Мақолалар

ЗАРУРИЙ ЧОРАЛАР – ТАРБИЯНИНГ МУҲИМ ВОСИТАСИ

Чоп этилди Iyul 16, 2019 ЗАРУРИЙ ЧОРАЛАР – ТАРБИЯНИНГ МУҲИМ ВОСИТАСИda fikr bildirishni o'chirish

Ёшларимизни замона талабларига тўлиқ жавоб берадиган, ҳар томонлама баркамол шахслар этиб вояга етказиш мақсадида болалар ва ёшларнинг ҳуқуқ ҳам­да қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, улар баркамол бўлиб вояга етишининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва замон талабларига мослаштириш ишлари амалга оширилди.

Шу мақсадда бир қатор янги қонунлар қабул қилинди, амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қў­шимчалар киритилди. Жумладан, «Вояга етмаганларнинг назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарлиги профилактикаси тўғриси­да»ги, «Алкоголли ичимликлар ва тамаки тарқатилиши ҳамда 20 ёшга тўлмаган шахслар томонидан алкоголли ичимлик­лар истеъмол қилиш ва тамаки чекишни чеклаш тўғрисида»ги қонунлар ишлаб чиқилди.

«Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги Қонун ушбу масалалар билан шуғулланувчи тизим органлари ва муассасаларини аниқ белгилаш, улар фаолиятининг асосий вазифалари, принциплари ва йўналиш­ларини тартибга солиш, шунингдек, алоҳида эътиборни талаб қи­лувчи вояга етмаганлар ва оилалар билан якка тартибдаги тарғибот ишларини ташкил этиш асослари ва тартиби, вояга етмаганларни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига ва ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўр­сатиш марказларига жойлаштириш тартиби ва асослари, ижтимоий хавфли ҳолатдаги вояга етмаганларнинг ҳуқуқий мақоми, уларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳамда педагогик билимини ошириш ва бошқа масалалар ечимига қаратилган.

«Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун эса, ёшлар ўртасида жиноятчилик билан боғлиқ вазиятни яхшилаш, уларнинг ғайриижтимоий хатти-ҳаракатининг олдини олишга қара­тил­ган бўлиб, унда вояга етмаганларни тунги вақтда ота-она­сидан бирининг ёки уларнинг ўрнини босувчи шахснинг кузатувисиз ресторанларга, кафеларга, барларга, дис­котекаларга, кинотеатрларга, интернет ва компьютер залларига, кўнгилочар тадбирлар ўтказиладиган бошқа биноларга киритгани учун маъмурий жавобгарлик жорий этилиши кўзда тутилган. Мазкур қонун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1989 йил 20 ноябрда қабул қилинган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция 31-моддасининг: «Иштирокчи давлатлар боланинг дам олиш ва бўш вақтини ўтказиш ҳуқуқини, ўзининг ёшига мос келадиган ўйинлар ва кўнгилочар тадбирларда иштирок этиш, маданий ҳаётда эркин қатнашиш, санъат билан шуғулланиш ҳуқуқини эътироф этадилар», дейилган нормасига ҳамоҳангдир.

Жаҳондаги кўпгина давлатларда вояга етмаганларнинг тунги вақтда кўнгилочар тадбирларда иштироки ма­саласи қонунан мустаҳкамланган бўлиб, бу йўналишдаги ҳуқуқбузарлик учун қонун ҳужжатларида жавоб­гар­лик белгиланган. Жумладан, 2009 йили Россия Фе­де­рациясида бола ҳуқуқлари асосий кафолатлари тўғ­рисидаги қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар ки­ритилиб, унда тунги вақт (22.00 дан 06.00 гача) тушунчаси, давлат органлари, маҳаллий органлари ҳамда ота-оналарнинг болаларни соғлом ва маънавий етук этиб тарбиялаш борасидаги мажбуриятлари, шунингдек, 18 ёшга тўлмаган шахсларни тунги вақтда катта ёшдагилар кузатувисиз жамоат жойларига, стадионларга, ресторанларга, кафеларга, барларга, интернет ва компьютер залларига, кўнгилочар тадбирлар ўтказиладиган жойларга бориши, жамоат транспортида юришига чеклов белгиланган ҳамда маъмурий жавобгарлик жорий этилиши кўзда тутилган. Германиянинг 2002 йил 23 июлдаги «Ёшлар муҳофазаси тўғрисида»ги Қонунида 18 ёшга тўлмаган болаларни тунги бар ва клубларда, кўнгилочар ўйин залларида ва шунга ўхшаш жойларда бўлиши тақиқланган.

Ўзбекистонда вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар содир этиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тўғрисида қонунлар қабул қилингани болаларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш самарадорлигини таъминлаш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар ҳамда Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш борасида муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм