Мақолалар

Қабр азобидан паноҳ сўрайлик

Чоп этилди Iyul 21, 2019 Қабр азобидан паноҳ сўрайликda fikr bildirishni o'chirish

Қабр ва ундан кейинги ҳолатлар нақадар хатарли эканини яхшилаб идрок этмоқчи эканмиз, келинглар, Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисга қулоқ тутайлик. У киши айтадилар: “Биз ансорлардан бўлган бир кишининг жанозасида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга иштирок этдик. Қабристонга бориб, маййит лаҳадга қўйилгач, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўтирдилар. Биз ҳам атрофларига ўтирдик. Бошимизга худди қуш қўнгандек ўтирар эдик. У зотнинг қўлларида асо бўлиб, у билан ер чизиб ўтирардилар. Сўнг бошларини кўтариб икки ёки уч маротаба: “Қабр азобидан Аллоҳ паноҳини сўранглар”, дедиларда, яна давом этдилар: «Албатта, мўмин банда дунёдан узилиб, охиратга юзланиб турган вақтида самодан юзлари оппоқ бўлиб, худди қуёшдек порлаб турган фаришталар қўлларида жаннат кафани ва жаннат хушбўйлиги билан тушиб, унинг олдига ўтиришади. Кейин ўлим фариштаси келиб: “Эй пок нафс, Аллоҳнинг мағфирати ва розилиги томон чиқ”, дейди. Шунда унинг руҳи (жони) худди идиш оғзидан сув оқиб чиққандек (осон) чиқади. Фаришталар унинг жонини олишгач, бир лаҳза ҳам қолдирмасдан, уни ана шу кафан ва хушбўйликка чулғашади. Ундан мушк ҳиди­дек хушбўйлик та­ра­либ, бутун ер юзини тутиб кетади. Сўнг уни (осмонга) кўтаришади. Бирор фаришталар жамоаси олдидан ўтиб қолса, улар: “Бу қандай пок руҳ?” дейишади. Руҳни олиб кетаётганлар: “Фалончининг ўғли фалончи”, деб уни дунёдаги энг гўзал исмлар билан аташади. Юксалиб, дунё осмонига етишга­ни­да, уларга осмон эшиклари очилиб, то еттинчи осмонга­ча кўтарилишади. Ҳар осмонда ўша осмон фаришталари уни кузатиб боришади. Еттинчи осмонга етганида Аллоҳ таоло: “Бандамнинг китобини Иллийюнга (Иллийюн – яхши, солиҳ кишилар қилган амаллар ёзилиб турадиган китоб бўлиб, еттинчи осмонда сақланади)” ёзиб қўйинглар ва уни ерга қайтаринглар. Мен уларни ердан яратдим, ерга қайтараман ва кейин яна ердан чиқара­ман”, дейди. (Ерга туширилиб, қабрда) ру­ҳи жасадга қайтарилганида, унинг олдига икки фаришта келиб, ўтқазишиб, сўрашади: “Раббинг ким?” У: “Раббим Аллоҳ”, дейди. Улар: “Дининг нима?” дейишади. У: “Диним Ислом”, дейди. Улар Ҳазрат Муҳам­мад (алайҳиссалом) ҳақларида: “Сизларга юборилган бу киши ким?” дейишади. У: “Аллоҳнинг элчиси”, дейди. Улар: “Буни нима орқали билдинг?” дейишади. У: “Аллоҳнинг Китобини ўқидим. Уни тасдиқ этиб, имон келтирдим”, дейди. Шунда самодан бир нидо қилувчи нидо қилиб: “Бандам тўғри айтди. Унга жаннатдан тў­шак тўшанглар. Жаннатдан ки­йим кийгизинглар. Унинг учун жаннатдан туйнук очиб қўйинглар”, дейди. Бас, унга жаннат раҳматидан ва хуш бўйидан келиб туради. Қабри кўзи етган жойгача кенгаяди. Сўнг­ра унинг олдига гўзал юзли, чиройли кийимли ва ёқимли ҳид­ли киши келиб: “Сени хурсанд қиладиган башорат­ни бераман. Бу сенга ваъда қилинган кундир”, дейди. Шунда у: “Сен кимсан? Юзинг яхши­лик ку­тиладиган юз­дир”, деб сўрайди. Келган киши: “Мен сенинг (дунёда қилган) солиҳ амалингман”, дейди. Шунда (мўмин) руҳ: “Раббим, қиёматни қўптир, токи мен аҳлим ва молим ол­ди­га қайтайин, дейди».

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна айтдилар: «Ал­батта, кофир банда дунёдан узилиб, охиратга юзланиб турган вақтида самодан қора юзли фариш­талар қўлларида дағал мато билан тушиб, ундан узоқроққа ўтиришади. Сўнг ўлим фариштаси унинг боши олдига келиб: “Эй хабис (ифлос) нафс! Аллоҳнинг ғазаби ва қаҳри томон чиқ”, дейди. Бас, (руҳи) ажраб, худди сих ҳўл юнгдан суғуриб олинганидек тортиб олинади. Олишлари биланоқ уни ана шу дағал матога қўйишади. Ундан ўлимтик ҳидидек ёқимсиз ҳид чиқиб туради ва ер юзи­ни тутиб кетади. Сўнг уни (осмонга) кўтаришади. Бирор фаришталар жамоаси олдидан ўтиб қолсалар, улар: “Бу қандай хабис руҳ?” дейишади. Руҳни олиб кетаётганлар: “Фалончининг ўғли фалончи”, деб уни дунёдаги энг хунук исмлар билан аташади”. Кўтарилиб, дунё осмонига етишганида, унинг учун осмон эшиклари очилмайди».

Сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

“Албатта, оятларимизни ёлғонга чиқарган ва улардан кибр­ланиб бош тортганлар учун осмон эшиклари сира очилмагай ва нина кўзидан туя ўтмагунга қадар жаннатга кирмаслар. Жиноятчиларни ана шундай жазолагаймиз” (Аъроф, 40) ояти­ни ўқидилар.

«Бас, Аллоҳ таоло: “Унинг китобини ернинг энг тубидаги Сижжинга (Сижжин – кофир ва фосиқ кишилар қилган амал­лар ёзилган китоб, етти қават ер остида сақланади) ёзиб қў­йинглар”, дейди. Шунда унинг руҳи улоқтириб юборилади».

Сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уш­бу оят­ни ўқидилар:

“…Кимки Аллоҳга ширк келтирса, бас, у гўё осмондан қу­лаган ва уни қушлар (ўлжа қилиб) олиб кетган ёки уни (қаттиқ) шамол йироқ жойга учи­риб кетган (жонсиз нарса) кабидир” (Ҳаж, 31).

«Кейин (қабрда) унинг руҳи жасадига қайтарилиб, икки фаришта келиб, уни ўтқазиб: “Раббинг ким?” деб сўрайди. У: “А, а… билмайман”, дейди. Улар: “Дининг нима?” дейишади. У: “А, а… билмайман”, дейди. Улар: “Сизларга юборилган бу киши ким?” де­йишади. У: “А, а… билмайман”, дейди. Шунда самодан бир нидо қилувчи нидо қилиб: “У ёлғон айтди. Унга дў­захдан тўшак тў­шанглар. Унинг учун дўзахдан туйнук очиб қўйинглар”, дейди. Бас, унга дўзах алангасидан ва иссиғидан уфуриб турилади. Қабри торайиб, ҳатто қовурғалари бир-бирига киришиб кетади. Сўнгра унинг олдига хунук юзли, кўримсиз кийимли ва сассиқ ҳидли киши келиб: «Сени ғамга ботирадиган “башорат”ни бераман. Бу сенга ваъда қилинган кундир”, дейди. Шунда у: “Сен кимсан? Юзинг ёмонлик кутиладиган юздир”, деб сўрайди. Келган киши: “Мен сенинг (дунёда қилган) ёмон амалингман”, дейди. Шунда (кофир) руҳ: “Раббим, қиёматни қўптирма”, дейди».

Юқорида келтирилган ривоятлардан маълум бўладики, қабрда ҳам ўзига хос бир ҳаёт бор. Шу орқали, гарчи жисмлар парчаланиб кетган бўлсада, неъмат ва азоб таъсири идрок қилинади. Албатта, бу бизга маъ­лум бўлмаган ва кайфияти борасида баҳс қилинмай­ди­ган, лекин бўлиши муқаррар ишдир. Бу тушида лаззат ёки аламларни кўриб ухлаб ётган киши ҳолатига ўхшайди. Айни пайтда унинг атрофидаги бошқа кишилар ҳеч нарсани кўришмайди. Қабрдаги ҳолатлар ва овозлар биз, бандаларга раҳмат юзасидан кўрсатилмайди ва эшиттирилмайди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар бир-бирларингизни дафн қилмаганларингизда эди, Аллоҳдан сизларга қабр азобини эшиттиришини сўраган бўлар эдим”, деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм