Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонда “Истеъмол саватчаси“ қачон жорий этилади?

Чоп этилди Iyul 25, 2019 Ўзбекистонда “Истеъмол саватчаси“ қачон жорий этилади?da fikr bildirishni o'chirish

Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилга қадар ижтимоий иқтисодий комплекс ривожлантириш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, иқтисодий ўсиш суръати ўртача 6,4, капитал қўйилмалар 9,9, экспорт 9,6 фоизни ташкил этиши, ишсизлик даражаси 9,3 дан 5,2 фоизга ва инфляция 14,4 дан 4,3 фоизга пасайиши кутилмоқда. Бундан ташқари, 2030 йилда киши бошига ялпи ички маҳсулот 4500 АҚШ долларини ташкил этиши прогноз қилинмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан ташкил этилган “Мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол, шунингдек, “Истеъмол саватчаси“ ҳисоби ҳамда “Тирикчилик учун зарур энг кам миқдор” мавзуидаги матбуот анжуманида батафсил маълумот берилди.

Дастлаб “Истеъмол саватчаси“ нима ва ундан қандай мақсадларда фойдаланилади, “Тирикчилик учун зарур энг кам миқдор“ни белгилашда нималар ҳисобга олинади каби саволларга жавоб берилди.

Мутахассислар фикрича, “Истеъмол саватчаси“ – муайян вақт давомида инсон ҳаёти ва унинг саломатлигини сақлаш учун зарур маҳсулотлар, товарлар ва хизматларнинг энг кам тўплами. Албатта, барча фуқаролар овқатланиши, кийиниши, коммунал ва бошқа хизматлар ҳақини тўлаши, зарур дори-дармонларни харид қилиши лозим. Булар “Истеъмол саватчаси“ни бутлаш учун асос ҳисобланади.

“Истеъмол саватчаси“ энг кам иш ҳақи ва пенсиялар, базавий ижтимоий тўловлар, ишсизлик, болани парваришлаш, боқувчисини йўқотганлик нафақалари, стипендиялар каби моддий эҳтиёж миқдорларини белгилаш учун ҳисоб-китобга асос бўлмоғи керак.

“Истеъмол саватчаси“га кирувчи товарлар ва хизматлар тўплами ҳар бир мамлакатда турлича. Унинг таркиби давлат даражасида белгиланади ва кўплаб омиллар – табиий-иқлим шароитлари, мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши, озиқ-овқат товарларини ишлаб чиқариш хусусиятлари, товарлар, хизматларнинг ҳақиқатда истеъмол қилиниши ва бошқа омилларга боғлиқ бўлади.

Анъанага кўра, “Истеъмол саватчаси“ 3 қисм – озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлардан иборат. Ноозиқ-овқат товарларига кийим-кечак, пойабзал, биринчи навбатда зарур бўлган буюмлар, дори-дармонлар, маданий-маиший ва хўжалик учун мўлжалланган товарлар ва ҳоказолар киради. Хизматлар рўйхатидан эса коммунал, транспорт хизматлари, маданий-маърифий жабҳалар ўрин олади.

Одатда “Истеъмол саватчаси“ аҳолининг 3 та асосий ижтимоий-демографик гуруҳи – меҳнатга лаёқатли аҳоли, пенсионерлар ва болалар учун ишлаб чиқилади. Яъни аҳолининг турли қатламлари тирикчилиги учун зарур энг кам миқдорни белгилашда муайян даврда истеъмол саватчасидаги барча неъматларни истеъмол қилиш нормаларини аниқлаш зарур. Масалан, оддий фуқаро нормал ҳаёт кечириши учун ҳар куни истеъмол қилиши керак бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами ва миқдорини ҳисоблаш ёки барча коммунал харажатларни қоплаши учун ойига қанча сумма зарурлиги аниқланади.

Маълумки, Президентимизнинг 2018 йил 22 январдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармони оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган эди.

Фармонга кўра, республикамизда “Тирикчилик учун зарур энг кам миқдор” ва “Истеъмол саватчаси” тушунчаларини 2018 йилнинг 1 июлидан ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш белгиланган.

Бироқ бугунги кунгача бу тушунчалар ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмади, амалиётга жорий этилмади. Нега?

– “Истеъмол саватчаси”ни жорий этиш дунё тажрибасига кўра мажбурий равишда қилинмайди, – деди иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаев. – Аввало, “хуфиёна иқтисодиёт“ни камайтириш мақсадида “Истеъмол саватчаси” методологиясини ишлаб чиқдик. Бугунги кунда Фарғона ва Тошкент вилоятида эксперимент тариқасида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. “Истеъмол саватчаси” ва “Тирикчилик учун зарур энг кам миқдор”ни амалиётга жорий этиш учун ташкилий масалаларни амалга ошириш лозим. “Истеъмол саватчаси” ва “Тирикчилик учун зарур энг каммиқдор” амалиётга жорий этилганидан сўнг аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини кўришимиз керак.

Тадбирда вазирлик мутахассислари томонидан 2019 йил биринчи ярим йиллигида иқтисодий тармоқ ва соҳада эришилган натижалар ҳақида ҳам маълумот берилди. Жорий йилнинг январь-июнь ойларида ялпи ички маҳсулот ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,8 фоизга ўсди. Ўтган олти ойда инфляция даражаси 5,56 фоизни ташкил қилди. Жумладан, озиқ-овқат 5,9, ноозиқ-овқат товарлари 5,2 ва хизматлар 5,3 фоизга ошди. Республика бўйича жами 137,5 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

 

Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА