Мақолалар

Жабрдийдага кўмаклашиш, хатокорни кечириш буюк фазилатдир

Чоп этилди Iyul 25, 2019 Жабрдийдага кўмаклашиш, хатокорни кечириш буюк фазилатдирda fikr bildirishni o'chirish

Бугун Ер юзида турли талатўплар кузатиляпти. Ҳали у минтақада, ҳали бу минтақада урушлар, қонли тўқнашув лар содир бўлаётгани барчамизни ташвишга солади.

Бундай вазиятда она сайёрамизни фақат бир нарса – инсонлараро дўстлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват, Ислом таълимотидан озиқланган чинакам маърифатгина қутқара олади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон АЛИМОВ ҳазратлари Суриядаги можароларга қўшилиб қолган Ўзбекистон фуқаролари юртимизга қайтарилгани ҳамда Рамазон ҳайити муносабати билан эълон қилинган афв тўғрисидаги Президент фармони ҳақида мухбиримизга қуйидагиларни сўзлаб берди.

– Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Юртимизни гўзал диёрлардан қилган, тинчлик-хотиржамликни ато этган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин. Эзгулик улашишни муқаддас динимизнинг шиори қилиб кетган Пай ғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳтарам Президентимиз адашиб, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган, маккорона тарғиботу ташвиқотларга учиб ёки бузғунчи гуруҳларга аъзо бўлиб, оқибатда ҳаёти буткул издан чиққан турли ёшдаги кишиларга ёрдам бериш ҳақида куй иниб, улар ҳам шу миллатнинг фарзандлари, биримизнинг укамиз, биримизнинг синглимиз эканини айтар эдилар. Яқинда ана шу сўзларнинг амалдаги ифодасига барчамиз гувоҳ бўлдик.

Шу йил 30 май куни муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан муборак Рамазон ойида “Меҳр” номли савоби жуда улуғ тадбир амалга оширилди. Тадбир натижасида 156 нафар Ўзбекистон фуқароси (аёллар ва болалар)ни Яқин Шарқдаги уруш можаролари бўлаётган ҳудудлардан Ватанимизга қайтаришга эришилди.

Юртимизга қайтган фуқаролар Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги “Бўстон” сиҳатгоҳига жойлаштирилди. Саксон нафардан зиёд шифокор, руҳиятшунос ва маҳалла фаоллари улар билан ишлашга жалб этилди. Бу эзгу ишларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам ҳисса қўшаётганидан мамнунмиз. 20 нафардан зиёд отинойи, 10 нафар имом-хатиб жабрдийдаларга кўмак беряпти.

Табиатан самимий ва тийнати пок элмиз. Шу жиҳатлардан устамонлик билан фойдаланган муғомбир кимсалар юртдошларимиз, айниқса, ёшларимизнинг ишончига кириш йўлида динни ниқоб қилиб, айрим ҳолларда манфур режаларини амалга оширишга эришмоқдалар.

Ўзбекистон – буюк давлат, халқи меҳр-оқибатли. Ҳаёт синовларида оёғи тойган фуқароларининг қўлидан тутиб қолишга қодир. Давлатимиз қуролли тўқнашувлар давом этаётган юртларга адашиб бориб қолган ва бунинг оқибатида ҳаётини хавфга қўйган фуқаролардан ўзига “душман ясаб” олмайди. Қийин вазиятда уларни ёрдамсиз ташлаб ҳам қўймайди.

Афсуски, бугун Сурия, Ироқ, умуман, Яқин Шарқ мамлакатларига кўпчилик юртдошларимиз ишлагани бориб, у ердан янада яхшироқ даромад топиш илинжида бузғунчиларнинг алдовларига ишониб, қонли урушлар гирдобига тушиб қолишган.

Энди дўппини ечиб, бир тасаввур қилиб кўрайлик. Қариндошимиз, яқин  биродаримиз чет элда сарсону саргардон, ҳазрат Навоий бобомиз таъбири билан айтсак, ғурбатда ғариб бўлиб турса, бефарқ қарай оласизми? Асло. Ҳузур-ҳаловатингиз йўқолади, унга ёрдам беришга шошиласиз. Шундай эмасми?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир мўминнинг дунё қайғуларидан бирини кетказса, Аллоҳ унинг қиёмат кунидаги қайғуларидан бирини кетказади. Ким дунёда бир қийналган (биродари)нинг оғини енгил қилса, Аллоҳ таоло унинг қиёматдаги оғирини енгил қилади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ таоло унинг дунё ва охиратдаги айбларини яширади. Қайси бир банда биродарининг ёрдамида бўлса, Аллоҳ таоло ҳам унинг ёрдамида бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Бирор номақбул ишга қўл урган одам қилмишининг хато эканини англаб етса, пушаймон бўлса, хатосини кечириб, унга яна имконият берилса, давлат ва жамиятга катта фойда келтириши мумкин.

Бинобарин, Аллоҳ таоло: «Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас, сиз (ҳар қандай ё монликни) энг гўзал сўзлар билан даф қилинг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ – содиқ дўст каби бўлиб қолур» (Фуссилат сураси, 34-оят), деб марҳамат қилган.

Бошқа бир ояти каримада: «…(ҳар қандай ) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаган ёмонликдир (яъни ҳар бир ёмонликнинг ўзига яраша жазоси бордир). Энди ким (интиқом олишга қодир бў лгани ҳолда) афв қилиб (ўртани) тузатса, бас унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У зулм қилгувчиларни севмас», дейилади (Шўро сураси, 40-оят).

Давлатчилигимиз тарихида ҳам меҳр-шафқат, кечиримлиликка оид ҳужжатлар кўп учрайди. Жумладан, “Темур тузуклари”да: “Менга ёмонликлар қилиб, бошим узра шамшир кўтарганлар, ишимга кўп зиён етказганларни ҳам, агар улар илтижо билан тавба-тазарру қилиб келсалар, ҳурматлаб, ёмон қилмишларини хотирамдан ўчирдим…” дейилган.

Сурия давлатидан Ўзбекистон заминига етиб келган самолётдан тушган заҳоти юрт тупроғини ўпган аёллару болаларнинг кўрган-кечирганлари – мусофирчилик азоблари, қўрқув, даҳшат, хўрлигу ҳақоратлар ортда қолгани рост, иншоаллоҳ! Аллоҳ таолонинг инояти ила уларнинг тақдири энди Ўзбекистон деган муаззам мамлакатнинг меҳр-мурувватли халқи ғамхўрлигида, халқпарвар Раҳбари эътиборидадир.
Ислом дини доимо меҳр-шафқатли ва кечиримли бўлишга тарғиб қилади.
Аллоҳ таоло: «Агар сизлар (уларни) афв этсангизлар, кенглик қилиб, кечириб юборсангизлар, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам) кечирувчи ва меҳрибон Зотдир» (Тағобун сураси, 14-оят), деб таълим беради.

Ушбу ояти каримадан англашиладики, агар биз хато қилган, қилмишидан пушаймон одамни кечирсак, уни кечирганимиз учун бизнинг ҳам гуноҳимиз афв этиларкан.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Меҳрибонларга Раҳмон раҳм қилади. Ер юзидаги кишиларга раҳм қилингки, осмонда меҳрибон Зот сизга марҳамат кўрсатсин”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев муборак Рамазон ҳайити арафасида давлатимиз инсонпарварлик сиё сатининг, халқимизга хос эзгулик ва меҳр-оқибат, кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларнинг амалий тасдиғи сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Жиноятга қўл урган, боши деворга теккандан сўнг адашганини тушуниб етган одамларни афв этиш – муқаддас динимизнинг ҳам асосий арконларидан бири саналади. Фармонга мувофиқ, содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш жой ларида жазони ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 575 нафар фуқаро афв этилди. Уларнинг 361 нафари жазодан тўлиқ озод қилиниб, ота-онаси, фарзандлари ва яқинлари бағрига қайтарилди, шунингдек, 214 нафар шахснинг озодликдан маҳрум этиш жазо муддатлари қисқартирилди.

Давлат раҳбари фармонда қайд этганидек, жиноят содир этган шахсларни фақат жазолаш эмас, балки “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида қайта тарбиялаш, уларнинг ўз ҳалол меҳнатлари билан жамиятда муносиб ўрин эгаллашлари учун барча масъул, ташкилотлар, юртимизнинг ҳар бир фуқароси самимий ёрдамини аямаслиги лозим.

Толибжон НИЗОМОВ ёзиб олди.

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 6-сонидан