Эй азиз! Аҳлуллоҳ демишки, мақсад нафсни ўрганган одат ва анъаналаридан қайтармоқ, унинг орзу ва истакларини бермаслик, қанчалик куч билан бўлса ҳам бажарган ишларининг натижаси гўзал ва абадий дунё ва охират неъматларига ноил бўлмоқдир. Фурсатни бой бермангки, вақтни қўлдан чиқариш исрофдир. Меҳнатларга сабр айлангки, охири саодатдир. Ҳеч бир бой ва жўмард ота-она авлодларини емакдан, ичмоқдан бир сабабсиз ман этмайди. Масалан, тиббий зарурат юзасидан бир муддат ман этишлари, уларнинг, ажабо, севмасликлариданми, пулларини қизғанганиданми ёки фарзандлари чалинган хасталикдан бир оз олдин қутулмоқлари учунми? Бундай қилишларининг боиси фарзандларининг тезроқ соғайиб кетиши учун эканига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Шунингдек, дўхтир беморга парҳезлар буюради ва жуда аччиқ, тахир дорилар ичиради, баъзан эса беморнинг танасини дарддан халос қилмоқ учун қўлини, оёғини ҳам кесадилар. Энди ўйланг, буларни бизни севмаганлари учунми ё дарддан халос қилмоқ учун қилурларми? Албатта, ҳеч бир ақли салим буларни бизни ёмон кўргани сабабли қиляпти, дея олмайди. Чунки бу ишларни бизни севганлари боис қилгани муҳаққақ ва ошкорадир. Бемор ҳам буни билгани учун дўхтирга ҳеч монеликсиз итоат қилиб, унинг айтганларидан ташқари чиқмасликка ҳаракат қилади. Амалда айнан шунинг кабидирки, Аллоҳ таоло ҳазратлари ҳам сизга истаган бир нарсангизни бермаса, буни англангки, у сизнинг муҳтож бўлиб мурод айлаган нарсангизга молик. Сизга уни бермоққа қодирдир. Фазл, саховат, карам ва эҳсон Унинг сифатларидан. Сизнинг ҳар бир ҳолингиз ва жами ашёларнинг ҳоли унга аён. Зеро, унинг учун фақрлик, ожизлик, жаҳолат мутасаввур эмасдир. Билъакс, ғани, акром ва олимдир. Бу жиҳатдан яхши биласизки, ҳақиқатда Аллоҳ таоло ҳазратлари сиз истаган у нарсани сизга ман этмишдир. Бу ишни сизнинг хайр ва салоҳингиз учун қилган. Бинобарин, Қуръони мубийнда маълум қилинганига кўра, ерда ва кўкда бўлган бутун ашёлар сизга мусаххар қилингандир.

Буларнинг ҳаммаси сизнинг хайр ва салоҳингиз учунми? Ул марҳамат ва карам соҳиби Аллоҳ таоло дунёни ва унинг ичидаги кўздан яширин, парда ортидаги маърифатини сизга эҳсон айлаган. Раббимиз авлиёсини, дўстларини, севганларини дунё завқи ва сафосидан манъ этган. Туя боқувчи чўпон туяларини нопокликдан, бадбўй ботқоқликдан сақлагани, қўриқлагани каби Аллоҳ таоло сизни шиддатли мусибат ва тушкунликларга мубтало айласа, англаб олингки, бу сизнинг манфаатингиз учун ва У сизни имтиҳон учун тушкунликка солмоқда. У ғанидир ва сизнинг ҳолингиздан хабардордир ҳамда сизга рауф ва раҳмдир.

Зотан, Аллоҳ таоло онанинг фарзандига бўлган шафқатидан жуда ҳам шафиқ, рауф ва раҳмдир. Энг қийматли бўлган авлиё ва  анбиёсини кўп балоларга мубтало этгандир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло дунёни сизга қачон тақиқлаб, ман этиб, шиддат ва мусибатларни елкангизга осган бўлса, билингки, сиз Аллоҳ таолонинг қошида азиз ва муҳтарамсиз. Зеро, У сизни авлиёлик мартабасига чиқарибди. Руҳингиз унинг мавоҳиби каримасига етибди. Энди сизга лозим бўлгани, собир ва шокир бўласиз. Негаки, сабрнинг аччиғидан ризои илоҳийнинг мазасини топасиз, вассалом…

Инсон ўзига бошқа бир инсон тарафидан азият етишига ичидан қанчалик рози бўлмаса, ўзининг ҳам бошқаларга, ҳатто ҳайвонларга ҳам жабр қилмаслиги ва ҳатто ўзига нисбатан қилинган жабрларни сабр ва таҳаммул билан қарши олиб муқобила этмаслиги ва ҳатто у кабиларнинг жабрларига муқобил икром ва эҳсонда бўлиши энг гўзал ва энг буюк феъллардан саналади. Ғазабини ютмоқ қабоҳат эгаларини афу этмоқ, боз устига уларга эҳсон этмоқ ҳам Қуръони каримда марҳамат қилинган амрлардандир (Оли Имрон сураси, 68-оят).

Балоларга сабр этмоқ ўзига хос фазилат. Инсон Ҳақнинг қазо ва кадарига таслим бўлиб, охирати учун улкан мукофотлар олишдан умид қилиб, балоларга сабр этмоғи, улардан шикоят этмаслиги керак. Бу хусусда ёзиладиган жуда кўп гаплар бўлса ҳам ҳозирча шу билан кифояланамиз.

Ҳар нарсадан айб қидириш одати ҳам шошқалоқликдирки, у қалбни безовта қиладиган, ғамга ботирадиган бир балодир ва шайтон сифатидир. “Шошқалоқлик шайтондандир”, дея амр этилгандирки, охири надомат ва пушаймонликдир. Ҳар ишда эҳтиёткорлик Раҳмондандир.

Кўнгиллар икки нарсадан музтар ва маҳзундир. Аввалги сифат: бир нарсани истамоқки, тақдирдан узоқдир. Масалан, кексаларнинг бола бўлишни истагани ёки емасдан, ичмасдан яшайман дейиш каби. Иккинчиси, бир нарсани вақтидан аввал истамоқдир. Зеро, ҳар бир нарса ўз вақти билан тайин этилган. Шу жиҳатдан, шошқалоқлик ёмон одат ва ахлоқи разолатдирки, ғафлат ва шаҳватга жуда яқиндир. Мавло билан дўстликка ва ҳузурга монедир.

 

 

 

Муҳаммад Зоҳид ҚЎТҚУнинг “Сабр” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 5000 сўм