Мақолалар

ОДОБ – ИНСОН ЗИЙНАТИ

Чоп этилди Iyul 18, 2019 ОДОБ – ИНСОН ЗИЙНАТИda fikr bildirishni o'chirish

Аждодларимизнинг миллий қадриятлар сарчашмаси бўлган бой тарихий меросни келажак авлодга чуқур ўргатиб, ёшлар онгига сингдирмоқ керак. Чунки тарих ёшларни ҳаёт воқеа-ҳодисаларига онгли муносабатда бўлишга ундайди. Болаларнинг мурғак қалбида Ватанга меҳр туйғуларини, бугунги кун қадрига етиш ҳиссини уйғотади. Ёшларни она-Ватанга садоқатли қилиб тарбиялашда, аввало, имон-эътиқод, меҳр-оқибат, диёнат, адлу инсоф, орият ва ғурур каби эзгу фазилатларни шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.

Юртимиздан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби жаҳонга донғи кетган буюк алломалар етишиб чиққан. Ёшларимиз ана шундай буюк зотлар­нинг авлодлари эканларини унутмаган ҳолда, боболар бошлаган қутлуғ ишларнинг давомчиси, Вата­нимизга му­носиб фарзандлар бўлишлари лозим. Шу­нингдек, ҳаётда кўпни кўрган, меҳнатда суяги қотган, ҳозир эса пиру бадавлат бўлиб яшаётган отахонлару онахонларимиздан ўрнак олишлари керак.

Одоб-ахлоқ, ҳаё-ибо, ор-номус, диёнат каби боқий  қадриятлар халқимиз бой маънавиятининг ажралмас қисмига айланиб кетган. Афсус, бугунги мураккаб шароитда “оммавий маданият” ниқоби остида ёшларимизга турли ёт ғоялар, маънавий бузуқлик ва ахлоқсизликларни тарғиб этишга уринаётган айрим ғаламислар айнан ана шу бобомерос қадриятларимизга болта уришга уринаётгани сир эмас.

Диёримиздан етишиб чиққан алломалар ҳам гўзал ахлоқнинг инсон камолотига сабаб бўлувчи юксак фази­лат эканини кенг тарғиб қилишган. Жумладан, Имом Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад” ҳадислар тўплами, Абу Лайс Самарқандийнинг “Танбеҳул ғофилин”, Имом Ғаз­золийнинг “Мукошафатул қулуб”, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибатул ҳақойиқ” асарларида юксак инсоний фазилатлар тараннум этилган. Бундан ташқари, Абу Наср Фаробий, Абу Райҳон Беруний, Нажмиддин Кубро, Муҳаммад Порсо, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий ва бошқа мутафаккир алломаларимизнинг ўнлаб асарларида одоб-ахлоқнинг гўзал намуналари бадиий-фалсафий талқин қилинган. Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Ахлоқи Муҳсиний” асарини ҳам ана шундай ҳикматлар бўстони сафига киритиш мумкин. Асарда чиройли ахлоқ намуналарини баён этишда ибратли ривоятлардан ҳам жуда ўринли фойдаланилган. Жумладан, бир ривоятда келтирилишича, «Миср подшоҳларидан бири одобсиз кишини сиёсат майдонига олиб бориб, адаб таёғи билан уринглар, деб буюради. Ўша беадаб калтакланиб турган вақтида тилини чиқариб, ёмон сўзлар билан подшоҳга дашном беради. Шунда подшоҳ уришни тўхтатишни буюрди. Аъёнлардан бири: “Эй шоҳим, бу беҳаё ва бешармни адаб таёғи билан кўпроқ жазолаш керак эди, кечиришингизга нима сабаб бўлди?” деб сўради. Подшоҳ: “Мен унга Худо ризоси учун адаб бераётган эдим, у менга хунук сўзларни айтганда, нафсимга тегди ва мен ғазабга миниб, унга кўпроқ жазо бериш ва ўч олишни хоҳладим, лекин мен буни ўзимга раво кўрмадим ва Ҳақ ишида ўз нафсимнинг истагини орага тиқишни хоҳламадим. Ҳақ ризосидаги ишга ўз ғаразимни қўшишим ихлосдан узоқдир, яхши ишни ғараз билан қилган одам савоб фазилатидин маҳрумдир”, деди». Асарда келтирилган бу каби ривоятлар инсонни эзгуликка, ўзаро меҳр-муҳаббатли ва самимий бўлишга ундайди.

Фарзанд тарбиясида Ислом дини белгилаб қўйган муҳим қоидалардан яна бири болани ёшлигидан жамоат орасида ўзини чиройли тутиш одобларига одатлантиришдир. Фарзанд улғайиб, инсонлар билан ўзаро муомалага киришади. Ўзаро муомала ҳамда муносабат одобларига амал қилганлар имон, тақво, ақидасида ҳамда дўстлик, меҳрибонлик, ўзидан бошқани афзал кўришда қоим бўлади.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм