Мақолалар

Сабрнинг сўнгги

Чоп этилди Iyul 14, 2019 Сабрнинг сўнггиda fikr bildirishni o'chirish

Эй азиз! Аҳлуллоҳ демишки, бутун илмларнинг, амалларнинг, маърифат ва камолотнинг иштиёқи мужидаси сабру тоқатдир. Ҳар надомат ва маломатдан нажот, саломатликнинг сабаби сабр ва қаноатдир. Аламларнинг аччиғига таҳаммул сабрнинг натижаси ва ризоий илоҳийнинг бошидир. Бу – икки жаҳон саодати ва кўз қорачиғи каби қадрлисидир.

Бир кулол кўнглига илм олиш орзуси тушибди. Барча молларини тарқатиб, фақат оиласининг зарур эҳтиёжини қолдириб, илм таҳсили учун узоқ юртларга кетибди. Йигирма йил атрофида илми арабия ва дин илмини ўрганиб ватанига қайтар экан йўл устида қўналғаси бўлган бир пири комилга меҳмон бўлибди ва аҳволини унга сўзлаб берибди. У комил зот ундан: “Илм ва амалнинг асли нимада?” деб сўрабди. Бу саволга жавоб топа олмасдан у комил зотдан бунинг изоҳини сўрабди. У зот: “Агар бизга бир муддат хизмат қилсанг, илмнинг аслига эришиб уйингга қайтасан”, дебди. Бу жавобга қизиққан кулол уни ўрганиб кейин уйга қайтишни қасд қилиб икки йил пири комилнинг хизматида қолибди. Ниҳоят пири комил кулолни қаршисига чақириб бундай дебди: “Кел, ўғлим! Сенга ўша саволимнинг жавобини айтайин, сен ҳам оилангнинг ёнига қайтасан ва умринг давомида бизнинг ҳақимизга дуо қиласан. Энди муҳаққақ биласанки, бутун илмларнинг, амалларнинг, маърифат ва камолотнинг асли сабрдир. Булар фақат сабр билан ҳосил бўлур. Таҳаммул ва хотиржамлик ҳам сабрга дохилдир. Ҳар ишда сабрли бўлурсан, надоматдан саломат бўлурсан. Икки оламда ҳар нарсадан мақсад ва орзуингга ноил бўлурсан. Бу жавҳари нафис учун сени бир муддат ушлаб қолганимнинг ҳикмати будирки, қадр ва қийматини билиб, қулоғингга қўйиб оласан. Буни зинҳор унутмайсан”.

Шундай қилиб, бу олим ушбу жавҳарга молик бўлганидан сўнг пири комилнинг дуоси ва ризосини олиб юртига жўнаб кетибди. Тун ярмида уйига етиб келибди. Шу дамда хаёлига келибдики, йигирма икки йилдан бери хабарлаша олганим йўқ, бемаҳалда эшик тақиллатишдан олдин деразадан бир боқайин-чи, шунча вақтдан бери бу хонадонда кимлар қолибди. Деразадан қараса, хотини бир ёш йигит билан ўтирган эмиш. Ўша заҳоти рашки ўт олиб ақлини йўқотибди. Ўзини унутиб деразадан ошиб ўтиб йигитни ўлдирмоққа қасд этаркан, тасодифан пири комилдан олган дарси ёдига тушибди. Икки йил кутиш эвазига қўлга киритган жавҳарни шошқалоқлик билан зое этмасдан, эшикни тақиллатай, ундан сўнг бу навжувонни ўлдираман, дея эшикни тақиллатибди. Эшик тақиллаганини эшитган йигит эшик олдига келиб, “Кимсиз?” дея овоз берибди. Бунга жавобан олим: “Бу уйнинг эски соҳибиман”, деган экан ўша заҳоти хотини унинг овозини таниб, севинганидан: “Эй ўғлим, эшикни тез оч, туғилишингдан олдин сафарга кетган отанг қайтибди”, дебди. Олим бу сўздан йигитнинг ўз ўғли эканини билиб олибди ва каромати сабр билан муқаррар бир надоматдан омон қолганига амин бўлибди.

Бу фалокатдан қутулиб қолгани учун Аллоҳ таолога кўпдан-кўп ҳамду санолар айтибди ва муршиди комилнинг ҳақига дуолар қилибди. Мударрис ва мусанниф бўлибди. Ҳанафий фиқҳини пухта ўзлаштириб, кўплаб фойдали китоблар ёзибди.

 

 

 

Муҳаммад Зоҳид ҚЎТҚУнинг “Сабр” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 5000 сўм