Ўзбекистон янгиликлари

Янгиликлар жуда кўпайиб кетди, аммо…

Чоп этилди Iyul 26, 2019 Янгиликлар жуда кўпайиб кетди, аммо…da fikr bildirishni o'chirish

 

 

Бу фикр куни кеча Фарғона шаҳрида водий журналистлари ва блогерлари учун ташкил этилган семинар-тренинг давомида бот-бот тилга олинди.

 

Хўш, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда ҳудудларда амалга ошираётган лойиҳа нимаси билан аҳамиятли?

 

“Ўзбекистонда журналистика соҳасида халқаро этика стандартларини илгари суриш” мақсадида йўлга қўйилаётган саъй-ҳаракатлар қанчалик долзарб?

 

Моҳир тренерлар, соҳа экспертлари ҳамда Наманган, Андижон ва Фарғонанинг етакчи журналист ва блогерлари ана шу саволларнинг жавобига биргаликда ечим излашди.

 

Масаланинг нечоғли муҳимлиги юзасидан соҳада кечаётган инқилобий ўзгаришларнинг иштирокчиси сифатида муносабатларини очиқ-ойдин ўртага ташлади.

 

Ғоят қизиқарли ва фойдали ўтган 2 кунлик назарий-амалий машғулотлар жараёнида асосий эътибор таҳлилий журналистика муаммоларига қаратилди.

 

Алоҳида таъкидланганидек, бугунги кунда оммавий ахборот воситаларида, айниқса, ижтимоий тармоқларда янгиликлар жуда кўп эълон қилинмоқда, аммо таҳлилий мақолалар кам.

 

Одамлар бир кунда юзлаб хабарлар билан танишмоқда. Ўқувчилар олди-қочди, шов-шув, криминалга тўлган мавзулардан зерика бошлашди. Бизни кузатаётган катта-ю кичик жиддий, асосли, мулоҳазали, ҳамма нарсани умумлаштирган, хуллас, дид билан тайёрланган материалларни кутяпти.

 

Энди шундай мақолаларни ҳафсала билан мутолаа қилишмоқчи.

 

Қолаверса, соҳада ўнлаб қонунлар яратилганига қарамай, деярли ишламаётгани, тизимда назоратнинг йўқлиги қатнашчилар томонидан афсус билан тасдиқланди.

 

Таҳлилий журналистика шунинг учун керакки, у айни даврнинг оғриқли нуқтаси саналган матбуотнинг умрини узайтиришга ҳам хизмат қилади. Дейлик, веб-сайтларда эътиборни тортувчи анонс қолдириб, сўнгра батафсил газетанинг ўзида танишиш мумкинлигига эришиш лозим.

 

Кишиларнинг вақти кам, шу боис саралаб ўқишни ўрганишмоқда. Қайси ОАВ тури бўлмасин, ундаги материалнинг мундарижаси ва сарлавҳасига қарабоқ ўтиб кетишяпти. Лекин чиройли тайёрланган, ўқишли ва мазмундор таҳлилий мақола ҳар қандай аудиторияни албатта ўзига жалб қила олади.

 

Фақат янгиликлар ортидан қувиш – бу чинакам журналистика эмас. Ҳатто аксарият мухбирлар бирор тадбир ахборотининг ҳажмини сунъий тарзда кенгайтириб ёзсалар, шуни гўё таҳлилий мақола дейишгача борадилар.

 

ЯНА ЎША ГАП…

 

Одамлар сифатли журналистикани хоҳлашмоқда, майли, электрон ҳолда бўлса-да, мутолаага берилишмоқда, бунга эҳтиёж туғилмоқда. Оммавий ахборот воситаларига ва ижтимоий тармоқларга боғланиб қолишдан тортиб, то муккасидан кетишгача бўлган манзаралар, демакки, тезкорлик, очиқлик омиллари самара бераётганидан дарак.

 

Моҳир тренерлар – номдор эксперт Беруний Алимов, таниқли блогер, “davletov.uz” телеграм канали юритувчиси Қобил Хидиров ўз тажрибалари ва хулосалари билан тақдимотлар кўмагида ўртоқлашишди.

 

Кичик мониторинг орқали қўлга киритишган кузатувларини маълум қилишди. Яъни бугунги кунда илғор сайтлардан айримларига махсус изоҳ ҳам пайдо бўлган.

 

“Кун.уз” – негадир ўзини якка ҳоким ҳисоблайди, эълон қилинаётган материалларнинг асл манбасини кўрсатгиси келмайди.

 

“Дарё.уз” – муаллифлик ҳуқуқига қатъий риоя қилади, керак бўлса, ўнта манба, ҳавола келтиради.

 

“Gazeta.uz” – янгиликларни беришда ҳеч қачон шошилмайди. Оғир-босиқлик ва мулоҳаза билан, расмийлар тасдиқлаганидан кейингина таҳлил этиб эълон қилади.

 

Материал тўплашдаги анъанавий “Нима, қачон, қаерда?”дан ташқари, энди журналист “Нега, нима сабабдан, қандай қилиб, нима, нима беради?” каби саволларга ҳам жавоб топиши зарур ва қолипли, эскирган услубларни ёриб чиқиши, янгича ва бетакрор ёндашувга таяниб, холис ва кўпи билан 2-3 қоғоздан ошмайдиган қилиб мақола ёзиши даркор.

 

Айниқса, замонавий журналистика муаммолари, хусусан, “Fake-news”, яъни сохта хабарларга қарши курашишга ҳисса қўшиши шарт.

 

Шунингдек, минтақавий семинар-тренингда 2019 йил 17 июль куни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг IV конференциясида қабул қилинган Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодекси ҳам бир қур муҳокамадан ўтказилди.

 

Унда кўп яхши гаплар бор-у, аммо бу кодекс мажбурий характерга эга эмас, фақат тафсиявий мақомда бўлади, шу сабабли унга амалиётда қай даражада амал қилиниши ноаниқ.

 

Йиғилганлар гуруҳларга бўлинган ҳолда кодексга қайта кўз югуртириб, таклифларини қайд этишди, ҳимоя қилишди.

 

Қизғин баҳс-мунозара, ақлий ҳужум, ноодатий ўйинлар, қимматли маълумотларга интиқлик руҳида кечган очиқ мулоқот якунида барчага Ўзбекистон “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг сертификатлари топширилди, фаол журналистлар ҳаракатнинг аъзолигига қабул қилинди.

 

Ҳа, журналистика – ўзини ўзи бошқариш санъати, соҳаси эканлиги тобора аён бўлаётган бир пайтда семинар-тренинг шу билангина тугамайди. У водий журналистларига янги-янги медиа-режалар тузишга ва уни ҳавола этишга илҳомлантиради, туртки беради.

 

Орифжон ЖЎРАЕВ,

“Наманган садоси” газетаси муҳаррир ўринбосари

 ЎзА