Мақолалар

Отаси номаълум, онаси эса воз кечган…

Чоп этилди Iyul 23, 2019 Отаси номаълум, онаси эса воз кечган…da fikr bildirishni o'chirish

 

 

Инсон ҳаётидаги энг беғубор ва бахтли дамлар – бу болалик. Нотинчлик ва уруш ҳукм сураётган давлатларда болаларнинг болалиги йўқолгани ачинарли. Лекин тинч ва фаровон юртда ота-она меҳрига зор улғаётган болаларнинг айби нимада?.. 

Алла айтай, жоним болам, қулоқ солгин, алла

Ширин аллам тинглаб аста, ухлаб қолгин,болам, алла

Алла айтсам яйрайсан, алла,

Кулиб-кулиб қарайсан, алла.

алла, болам, алла болам-э

Жонимнинг учи, болам, алла,

Меҳримнинг кучи болам, алла.

Афсуски, янграётган бу ширали овоз соҳибаси кичик ёшдаги болалар гуруҳининг энагаси. Уни тинглаб, ором олаётган гўдаклар эса дунёга келтирган онаси борлигини, бу ердан узоқ-узоқларда ўз ғам-ташвиши билан яшаётганини билмайди. Бор дунёни ўзига сингдирган, келажакдан умидлар олаётган дардли ноладан болалар сармаст эди. Алла оҳангларига маст бўлган болажон, бўлиқ қўлчаларини алла муаллифи – Шоирахонга чўзади.

Билмадим бу аллани ана шу мурғак гўдаклар ўз оналари тилидан тинглаши керак эмасмиди?!

– Олти йилдан буён шу ерда ишлайман. Болаларни жуда яхши кўраман, –дейди Шоира Юнусова. – Ҳар кун тушда болаларни ухлатиш учун алла айтиб бераман. Менинг ҳам уч фарзандим бор. Уларни қанчалик яхши кўрсам, бу болаларни ҳам улардан кам кўрмайман. Ахир, боланинг бегонаси бўлмайди.

Кийин болажон, олиб кетиш учун онанг келди!

Болалар уйини айлансангиз, катталарнинг турли-туман жиноятлари ва гуноҳлари учун жабр чекаётган етмиш саккиз нафар мурғак жонни кўрасиз.

Уларни бир қисми соғлом бўлса, қолгани даволашнинг имкони ва иложи йўқ оғир дард билан курашаётганига гувоҳ бўласиз.

–Улар бетоблигининг сабаблари турлича, –дейди Тошкент шаҳар болалар уйи бош шифокори Озода Исломова.– Бир қисмининг ота-онаси қариндош бўлгани учун бола ирсий касалликлардан жабр чекмоқда. Ана шундай тоифадаги ўн нафардан зиёд бола бор. Уларнинг ота-онаси, бобо-бувилари гоҳида келиб, хабар олиб туришади. Муҳаммаджон исмли болакайнинг бувиси доим келиб, юм-юм йиғлаб кетади. Унинг иккита набираси шу ерда. Яна бир тоифа болаларнинг отаси номаълум бўлиб, улар исталмаган фарзанд. Онаси болани тушириш учун турли дорилар истеъмол қилган бўлсада, бола туғилган. Бироқ, таблеткалар туфайли ногирон бўлиб қолган. Кейин гиёҳванд онадан туғилган болаларда ҳам нуқсонлар бор. Бу масканда ётоқли болалар жуда кўп. Мисол учун, Жасурбекнинг аҳволи жуда оғир. Овқат ейиш ва нафас олиш органлари ўртасида тешик бор. Санжарбек ва Мадина холаваччаларнинг оиласида дунёга келган. Оиладаги икки бола ҳам кўр туғилган. Бундай бетоб болалар сони анчагина.

Мана шу маскан бўлмаслиги, Озода опанинг ягона орзуси. Ҳеч бўлмаганда, деразадан кўчага маьюс термулган болакайга “болажоним либосингни тайёрла, сени олиб кетишга онанг келмоқда!” дея баралла айтишни истайди.

Россиядан келган болалар

Жуда чиройли безатилган, ўйинчоқлари кўп хонага кириб бордик. Бир гуруҳ болалар кароватчада ётибди, яна бир гуруҳи эса атак-чечак қилиб юришга ҳаракат қилмоқда. Бу карантин хонаси. Болалар уйига олиб келинган гўдаклар бу жойда 21 кун давомида кузатилиб, соғлиғи текширилар экан. Бу даврда уларда бирор бир нуқсон ёки яширин касаллик аниқланса, шунга асосан гуруҳга ўз ёшига мослаб қўшилар экан. Шу асосда уларни қандай парваришлаш тартиби ҳам ишлаб чиқилади.

Саида. Қош-кўзи жуда чиройли, оппоққина қизча. Қизалоқни оиласига қабул қилишга тайёр оила бор. Аммо унинг соғлиғи бунга тўсиқ бўлиб турибди. Жуссаси яхши ривожланган бўлсада, оёқлари жуда озғин. Унинг таҳлиллари Францияга юборилди. Агар соғайиб кетишига озгина умид бўлса ҳам оилага қабул қилишмоқчи.

Мухторова Малика. У соғлом. Яқинда уни олиб кетишади.

София церебраль фалаж. Онаси Россияга ишлагани бориб Софияни туққан. Кейин сотаётганда қўлга олинган.

Муҳаммаджон бир ярим ёш. Онаси одам савдосидан жабр кўрган.

Бу каби тақдири бир-бирига ўхшайдиган болалар сони 17 нафар.

–Улар 2017 йилнинг охиридан шу кунга қадар Россиядан олиб келинган болалар, – дейди Озода опа.– Оталарининг шахси номаълум. Оналари эса ишлагани бориб ҳомиладор бўлган. Сўнгра болаларини турли жойларга ташлаб кетган ёки сотишга уринганда қўлга олинган. Оналарини шахси аниқланиб, улар ўзбекистонлик бўлгани учун болалар бизга юборилган. Ҳозирча уларнинг тўрт нафарида хасталик аниқланди. Тўрт ёш бўлгандан кейин мурувват уйига юборилади. Соғломлари эса оилага берилади.

Эҳ, инсон, инсон. Моддий бойлик ортидан қувиб, оиласини ташлаб узоқларга кетаётган эркаклар, аёллар, сизнинг бузуқ нафсингизни деб қанча-қанча инсонлар жабр кўрмоқда. Айниқса, болажонларнинг жони азобда. Уларга тун-у кун меҳр бераётган энагаларга ҳам осон тутиб бўлмайди. Вақти келиб бу гуноҳларингиз учун жавоб бериш вақти ҳам келар, шунда виждонингиз олдида нималар дейсиз, ўзингизни қандай оқлайсиз. Бугун топган 100 доллар эртага бу саволлар олдида тўсиқ бўла олмаслигини англаб етадиган вақт ўтиб бормоқда.

Навбатда турган 405 оила болаларни қандай танлайди?

Халқимиз болажон. Янги туғилган чақалоққа ҳам катта тантана билан бешик тўйлари ўтказаётган ҳам шу халқ. Тўққиз ой вужудида сақлаб, не азоб ва дард билан дунёга келтириб ўз жигарбандини пуллаётган ҳам биз. Сотилиш даврида ушлаб қолинган болалар ҳам бир нечта. Бирини онаси минг долларга сотиб, тилла тиш қўйдирмоқчи бўлса, бошқаси янги кийимлар харид қилиш учун болани бозорга солган. Бу гўдакларнинг вояга етмагани ҳисобга олиниб, манфаатлари ва ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида болалар уйига жойлаштирилган. Бироқ, бу иснод, бу аянчли тақдир уларнинг келажагига рахна солмаслигига ким кафил бўла олади? Бир тарафда ўз зурриётидан воз кечаётган инсонлар. Бошқа тарафда эса тирноққа зор оилалар.

– Бола боқиб олиш истагидаги оилалар жуда кўп, – дейди Озода опа. –Баъзилари ўзлари истаган болани олиш учун 3, 4 йиллаб навбатда туришади. Чунки, бири сариқ бола хоҳласа, бошқаси кўк кўзли, оппоқ бола олишни хоҳлайди. Кимгадир қора қошли ўғил бола керак. Бошқаси қорамағиз қизалоқ истайди. Хуллас, ҳар бир инсоннинг бола борасида ўзига хос талаби мавжуд. Бунда биз ариза берган оилаларни навбат бўйича чақириб, гўдакларни кўрсатамиз. Биринчисига ёқмаса, кейинги оилага мос тушади. Янги бола келганда жараён бошқатдан бошланади. Биринчи, иккинчи, учинчи оила. Шу тариқа оилалар ўзлари истаган болани оилага қабул қилиши, фарзандликка олиши учун ҳаттоки, 3, 4 йиллар керак бўлади. Айримлари эса бир келишда, ўзларига ёққан болани олиб кетишади.

Ҳа, ҳаёт қизиқ, шунингдек ўта мураккаб. Инсон барчасига сабр қилмоғи лозим. САБР, САБР, САБР . Қани эди инсон шу нарсани ҳаётда доимо қўллаганда эди, ҳаёти бутунлай бошқача бўлган бўлар эди. Кимлардир болага зор, болалар эса ота-онага…

Сайёра ШОЕВА, Ёқуб МЕЛИБОЕВ, (видео), ЎзА