Мақолалар

Уйингиздаги қайси нуқталар микроблар макони эканини биласизми?

Чоп этилди Iyul 20, 2019 Уйингиздаги қайси нуқталар микроблар макони эканини биласизми?da fikr bildirishni o'chirish

Одамлар «кир кўринган» жойларни тозалаш ўрнига ўз уйлари бўйлаб зарарли микроблар тарқалиши олдини олишга эътибор қаратгани маъқул, дейилади Британияда жойлашган Оммавий Саломатлик бўйича Қироллик Жамияти ҳисоботида.

Жамиятнинг огоҳлантиришича, қўллар, кийимлар ва хонадаги юзаларни ўз вақтида тозалаш гигиена учун муҳим – аммо ҳар тўрт инсондан бири буни унча аҳамиятли эмас, дея ҳисоблайди.

Тозаликка айни вақтида амал қилиш инфекциялар ва антибиотик қаршиликни енгишга ёрдам бериши мумкин.

Шунингдек, «ўта тоза» тушунчаси ҳам ҳақиқатга тўғри келмаслиги айтилади.

Ҳисобот муаллифларига кўра, жамиятнинг катта қисми ифлослик, микроблар, тозалик ва гигиена тушунчалари ўртасидаги фарқни яхши англай олмайди.

Икки минг нафар инсон иштирок этган сўровномада одамларнинг 23 фоизи иммун тизимини мустаҳкамлаш учун болалар зарарли микроблар таъсирида қолиши зарурлигини таъкидлаган.

Бироқ ҳисоботни тайёрлаган экспертлар бунинг «анчайин хатарли қараш» эканини таъкидлаб, болаларга беэътибор бўлиш уларнинг хавфли инфекцияларни юқтириб олишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирганлар.

Бунинг ўрнига одамлар уйдаги маълум жойларни – ҳаттоки, улар тоза кўринса ҳам – ўз вақтида тозалашга эътибор қаратиши лозим, дейди мутахассислар.

Қандай вақт ва ҳолатларда гигиенага риоя қилиш лозим?

  • овқат тайёрлаганда ва унга тегинганда
  • қўл билан овқатланганда
  • ҳожатхонадан чиққандан сўнг
  • йўталган, аксирган ва бурунни қоққан вақтда
  • «кир» кийимларни ушлаган ва ювган пайтда
  • уй ҳайвонларига тегинганда
  • уйни тозалаб, ахлатни ташлаб келганда
  • инфекция юқтирган оила аъзосига ғамхўрлик қилганда

Овқатланиш, ҳожатхонадан фойдаланиш, йўталиш, аксириш, уй ҳайвонларини ушлаш ва касал одамларга қарашдан сўнг қўлларни ювиш ўта муҳимдир, дейилади ҳисоботда.

Гўшт каби хом озиқ-овқатларни тайёрлашдан кейин ёки айрим таомларни тайёрлашдан олдин ошхона юзалари ва маҳсулотлар майдаланадиган тахтачаларни тозалаш талаб этилади.

Идиш-товоқлар ювиладиган латталар ва чўткаларни ҳам фойдалангандан сўнг яхшилаб тозалаш тавсия қилинади.

Пол ва уй жиҳозлари ифлос кўриниши мумкин, лекин, одатда, улар юзасидаги микроблар соғлиқ учун у қадар жиддий хавф туғдирмайди.

Тозалаш бактерияларни қандай йўқотади?

Хона юзалари ва идишларни илиқ, совунли сув билан ювиш бактерияларни кетказиб, уларнинг канализацияга оқиб кетишини таъминлайди.

Бироқ бактерияни батамом ўлдириш учун уни 70 даражадан юқори ҳароратли сувда маълум вақт ушлаб туриш керак бўлади.

Қандай маҳсулотлардан фойдаланмоқ лозим?

Уйни тозалашда уч асосий категорияга мансуб маҳсулотларни ишлатиш мумкин.

  • тозалаш воситалари – юзани ювади ва ёғни кеткизади, аммо бактерияларни ўлдира олмайди.
  • дезинфекцияловчи воситалар – бактерияни ўлдиради, лекин ёғ билан қопланган ёки аниқ кўриниб турган чангли юзаларни самарали тозалай олмайди.
  • Санитария-гигиена воситалари – уларни ҳам тозалаш, ҳам дезинфекциялашда қўллаш мумкин. Аввалига бундай воситалар билан чанг, овқат қолдиқлари ва ёғни тозалаб, сўнг юзага дезинфекцияловчи воситаларни қўллаш яхши самара бериши мумкин.

Энг муҳими, ҳар қандай восита қадоғига ёпиштирилган қўлланмани диққат билан ўқиш зарур, дейди экспертлар.

Шунингдек, овқат тайёрлашдан аввал ошхона юзаларини латта билан артишдан кўра, қоғоз сочиқларни ишлатган маъқул. Сабаби қайта-қайта ишлатилган латта бактериялар маконига айланиб қолади, огоҳлантиради мутахассислар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Экспертлар нима дейди?

Гигиена ва Тропик Тиббиёт бўйича Лондон Мактабидан профессор Салли Блумфилднинг айтишича, одамлар тозалик ва гигиена ўртасидаги фарқни англаб етиши лозим.

«Тозалаш чанг ва микробларни кетказишни англатган бир вақтда, гигиена уйдаги жойларни ўз вақтида ва тўғри йўл билан тозалаш, демакдир.»

Гигиена бўйича эксперт Лиза Акерли шундай дейди: «Ташқарига чиқиш, дўстлар, оила аъзолари ва уй ҳайвонларига жисмонан тегиниш «яхши бактериялар»ни танага юқтиришга ёрдам беради ҳамда фойдали микробиомни шакллантиради. Бироқ одамлар танганинг нариги тарафини кўра олиши ҳам муҳим. Гигиена ҳеч қачон эсдан чиқмаслиги зарур.»

«Вақтида ва тўғри амал қилинган гигиена инфекциялардан арзон йўл ва ортиқча ташвишсиз ҳоли бўлишни таъминлайди», қўшимча қилади Акерли хоним.