Слайдер

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мажмуасида Тошкент вилояти имом хатиблари ва ноиблари учун маънавий-маърифий тадбир ўтказилди

Чоп этилди Iyul 16, 2019 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мажмуасида Тошкент вилояти имом хатиблари ва ноиблари учун маънавий-маърифий тадбир ўтказилдиda fikr bildirishni o'chirish

 

 

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни илму маърифатга чақирар эканлар, илм излаш ҳар бир муслим ва муслимага фарз эканини буюрадилар. Унинг улуғлиги шундаки, илм ўз эгасига дунёю охиратида манфаат келтиради, эл олдида унинг шарафини, ҳурматини оширади.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Қуръони каримда олимларни улуғлади. Хусусан, олимлар Аллоҳ таолони яхшироқ билишлари ва Аллоҳ таолодан кўпроқ қўрқишлари қуйидаги ояти каримада баён этилади.

«Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар» (Фотир сураси, 28-оят).

Юртимиздан етишиб чиққан улуғ олим, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ динимизнинг ана шундай муҳаққиқ олимларидан бўлганлари барчамизга маълум. Бугунги кунда ҳазратнинг ҳаёт йўллари, қолдирган илмий меросларини ўрганишга юртимизда алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг илмий меросини ўрганишга  уни тарғиб қилаётганлари фикримиз далилидир.

Жорий йилнинг 15 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилояти вакиллиги томонидан яна бир хайрли ишга қўл урилди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мажмуасида уламолар, диний соҳа ходимларининг илмий суҳбатларини ташкиллаштириш, уларнинг малакасини ошириш ҳамда у кишининг илмий меросларини ўрганиб, кенг тарғиб қилиш мақсадида уч кунлик ўқув семинари ташкил этилди.

Жумладан, ушбу тадбирда Ангрен, Бекобод, Олмалиқ, Оҳангарон, Нурафшон, Чирчиқ, Янгийўл ҳамда Зангиота ва Қибрай тумани имом хатиблари ва ноиблари иштирок этишди.

Тадбир анъанага мувофиқ, Қуръони карим тиловати билан бошланди. Кейин Тошкент вилояти бош имом хатиби Хайрулло домла Турматов ушбу маънавий-маърифий тадбир ҳақида ўз фикр мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Сўнгра, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани бош имом хатиби Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ҳаёти ва илмий мероси ҳамда ҳазрат томонидан тасниф этилган «Ал адаб ал-муфрад», «Ижтимоий одоблар», «Бахтиёр оила» ва «Ислом тарихи» китобларининг мўмин мусулмонларга аҳамияти ҳақида мавъиза қилиб берди.

Дарҳақиқат, умрини дин хизмати, илм равнақи, йўлида сарф этган буюк аллома шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳматуллоҳи алайҳ ўзлари ҳаётлик чоғларида илм аҳли, уламолар, шогирдлари билан кўплаб илмий суҳбатлар, анжуманлар ўтказар эдилар. Бугун ана шу эзгу анъана яна давом эттирилмоқда.

Мавъиза жараёнида Юнусобод тумани бош имом хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов шайх ҳазратларининг талабалик даврлари, ижод фаолиятлари доимий қилиб юрадиган вирдлари ва шогирдларга намуна бўладиган, ибратли ва ҳикматли фаолиятларини эсга олиб, «Ал адаб ал-муфрад» ҳақида нутқ қилди.

Барчамизга маълумки, шайх ҳазратлари барча мусулмонларни буюк уламолар, улуғ мужтаҳид зотлар йўлини маҳкам тутишга, умматнинг бирлиги, тотувлигини таъминлашга, ихтилофларга барҳам беришга чақириб келганлар. Бу йўлда йирик асарлар таълиф этганлар.

Хусусан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари босиб ўтган ҳаёт йўлларини ўрганиш, тажрибаларидан фойдаланишдан иборатдир. Тадбирни айнан имом-хатиблар ва ноиблар учун ташкил этилгани ҳам бежизга эмас. Тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати шайх ҳазратлари қолдириб кетган қадр-қиммати бебаҳо илмий меросларини ўрганишга бағишланмоқда. Тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақоид, таълим-тарбияга оид ислом дини асосларини тушунтириб берилган юздан ортиқ илмий асарлар юртимиз мусулмонларига Аллоҳ таолонинг бениҳоят катта инъоми бўлди десак муболаға бўлмайди.

Шунингдек тадбирда Тошкент Ислом институти ўқитувчиси Фахриддин Мамаюнусов шайх ҳазратларининг «Олтин силсила» асарлари ҳамда «Мазҳаблар бирлик рамзи», «Масҳабсизлик бидъатдир» китоблари ва уларнинг аҳамияти ҳақида керакли маълумотлар берди.

Чиндан ҳам бугун ана шу меросни ўрганиш, нафақат диёримиз, балки минтақамизда кенг тарқалган Ҳанафий мазҳабида мустаҳкам бўлиб, ихтилоф ва фитналарнинг олдини олиш ҳар қачонгидан ҳам зарур бўлиб қолди. Бугун ҳар ердан турли воситалар орқали мусулмонларни чалғитиб, мазҳабларни инкор қилаётган, уламоларни рад этиб, Қуръон ва суннатдан ўзича мустақил ҳукм чиқариш даъвосини қилаётган саводи чала кимсалар ислом умматини адаштиряпти, тафриқа ва ихтилофларга сабаб бўляпти.

Тадбир сўнгида имом хатибларимиз дуойи хайрлар билан биринчи дарсни якунлашди.

Ушбу дарслар режа бўйича бугун ва эртага давом этади.

Islom.uz