Мақолалар

Қўшнилар

Чоп этилди Iyul 24, 2019 Қўшниларda fikr bildirishni o'chirish

 وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالْجَنْبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ مَنْ كَانَ مُخْتَالًا فَخُورًا

«Аллоҳга ибодат этинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-оналарингизга эса яхшилик қилинглар! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинглар)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди» (Нисо сураси, 36-оят).

Ояти каримадаги “вал жари зил қурба”ни муфассирлар турлича тафсир қилишган. Али ибн Абу Талҳа Ибн Аббосдан ривоят қилади: «Оятдаги “вал жари зил қурба” қариндош қўшнидир. “Вал жарил жунуб” эса қариндошлиги бўлмаган қўшнидир. Икрима, Мужоҳид, Маймун ибн Миҳрон, Зайд ибн Аслам, Муқотил ибн Ҳайён ва Қатода ҳам шундай деган (“Тафсирул Қуръанил азим”, Ибн Касир, 1-жилд, 500-бет).

Абу Исҳоқ оятдаги “вал жари зил қурба”ни мусулмон қўшни, “вал жарил жунуб”ни эса ғайридин қўшни деб тафсир қилган.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менга Жаброил қўшни ҳақида жуда кўп васият қилдики, қўшни қўшнидан мерос оладими, деб ўйлаб қолдим” деганлар» (Имом Бухорий ривояти).

“Ким Аллоҳга ва охират кунига ишонса, яхшиликни гапирсин ёки жим турсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига ишонса, қўшнисига азият бермасин” (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳга қасамки, мўмин бўлолмайди” деб (уч марта) айтдилар. “Ким у, эй Аллоҳнинг расули?” деб сўралганда: “Қўшнисига ёмонлик қилган киши”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Абу Бакр Баззор Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қўшни уч хил бўлади. Битта ҳақи бўлган қўшни, иккита ҳақи бўлган қўшни ва учта ҳақи бўлган қўшни. Мусулмон бўлмаган қўшниларда фақат битта – қўшничилик ҳақи бор.  Иккита ҳақи бўлган қўшни – қариндош бўлмаган мусулмон қўшни. Унинг мусулмонлиги туфайли бир ҳақи, қўшнилиги сабабли иккинчи ҳақи бор. Учта ҳақи бўлган қўшни – қариндош, мусулмон қўшни бўлиб, унинг қариндошлиги туфайли бир ҳақи, мусулмонлиги туфайли иккинчи ҳақи ва қўшничилиги сабабли учинчи ҳақи бор” (“Тафсири Қуртубий” 5-жилд, 184-бет).

“Эшиги энг яқин бўлган қўшни яхшилик қилиш учун энг лойиқ қўшнидир” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу: “Уйидан овози эшитилиб турадиган киши қўшни”, деган. Ойша онамиз розияллоҳу анҳо ҳар томондан 40 уй қўшни эканини айтганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Зарр розияллоҳу анҳуга: “Эй Абу Зарр, шўрва қилсанг, сувини кўпроқ сол ва қўшнингга ҳам узат…” деганлар (Имом Муслим ривояти).

Қўшни ҳақлари тўғрисида сўраган саҳобага Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Касал бўлса, бориб кўр, вафот этса, жанозасида қатнаш, қарз сўраса бер, қийин аҳволда бўлса ёрдам қил. Бошига мусибат тушса, тасалли бер, уйингни томини баланд кўтариб, унга етиб турадиган шамол ва шабададан тўсма, пиширган нарсангдан унга ҳам чиқар!” (Имом Аҳмад ривояти) деганлар.

Демак, қўшнига моддий ёки маънавий азият бериш мумкин эмас. Моддий азият уйига, боғига, мол-мулкига тажовуз қилиш билан бўлса, маънавий азият ор-номуси, шаъни ва обрўсига тажовуз қилишдир.

 

Ибн Касирнинг “Тафсирул Қуръанил азим”,

Имом Қуртубийнинг “Тафсири Қуртубий”,

Абу Лайс Самарқандийнинг “Баҳрул улум” асарлари асосида

Толибжон НИЗОМОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 13-сонидан