Ўзбекистон янгиликлари

57 фоиз йигит «ота-онаси бадавлат қизга уйланганлар моддий қийинчиликсиз яшайди» деб ҳисоблайди – «Оила» маркази

Чоп этилди Yanvar 7, 2019 No Comments

«Оила» илмий амалий-тадқиқот маркази томонидан ўтказилган навбатдаги тадқиқотда аниқланган муаммолар ичида айнан йигитлар ва эркакларга боғлиқ бир қатор жиҳатлар намоён бўлди, деб хабар беради марказ ахборот хизмати.

Тадқиқот натижасига кўра, ажралиш ҳолатлари кўп бўлган вилоятларда ажралиш сабаблари ўрганилганда, оиладаги доимий жанжал ва можаролар, эр-хотин ўртасида бир-бирини тушуниш ва тотувликнинг йўқлиги (22,5 фоиз) асосий сабаблар сифатида кўрсатилди.

Кўринадики, мустаҳкам оилани барпо этиш ҳар томонлама тенг баробарида ҳам эркакка, ҳам аёлга боғлиқ жараёндир.

Марказ маълумотида ёзилишича, ажралишнинг сабабларидан яна бири алкоголизм (11,0 фоиз фоиз) ҳам эканлиги аниқланди. Спиртли ичимликларни ичишга алкоголизмга асосан эркаклар мойил бўладилар. Оила бошлиғи бўлган эркакларда ирода, сабр-тоқат ва мардлик каби шахсий етуклик сифатлари тарбияланмаганлигидан алкоголизмга мойилликлари орта боради.

«400 га яқин уйланмаган йигитлар орасида йигитларнинг оилавий ҳаётга тайёрлик даражасини аниқлашга қаратилган сўровлар ўтказилганда, 44 фоиз респондентнинг тасаввурида оилада фарзанд тарбиясига фақатгина аёллар масъул, деган қараш борлиги маълум бўлди. 57 фоиз йигит «ота-онаси бадавлат қизга уйланган йигитларнинг ҳаёти моддий қийинчиликсиз ўтади» каби тасаввур ва қайнота-қайнонанинг куёвига берган ёки қилган моддий кўмагига ишониб қолиш, оилани моддий жиҳатдан мустақил таъминлашда масъулият ҳис этмаслик каби хусусиятлар шаклланганлиги аниқланди», – дейилади тадқиқот натижасида.

«Оила»маркази йигитларда бундай қарашнинг шаклланиб бораётганлиги келажакда катта оилавий муаммоларга сабаб бўлиши мумкинлигидан хавотирда.

«Чунки, эркак кишининг энг катта бурчи ўз қарамоғидагиларнинг ўзгаларга қарам бўлиб қолишига йўл қўймаслигидир. Оилада эркакларнинг асосий вазифаси оилани иқтисодий жиҳатдан мустақил таъминлай олишидир. Оила ажримлари сони ортиб бориши, ҳар бир етим қолаётган фарзандлар, фарзандларини ёлғиз тарбиялаётган оналарнинг сони кўпаётганлиги айниқса, йигитлар ўртасидаги жиноятчилик каби муаммолар ҳозирги замон йигитларини огоҳликка чақиришга, бундай ҳолатларни олдини олишда ҳар биримиз масъул эканимизни яна бир бор эслатиб ўтишимизга ундайди», – дейилади марказ ахборот хизмати тарқатган хабарда.

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan