Мақолалар

Яхши хулқ – ёшлар таянчи

Чоп этилди Iyul 23, 2019 Яхши хулқ – ёшлар таянчиda fikr bildirishni o'chirish

Ёшларнинг барча соҳада етакчи бўлишлари учун энг аввало, одоб-ахлоқли бўлишлари лозим. Чунки одоб охират неъматларига етказувчи асосий воситалардан бири ҳисобланади. Бу барча динларда бирдай тасдиғини топган. Ислом динининг муқаддас китоби Қуръони каримда ҳам, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларида ҳам одоб-ахлоқ масаласига алоҳида эътибор берилган. Фарзанд тарбияси ҳақида олдинлари ҳам жуда кўп гапирилган, лекин бу мавзу ҳамма вақт бирдай муҳим ва долзарб бўлгани сабабли бу хусусда махсус мавъизалар қилишни лозим деб топдик. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай оят бор: «Ер юзида кибрланиб юрма! Чунки сен (оёқларинг билан) зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан» (Исро сураси, 37-оят).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ҳадисларида: “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”, деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).

Киши ўғил-қизини кичиклигидан тарбиялаб, одоб бермоғи керак. Маълум ёшга етгач, баъзи нарсаларни болага қабул қилдириш қийин бўлади. Оила раиси оила аъзоларининг баъзи айбларини кечириши керак бўлади. Заиф ва кичиклар айб қилиши мумкин. Шунинг учун уларни қўрқитишдан кўра кечириш яхшироқдир. Қуръони каримда ота-оналарга қарата бундай хитоб қилинади: «Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз…» (Таҳрим сураси, 6-оят).

Жаноби Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадиларки: “Сизларнинг ҳар бирингиз бамисоли чўпондирсизларки, ўзингизга қарашли раиялар учун катта масъулият бўйинларингизга юклангандир”.

Юқоридаги ҳадисдан ҳам билиб олсак бўладики, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар бир ота-онани ўз фарзандлари учун ­масъул эканини очиқ айтмоқдалар.

Ҳусни хулқ инсондаги барча фазилатларнинг энг олий ва афзалидир. Чунки ҳусни хулқ эгасидан доимо яхшилик кутилади: ўзига, оиласига, жамиятга, балки бутун атроф-муҳитга ундан фақат манфаат етади.

Жамиятимизнинг эртанги эгалари бўлган ёшлар учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нақадар улуғ сўзлар айтиб қолдирганлар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладиларки: “Қиёмат кунида мезон тарозусида энг оғир келадиган амаллардан бири – бу Аллоҳ таолога тақво қилиш ва ҳусни хулқлиликдир”.

Яна бир ҳадиси шарифда марҳамат қилиб: “Эй умматларим! Сизлар бир-бирингизни ҳеч қачон молу давлат, хайру эҳсонлар билан батамом миннатдор қила олмайсизлар. Бинобарин, очиқ юзли ва хушхулқлилик билан бир-бирларингизнинг розиликларингизни топишга ҳаракат қилингизлар”, дейилган (Имом Баззор ва Имом Байҳақий ривояти).

Фарзандларга чиройли одоб-ахлоқ ва мусулмончиликни ўргатиш нафл ибодатдан кўра афзал ва савоблироқдир. Чунки фарзандларнинг солиҳ дурустлиги билан киши қабрида роҳат топади. Яхши фарзанднинг садақаи жорияси, савобли ишлари ота-онасининг қабрини пурнур, руҳи пок­ларини шод ва масрур килади.

Яхши хулқ-одоб белгилари ўн хил бўлади: биринчиси – хайрли ишларда одамлар билан зиддиятга бормаслик. Иккинчиси – ҳис-туйғу ва эҳтиросларга берилмаслик. Учинчиси – ўзгаларнинг камчилигини қидирмаслик. Тўртинчиси – бировларнинг бахтсизлигига ҳамдард бўлиб, уни тўғри тушуниш. Бешинчиси – агар айбдор ўз айбига иқрор бўлса, уни афв этиш. Олтинчиси – муҳтожларга ёрдам кўрсатиш. Еттинчиси – кишилар тўғрисида ғамхўрлик қилиш. Саккизинчиси – ўз нуқсонларини кўра билиш. Тўққизинчиси – одоб-ахлоқли бўлиш. Ўнинчиси – хушмуомалали бўлиш. Сарвари олам: “Бамисоли сирка асални бузганидек, бадфеъллик ва ахлоқсизлик ҳам кишининг қилаётган амалларини бузади”, деб марҳамат қилганлар (Имом Ҳоким ривояти). Яна бир ҳадиси шарифда эса: Мўминлар онаси Ойша (розияллоҳу анҳо)дан: «“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хулқлари қандай эди?” деб сўрашганида, у киши: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хулқлари Қуръон эди”, деб жавоб бердилар ва “Мўминлар нажот топдилар” оятини “Улар закотларини асрагувчи (адо этувчи)дирлар”гача ўқидилар» (Имом Насоий ривояти).

Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: “Менга насиҳат қилинг”, деди. “Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳдан қўрқ”, дедилар. “Яна кўпайтиринг”, деди. “Ёмонлик орқасидан яхшилик қил, у ёмонликни ўчиради”, дедилар. “Яна кўпайтиринг”, деди. “Инсонларга чиройли хулқ билан муомалада бўл”, дедилар.

Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Қиёмат кунида менга энг суюкли ва макони яқинларингиз хулқи чиройлироғингиздир”.

Ваҳб ибн Мунаббаҳ бундай деганлар: “Ёмон хулқ синган сопол идишга ўхшайди: уни ямаб ҳам, лойга қайтариб ҳам бўлмайди”.

Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) бир куни ёшлар тарбиясига эътиборни жалб қилиш мақсадида ҳамсуҳбатларига: “Экин пишиб етилганидан сўнг нима қилинади?” деб савол бердилар. Улар: “Ҳосили йиғиб олинади”, дейишди. Шунда Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Эй йигитлар! Шуни билингларки, гоҳида экин пишиб етилмасидан олдин унга офат (касаллик) етиши ҳам мумкин”, деб кишининг ўспиринлик даврини қандай ўтказиши унинг келажакда ким бўлиб етишишида муҳим ўрин тутишига ишора қилдилар.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда эса: “Мўмин кишининг мўмин киши устида олтита ҳақи бор: учрашганда салом беради; чақирса, боради; насиҳат сўраса, насиҳат беради; акса урса, жавоб беради; касал бўлса, бориб кўради; вафот этса, жанозасида иштирок этади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: “Қазо ва ҳукмимга ишонган, Қуръоннинг ҳукмига бўйсунган, берган ризқимга қаноат қилган, Менинг ризолигим йўлида шаҳвоний истакларини тарк этган ёш мўмин (Менинг наздимда) малаклар даражасидадир”, деган.

Бу ҳадиси қудсийдан биз қуйидагича сабоқ олишимиз мумкин:

Шаҳват – нафснинг керагидан ортиқ истаги, озига қаноат қилмаслик, кўпга тўймасликдир. Ёшлигида куч-қуввати ўзида, соғлом бўлатуриб, ўзини Аллоҳга таслим этган, Исломга кириб, тўла-тўкис амал қилган ёш йигит Аллоҳ томонидан малаклар даражасида васф этилмоқда. Чунки фаришталар Аллоҳдан оғишмай, бенуқсон ибодат қилувчилардир; нафсоний, шаҳвоний истаклар уларда йўқ. Аллоҳ васф этган ёш мўмин оддий фаришталардан зиёдадир. Чунки унда нафс бор. Нафсига қарши курашиб, машаққатлар чекиб, нафсоний ва шаҳвоний истакларни Аллоҳ ризоси йўлида тарк этади. Фаришталарда шаҳвоний истаклар бўлмагани сабабли ёш мўмин чеккан машаққатлар уларда бўлмайди. “Малаклар”дан мурод эса оддий фаришталар эмас, балки мақоми баланд, юксак мартабага эга бўлган фаришталардир. Демак, Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда васф этган ёш мўминнинг мақоми юксак мартабали фаришталарга тенгдир.

Ҳасан Басрий ҳазратлари айтади: “Агар мўминлар гуноҳ қилмасалар эди, само мулкидаги малоикалар каби учган бўлардилар”. Лекин Аллоҳ таоло гуноҳлари туфайли уларни бундан ман қилди.

Муҳйиддин ибн Арабий (раҳматуллоҳи алайҳ) дейди: “Ҳақойиқи олам инсонга оиддир. Инсон оламдан фақат кичиклиги билан ажралиб туради. Бу олам асли икки қисмдан иборат бўлиб, бири камолотни қабул этмагани учун яратилгани бўйича қолган, бири эса камолотни қабул қилди ва бунда Аллоҳ таолонинг Жалол ва Жамол сифатлари тажаллий этади, шу боис у Аллоҳ учун ҳар ҳолатда мукаррам ва афзалдир”.

Юқорида келтирилганлардан хулоса қилиб айтамизки, одоб, чиройли хулқ ёшлар, фарзанд­ларимиз камоли сари қўйилган илк қадамдир. Одоб ва ҳусни хулқ эгаси бўлган ёшларгина илм ва касб-ҳунарда юксак чўққиларга етиша оладилар. Аллоҳ таоло ёшларимизни ҳусни хулқ ва одоб ила музайян қилсин.

 

 

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм