Мақолалар

Зомин миллий табиат боғига кириш нега тақиқланди?

Чоп этилди Iyul 16, 2019 Зомин миллий табиат боғига кириш нега тақиқланди?da fikr bildirishni o'chirish

 

 

Зомин миллий табиат боғига дам олувчиларнинг кириши тақиқланди. Бу ҳақда Вилоят табиатни муҳофаза қилиш бошқармаси ва Зомин миллий табиат боғи маъмуриятининг Жиззах вилояти ҳокимлиги расмий сайтида дам олувчиларга мурожаатида маълум қилинди.

Мурожаатда ушбу вақтинчалик тақиқ ёз мавсумининг иссиқ келиши туфайли ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилгани ва дам олувчилар оқимининг кескин кўпайгани ҳисобга олиниб, боғ экотизимининг чиқиндилардан ифлосланиши олдини олиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўрнатилгани билан изоҳланган.

1976 йилда ташкил этилган Зомин миллий табиат боғи мамлакатимизнинг муҳофаза этиладиган ноёб табиий ҳудудларидан бири ҳисобланади. Миллий табиат боғи табиий ноёб биологик хилма-хилликни, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг генетик фондини сақлаб қолиш ҳамда маҳаллий ва хорижий туризмни ривожлантириш ва табиат муҳофазаси илмий асосларини ишлаб чиқишда ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Миллий табиат боғида 1 мингдан зиёд турдаги ёввойи ўсимликларнинг 15 тури, ҳудудда яшовчи 30 турдаги сут эмизувчиларнинг 6 тури, 102 турдаги қушлардан 18 тури, 14 турдаги судралиб юрувчиларнинг 2 тури Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган.

Табиатни муҳофаза қилиш уни келажак авлодларга бус-бутун етказиш демакдир. Бу йил юртимизда саратоннинг ҳар йилгидан иссиқроқ келиши туфайли шу кунларда Зоминнинг соя-салқин ҳудудларига дам олувчилар келиши кескин кўпайди. Бу эса ҳудуд табиатини асрашни назорат қилишда баъзи мураккабликларни туғдириши мумкин. Шу мақсадда Зомин миллий табиат боғининг қўриқланадиган ҳудудлари ва чегарасида табиатни асраш ва ёнғин хавфининг олдини олиш мақсадида дам олувчилар кириши маълум муддатга тақиқланишини тушунса бўлади.

 

Тошқул БЕКНАЗАРОВ,

ЎзА