Мақолалар

Хурмонинг шохи дарахтдан пастга тушиб, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига келди

Чоп этилди Iyul 19, 2019 Хурмонинг шохи дарахтдан пастга тушиб, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига келдиda fikr bildirishni o'chirish

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

«Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Саҳобаларингиз нима дейишмоқда?” деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг атрофларида шох-шаббалар ётарди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сенга бир оят-аломат кўрсатайми?” дедилар. У: “Ҳа”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) улардан бир шохни чақирдилар. У ерга чизиқ тортиб ариқча қилиб келди ва саждага борди, сўнг бошини кўтарди. Кейин унга қайтишни буюргандилар, шох яна қайтиб кетди.

Омирий (Мазкур қиссанинг қатнашчиси, эгаси): “Эй Омир ибн Саъсаъа оиласи! Аллоҳга қасам, у айтган ҳеч бир нарсани ёлғон демайман”, деди.

Бошқа ривоятда бундай келтирилади:

«Бир аъробий Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келиб: “Сени Аллоҳнинг элчиси эканингни қандай биламан?” деди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мана шу хурмо шохларидан бирини чақирсам ва у келса, менинг пайғамбар эканимга гувоҳлик берасанми?” дедилар. У: “Ҳа”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хурмо шохини чақирдилар, у дарахтдан тушиб, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) олдиларигача сакраб-сакраб етиб келди. Сўнг унга: “Қайт”, дедилар, у яна жойига қайтиб кетди.

Аъробий: “Сен Аллоҳнинг элчиси эканингга гувоҳлик бераман ва имон келтираман”, деди» (Саҳиҳ ҳадис. Имом Байҳақий ва Имом Ҳоким ривояти).

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 23000 сўм