Мақолалар

Дарахт шохи Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига келди ва сўнг яна қайтиб кетди

Чоп этилди Iyul 20, 2019 Дарахт шохи Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига келди ва сўнг яна қайтиб кетдиda fikr bildirishni o'chirish

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қавмларидан етган озор, ғам, ташвишлардан сиқилиб Макка тоғларига чиқиб кетдилар ва: “Эй Раббим! Кўнглим ором оладиган ва мендан бу қайғуни кетказадиган нарсани кўрсатгин”, деб илтижо қилдилар.

Аллоҳ таоло: “Бу дарахт шохларидан хоҳлаганингни чақир”, деб ваҳий қилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир шохни чақирдилар. Шох жойидан ажраб, ерни чизиб келиб у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига келди. Унга: “Жойингга қайтиб бор!” дедилар.

Бундан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг кўнгиллари хотиржам бўлди ва Аллоҳга ҳамд айтдилар. Мушриклар: “Эй Муҳаммад! Ота-боболаринг адашган кимсалар бўлганми?!” дедилар. Аллоҳ таоло: (Эй Муҳаммад! Мушрикларга) айтинг: «Ҳали сизлар мени Аллоҳдан ўзгага ибодат қилишга буюряпсизми, эй нодонлар!” (Зумар сураси, 64-оят) (Ҳасан ҳадис. Имом Байҳақий ривояти).

Бошқа ривоятда бундай келтирилади:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мушрикларнинг азиятларидан хафа бўлиб: “Аллоҳим, менга бугун бир оят-аломат кўрсатгин! Бундан сўнг мени ёлғончи деган кимсаларга парво қилмайман”, дедилар.

Аллоҳ таолодан буйруқ бўлди ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадина тарафда турган бир дарахтни чақирдилар. Шох ер чизиб келиб у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига етиб келди. Унга: “Жойингга қайтиб бор!” дедилар, у қайтиб жойига борди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бундан сўнг мени ёлғончига чиқарган қавмимга парво қилмайман”, дедилар” (Ҳасан ҳадис. Имом Байҳақий ривояти. Иккинчи ҳадис, аввалгисини тасдиқлайди).

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 23000 сўм