Мақолалар

Қурбонликнинг маъноси

Чоп этилди Iyul 26, 2019 Қурбонликнинг маъносиda fikr bildirishni o'chirish

Шариатимизда жорий этилган ҳар бир ҳукмни тўлиқ англаб, сўнг уни амалиётга мукаммал татбиқ этиш учун, аввало, унинг луғавий ва истилоҳий маъноларини билиб олиш лозим. Аллоҳ таоло мўмин бандалари зиммасига бадан, тил ва қалб билан бажариладиган ибодатлар билан бир қаторда молиявий ибодатларни ҳам юкладики, бу сизу биз учун раҳматдир. Бу ибодатлар Аллоҳ таолонинг розилигига, раҳмат ва иноятига эришишда муҳим воситадир.

Охиратда улуғ неъматлар ва даражаларни қўлга киритишда Аллоҳ таоло розилиги учун қурбонлик қилиш муҳим аҳамият касб этади. “Қурбонлик” сўзи луғатда яқин бўлиш, қурбат ҳосил қилиш маъносини англатади. Қурбонлик билан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш, яъни яқин бўлиш тушунилади.

“Қурбонлик”нинг истилоҳий маъноси Аллоҳ розилиги учун ибодат нияти билан муайян кунларда тури, ёши ва бошқа васфлари динимиз белгилаган ҳайвонни сўйишдир.

Қурбонлик қилишдан асосий мақсад илоҳий амрга итоат этган ҳолда, Аллоҳ таолога яқин бўлишни кўзлашдир. Қурбонлик фидокорликнинг аломати, Аллоҳ берган неъматларга шукрона келтиришнинг бир кўринишидир. Қурбонлик қилиш натижасида мўмин банда кўплаб бало-офатлардан омонда бўлади.

Қурбон ҳайити кунлари сўйиладиган қурбонлик “узҳия” деб номланади. Бундай номланишига сабаб ҳайитнинг биринчи куни чошгоҳда қурбонлик сўйиш вақтининг бошланишидир (“Ширъатул ислам, 218-б).

Қурбонликка аталган ҳайвоннинг қийматидаги маблағ(пул)ни садақа қилиш қурбонлик ўрнига ўтмайди. Қурбонликнинг шарти сўйиладиган жониворнинг қонини оқизишдир (“Ширъатул ислам, 218-б).

Суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига қурбонлик ҳижратнинг иккинчи йили вожиб бўлди. Қурбонлик Қуръони карим, ҳадиси шариф ва ижмо билан собитдир.

Қурбонлик қилиш фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида эмас, балки башарият яратилганидан бери бор. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

وَإِذْ قَالَ رَبُّكَ لِلْمَلاَئِكَةِ إِنِّي جَاعِلٌ فِي الأَرْضِ خَلِيفَةً قَالُواْ أَتَجْعَلُ فِيهَا مَن يُفْسِدُ فِيهَا وَيَسْفِكُ الدِّمَاء

وَنَحْنُ نُسَبِّحُ بِحَمْدِكَ وَنُقَدِّسُ لَكَ قَالَ إِنِّي أَعْلَمُ مَا لاَ تَعْلَمُون

«Эсланг, (эй Муҳаммад!) Раббингиз фаришталарга: “Мен Ерда халифа (Одам) яратмоқчиман”, – деганида, (улар) айтдилар: “Унда (Ерда) бузғунчилик қиладиган, (ноҳақ равишда) қонлар тўкадиган кимсани яратмоқчимисан? Ҳолбуки, биз Сенга ҳамдинг билан тасбеҳлар айтамиз ва Сени муқаддас деб биламиз. (Аллоҳ) айтди: “Албатта, Мен сизлар билмаган нарсаларни билурман(Бақара сураси, 30-оят).

Бу воқеадан асрлар ўтиб Аллоҳ таоло мўмин бандаларининг ихлос ва самимиятини фаришталарга яна бир бор кўрсатиш учун Иброҳим алайҳиссаломнинг ўғли Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилиш ҳақидаги илоҳий амрга итоати ҳодисасини юзага чиқарди. Бу борадаги ояти карималарни қуйироқда келтирамиз. Бироқ ҳозир Одам алайҳиссаломнинг икки ўғли Ҳобил ва Қобил зикр этилган оятларни келтириб, қурбонликнинг илк бор жорий бўлгани ҳақида эслатмоқчимиз.

وَاتْلُ عَلَيْهِمْ نَبَأَ ابْنَيْ آدَمَ بِالْحَقِّ إِذْ قَرَّبَا قُرْبَانًا فَتُقُبِّلَ مِن أَحَدِهِمَا وَلَمْ يُتَقَبَّلْ مِنَ الآخَرِ

قَالَ لَأَقْتُلَنَّكَ قَالَ إِنَّمَا يَتَقَبَّلُ اللّهُ مِنَ الْمُتَّقِينَ. لَئِنْ بَسَطْتَ إِلَيَّ يَدَكَ لِتَقْتُلَنِي

مَا أَنَا بِبَاسِطٍ يَدِيَ إِلَيْكَ لِأَقْتُلَكَ إِنِّي أَخَافُ اللَّهَ رَبَّ الْعَالَمِينَ

«Уларга Одамнинг икки ўғли (Қобил ва Ҳобил) ҳақидаги хабарни ҳақиқати билан ўқиб беринг! Иккиси қурбонлик қилганларида, биридан қабул қилинди, унисидан эса қабул қилинмади. (Қурбонлиги қабул бўлмаган Қобил укаси Ҳобилга): “Сени, албатта, ўлдиражакман!” – деди. (Ҳобил) эса: “(Қурбонликни) Аллоҳ аслида тақволи кишилардан қабул қилур”. Агар мени ўлдириш учун қўлингни мен томонга чўзсанг, мен сени ўлдириш учун Сен томонга қўлимни чўзувчи эмасман. Ахир, мен оламлар рабби – Аллоҳдан қўрқаман».  (Моида сураси, 27–28-оятлар).

 

Толибжон НИЗОМнинг “Қурбонлик рисоласи”дан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 6000 сўм