Мақолалар

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бармоқлари орасидан сув оқиб чиқиши

Чоп этилди Iyul 26, 2019 Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бармоқлари орасидан сув оқиб чиқишиda fikr bildirishni o'chirish

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг жамодотларга алоқадор мўъжизаларидан бири у зотнинг бармоқлари орасидан сув оқиб чиқишидир.

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:

“Аср вақти кирганида одамлар таҳорат учун сув қидириб, топа олмадилар. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бир идишда сув келтирилди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўлларини идиш ичига қўйиб, одамларни ундан таҳорат қилишга буюрдилар. Мен сувнинг у зотнинг бармоқлари остидан оқиб турганини кўрдим. Ўша сув билан уларнинг барчалари таҳорат олди” (Саҳиҳ ҳадис. Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Насоий ва Имом Термизий ривояти).

Бир ривоятда уларнинг сони саксон киши (Имом Бухорий ривояти. “Маноқиб” китоби “Нубувват аломатлари” боби) экани ва яна бошқа бир ривоятда уч юз киши (Имом Бухорий ривояти. “Маноқиб” китоби “Нубувват аломатлари” боби) экани айтилган.

Уч юз кишининг бир идишдаги сувдан таҳорат олиши мўъжизаси, Мусонинг (алайҳиссалом) тошдан сув чиқариш мўъжизаларидан комил ва устундир. Чунки бармоқлар орасидан сувнинг чиқиши, тошнинг орасидан сув чиқишидан кўра ажабланарлидир.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 23000 сўм