Мақолалар

Икки дарахтнинг бирлашиб, сўнг ажралиб кетиши

Чоп этилди Iyul 18, 2019 Икки дарахтнинг бирлашиб, сўнг ажралиб кетишиda fikr bildirishni o'chirish

Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:

«Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга чиқдик ва кенг бир водийда тўхтадик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қазои ҳожат учун кетдилар. Мен идишда сув олиб, у зотнинг орқаларидан бордим. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) атрофга қараб пана бир жой топа олмадилар. Шунда у кишининг кўзлари водий четида ўсиб турган икки дарахтга тушди. Бирининг ёнига келиб, шохидан ушлаб: “Аллоҳнинг изни билан менинг ортимдан юр!” деб амр қилдилар. Дарахт эгасига итоат қилган туя каби Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га эргашди. Сўнг иккинчисининг ёнига келиб, унинг ҳам шохидан ушладилар. “Аллоҳнинг изни билан менинг ортимдан юр!” деб буюрдилар. Иккинчи дарахт ҳам эгасига итоат қилган туя каби Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га эргашди. Дарахтлар ёнма-ён бўлгач, уларнинг ўртасида туриб, шохларидан ушладилар ва: “Аллоҳнинг изни билан бир-бирингизга қўшилинглар”, дедилар, улар бирлашишди».

Жобир (розияллоҳу анҳу) воқеанинг давомини бундай ривоят қиладилар: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га яқин турганим учун янада узоқроққа кетиб қолишларидан қўрқиб, пастга тушиб кетдим. Ўтириб, бу ҳодиса ҳақида ўзимга-ўзим гапириб турганимда, ногаҳон қарасам, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келаётган эканлар. У зот тўхтадилар-да: “Ўнгга, чапга” дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Яъни, қазои ҳожатларини тугатганларидан кейин, у дарахтларни ўз жойига бориб туришига амр қилдилар. Дарахтлар олдинги ўринларига қандай келган бўлса, худди шундай қайтиб кетди.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 23000 сўм