Мақолалар

Таваккал қилишдан нега қўрқамиз?

Чоп этилди Iyul 26, 2019 Таваккал қилишдан нега қўрқамиз?da fikr bildirishni o'chirish

عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « لَوْ أَنَّكُمْ كُنْتُمْ تَوَكَّلُونَ عَلَى اللَّهِ حَقَّ تَوَكُّلِهِ لَرُزِقْتُمْ كَمَا تُرْزَقُ الطَّيْرُ تَغْدُو خِمَاصًا وَتَرُوحُ بِطَانًا » (رواه الترمذي)

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Агар сиз Аллоҳга чинакам таваккал қилолганингизда эди, эрталаб инидан оч қорин билан чиқиб кетиб, кечки пайт тўқ қорин билан қайтиб келган қуш каби ризқлантирилар эдингиз”» (Имом Термизий ривояти).

Тонг отиши билан қушлар чуғурлашиб инларидан чиқади. Ейишга ҳеч вақоси йўқ бўлса-да, хотиржамлик билан уча бошлайди. Чунки улар ризқ Аллоҳдан эканини билади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул маҳфуз)да (ёзилган)дир» (Ҳуд сураси, 6-оят).

Ибн Уйайна: “Инсон, чумоли ва сичқондан бошқа бирор жонзот ўз ризқини захира қилиб сақлаб қўймайди”, дейди.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, ризқ бандани худди ажали қидирганидек қидиради», дедилар» (Ибн Ҳиббон ривояти).

Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Али отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табук ғазоти куни минбарга кўтарилиб, Аллоҳга ҳамду сано айтдилар ва: “Эй одамлар, Аллоҳга қасамки, мен сизларни фақат Аллоҳ буюрган нарсага буюриб, Аллоҳ қайтарган нарсадан қайтараман. (Ризқларингизни) ҳалол йўл билан талаб қилинглар! Абул Қосимнинг жони измида бўлган Зотга қасамки, ҳар бирингизнинг ризқи уни ажали қидирганидек қидиради. Агар ундан бирон нарса сизларга кечикса, уни Аллоҳ азза ва жалланинг тоати билан талаб қилинглар!” дедилар» (Имом Табароний ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, банданинг ўз ризқи бор. Агар жин ва инсонлар у (ризқ)дан бирон нарсани ун(га келиши)дан тўсиш учун йиғилсалар, бунга қодир бўлмайдилар» (Имом Табароний ривояти).

Сулаймон алайҳиссалом қирғоқда ўтирган эдилар. Дон кўтариб денгиз сари кетаётган чумолига кўзлари тушди. Чумоли денгиз қирғоғига етиб борди. Шунда сув ичидан бир қурбақа бошини чиқарди ва оғзини очди, дон кўтарган чумоли унинг оғзига кириб олди. Қурбақа бир соатча йўқ бўлиб кетди. Бир пайт қурбақа сувдан бошини чиқариб оғзини очган эди, ҳалиги чумоли кўринди. Бироқ дон йўқ эди. Сулаймон алайҳиссалом бу ҳолдан таажжубландилар. Ва чумолини чақириб ундан донни нима қилганини, қаерда бўлганини сўрадилар. Чумоли: “Эй Аллоҳнинг пайғамбари! –Мана шу денгиз тубида катта тош бор, унинг ичида кўр қурт яшайди. Ризқ талабида ташқарига чиқолмайди. Аллоҳ таоло унга озуқа етказишни менга, сув тубига шўнғишни эса қурбақага юклади”, деди.

Маъмурчилик даврида кўпимиз Аллоҳга таваккал қилишни унутиб қўйдик. Оқибатда юртимизда имконият, шароит бўлатуриб, чет эллардан ризқ қидира бошладик. Қонуний йўллар бўлатуриб, бошқа чоралар ахтариш сабабли айрим кишилар ғаламисларнинг тузоғига илиниб қолаётгани ҳам сир эмас.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 30 май куни Президентимиз топшириғига биноан 156 нафар Ўзбекистон фуқаролари, асосан, аёллар ва болалар махсус авиарейсда “Меҳр” инсонпарварлик амалиёти доирасида Тошкент шаҳрига олиб келинди.

Бу эзгу ишни барчамиз ойнаи жаҳон орқали кузатдик. Она юрт тупроғига қадам қўйган каттаю кичикнинг кўзларига ёш қалққанини кўриб, хаёлимга юқоридаги ҳадис келди.

Ҳадиси шарифда Аллоҳга чинакам таваккал қила олсак, худди қушлардек ризқимиз оёғимиз остига сочиб қўйилиши чиройли услубда англатилмоқда. Бунинг учун фақат ихлос керак.

Қушлар каби ҳаракатда бўлиб ўз ризқини ахтарса, Аллоҳ унинг сайъ-ҳаракатини беҳуда қилмайди. Сайъ-ҳаракати баракани ва мўл ризқ ато этади. Аллоҳ таоло Раззоқ Зотдир.

Миродил МИРЖАЛИЛОВ,

Қибрай тумани бош имом-хатиби

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 13-сонидан