Мақолалар

Намоз – диннинг асосий устуни

Чоп этилди Iyul 20, 2019 Намоз – диннинг асосий устуниda fikr bildirishni o'chirish

Пайғамбар (алайҳиссалом): “Аллоҳ таоло бандаларига тавҳиддан кейин намоздан кўра Ўзига севикли бўлган нарсани фарз қилмади (яъни, Аллоҳ таолонинг бандаларига энг яхши кўрган фарзи биринчиси тавҳид бўлса, иккинчиси намоздир). Агар намоздан кўра унга маҳбуброқ нарса бўлганда эди, малоикаларга уни буюрган бўларди, малоикалар эса ўшани адо этишарди. Малоикаларнинг руку қиладиган, фақат саждада турувчи, хушу ила қоим бўлиб турувчи ва доим қаъдада ўтирадиганлари бор”, дедилар.

Яъни, Аллоҳ таоло фаришталарининг унга ана шу ҳолатларда ибодат қилишларини яхши кўради, шунинг учун фаришталарнинг баъзилари доим саждада, баъзилари доим рукуда, бошқалари қиёмда, яна бирлари ўтирган ҳолатда ибодатда бўлишади.

Аллоҳ таоло башариятга ҳам турли хил малоикаларнинг ибодат усулларини ўзида мужассам қилган намозни фарз қилди, намоз билан унга бандалик қилишларини яхши кўрди. Намоз барчага бирдек фарз, магар мажнун, балоғатга етмаган болаларга фарз эмас. Жамиятда тутган ўрни нечоғли баланд бўлса-да, касби ҳарчанд оғир бўлса-да, бемор ёки олис юртларда мусофир бўлса-да, эрки ўзида бўлмаса-да (ҳуши бўлса бас), эркак-аёл – ҳаммага бирдек фарз, ҳар кун беш вақт ўқиш фарздир.

Мусулмонлик даъво қилган ҳар қандай киши учун намоз ди­ний ва илоҳий мажбурият бўлиб, уни чиройли суратда, ўз вақтида адо этиши лозим. Акс ҳолда, оят ва ҳадислардаги ваъидларга мустаҳиқ бўлади. Қиёмат куни аҳволи жуда оғир бўлади, бу нарсадан оят ва ҳадисларда огоҳлантирилган, жумладан:

 «Сўнгра уларнинг ортидан намозни зое қилган ва шаҳ­ватларга эргашган кимсалар ўрин олди. Энди улар, албатта, ёмонликка (ёмон жазога) йўлиқур» (Марям, 59).

Ушбу ояти каримадан олдинги ояти карималарда улуғ набий ва расуллардан баъзиларининг зикри келади. Улар “Аллоҳ таолога му­ҳаббатли, ҳассос қалбли, Раббисига итоатли, ҳидоятга эришган ва илоҳий неъматларга сазовор бўлган олиймақом зотлар”, деб таърифланади. Ана шу таърифлардан сўнг Аллоҳ таоло биз кел­тирган мазкур ояти каримани баён қилади. Яъни, ана шундай са­доқатли, тақволи, намоз ва закотларини вақтида адо этадиган зотлар ортидан, уларнинг ўринларига нобакор, фосиқ ва бетавфиқ ўринбосарлар келди. Бу бетавфиқ кимсалар намозни зое қилди. Намозни зое қилиш, уни ўқимай, вақтига беэътибор бўлиш энг кат­та мусибат эканини ушбу ояти каримадан билиб олсак бўлади. Бенамоз одам ҳар қандай ёмонликдан, гуноҳдан тап тортмайди­ган бўлиб қолади, шунинг учун мазкур нобакор ўринбосарлар намоз­ни зое қилгани зикр этилгандан кейин шаҳватларига эргашганла­ри баён этилмоқда. Яъни, улар ҳавойи нафслари нимани истаса, шуни қиладиган бўлишади. Жумладан, ароқхўрлик, зинокорлик, айш-ишрат, ўйин-кулги каби шаҳватлар шулар жумласидандир. Энди улар намозни зое қилиб, нафсларига қул бўлиб юраверади. Оқибат эса улар учун жуда аянчли бўлади. Улар Аллоҳ таолонинг жазосига гирифтор бўлади. Лекин барибир Аллоҳ таоло меҳрибон Зот, уларга яна бир бор имкон бериб, тавба эшигини очади:

 «Магар ким тавба қилса ва имон келтириб солиҳ амал қилса, бас, ана ўшалар жаннатга кирур ва (уларга) ҳеч зулм қилинмас» (Марям, 60).

Намозни зое қилиб, шаҳватларига эргашиб, фақат яшаб юрганлардан ким тавба қилса, инсонга умр фақат яхши еб-ичиш учунгина берилмаганини тушуниб, гуноҳларидан афсус-надомат чекиб, тамомила тўғри йўлга қайтса, имон келтириб, мўмин бўлса ва яхши амалларни адо этса, ёмонликка, оғир жазога учрамас, балки у жаннатга кирур. Имонида содиқлиги ва адо этган солиҳ-эзгу амаллари эвазига жаннатий бўлур. Ҳеч қандай зулм-азобга учрамас.

Ўзимиз барча намозларни адо этадиган бўлиб, тўғри йўлда юрганимиздан кейин дилбандларимиз, ўғил-қизларимизга, улар­нинг одобига эътибор қаратишимиз лозим.

عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ عَنْ أَبِيهِ عَنْ جَدِّهِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:“مُرُوا أَوْلَادَكُمْ بِالصَّلَاةِ وَهُمْ أَبْنَاءُ سَبْعِ سِنِينَ وَاضْرِبُوهُمْ عَلَيْهَا وَهُمْ أَبْنَاءُ عَشْرٍ وَفَرِّقُوا بَيْنَهُمْ فِي الْمَضَاجِعِ”

Амр ибн Шуъайб отасидан, отаси эса бобосидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Фарзандларингизни етти ёшида намозга буюринг! Улар ўн ёшга етганида намоз ўқимаса, уринг ва ётар ўринларини ажратиб, алоҳида қилиб қўйинг”, дедилар» (Абу Довуд).

Ҳар бир ота-она фарзанд тарбиясига бу дунёда ҳам, охиратда ҳам масъул. Уларни гўзал адаб-ахлоқли, диёнатли қилиб ўстириш биз ота-оналарга ҳам фарз, ҳам қарздир. Пайғамбар (алайҳиссалом) бизларни фарзандларимиз олдидаги бурчимиздан келиб чиқиб, уларга намоз таълимини беришга буюрдилар. “Фарзандларингиз етти ёшга етганда намоз ўқисин”, дедилар. Маълумки, фарзанд етти ёшида ҳали ҳам бола ҳисобланади. Кўп нарсага ақли етмайдиган, ўйин-кулгини яхши кўрадиган бўлиши табиий.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” (1-жилд) китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 34000 сўм