Янгиликлар

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири АҚШда USAID администратори билан учрашди

Чоп этилди Iyul 22, 2019 Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири АҚШда USAID администратори билан учрашдиda fikr bildirishni o'chirish

2019 йилнинг 19 июль куни АҚШда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) администратори Марк Грин билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилади.

Музокараларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун истиқболли йўналишлар юзасидан батафсил фикр алмашилди, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида мустаҳкам кўп қиррали ҳамкорлик нуқтаи назаридан Агентлик билан самарали алоқаларнинг устувор жиҳатлари муҳокама қилинди.

Марк Грин Агентликнинг Ўзбекистон билан ҳар томонлама ҳамкорликка ва Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини тасдиқлади.

Мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестицион-технологик алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Таълим соҳасига йўналтирилган инвестициялар энг катта унум келтириши таъкидланди.

«Таълим соҳасига сармоя киритиб, сиз келажак уруғини экасиз, чунки муносиб таълимсиз дунёдаги тобора кучайиб бораётган рақобатга дош бериш имконсиз», – деди USAID администратори.

Агентлик раҳбарига Ўзбекистоннинг 5 йиллик ривожланиш стратегиясининг асосий қоидалари, АҚШнинг қатор давлат идораларида ўтказилган делегация музокаралари натижалари тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Учрашув якунига кўра Ўзбекистон ва Вашингтон шаҳридаги USAID бош қароргоҳи ўртасида турли даражаларда алоқаларни жадал кенгайтириш тўғрисида келишувга эришилди.