Мақолалар

Қабрдаги аҳволингиз яхши бўлишини истасангиз…

Чоп этилди Iyul 27, 2019 Қабрдаги аҳволингиз яхши бўлишини истасангиз…da fikr bildirishni o'chirish

Аҳоли сонининг ортиб бораётгани натижасида томорқа ерлари ҳажмининг кичрайиш сари юз тутгани, кўчаларнинг, йўлларнинг  тораяётгани, яйловларнинг, бутун бошли далаларни учарлар эгаллаб олаётганини эшитавериб қулоғимиз ўрганиб қолган эди. Буни қарангки, ўзига пухта одамлар қабристонларни ҳам эгаллаб қўяётган экан. Бечора содда одамлар қазо қилганидан кейин ҳам  қаёққа боришини билмасдан боши қотиб қоларкан-да, ажабо!

Инсоннинг тириклигида қабристондан жой банд қилиб қўйиши шариатимизга мувофиқ амал эмас. Чунки инсоннинг қаерда, қандай ҳолатда вафот этиши Аллоҳ таолонинг ўзигагина аён. Айтайлик, бирор киши юртидан узоқ жойда вафот этса-ю, унинг майитини олиб келишга об-ҳаво шароити ёки йўл харажатининг қимматлиги ёхуд майитнинг оила аъзоларининг камхаржлиги тўсқинлик қилса, ўша одам вафот этган жойига дафн этилади. Шунингдек, тубсиз жарликка қулаб кетган ёки бедарак кетган кишини ҳам олдиндан тайёрлаб қўйилган қабрга дафн этишнинг иложи йўқ. Чунки жасад йўқ.

Ёдингизда бўлса, ўтган йили  Жиззах вилояти, Шароф Рашидов тумани, Хавастлик маҳалласида жойлашган «Ғойиб ота» қабристонида қабр тошларини ўғирлаб сотган шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилган эди. Ўғри нима қилган? Қабр тошларни кўчириб олиш учун қабрларни оёқ ости қилганда. Ким билсин, балки қабрлар очилиб ҳам қолгандир…

Куни кеча интернетда «Дарё» суриштируви: Бухородаги Ҳазрати Имом қабристонида 1700 та майитсиз қабр борлиги аниқланди” деган мақола эълон қилинди. Мақолани ўқиган кишиларнинг капалаги учиб кетди. Қабрларнинг 10 фоизида майит йўқ. Янада даҳшатлиси, улар қариндошлар учун банд қилинган. Бундайлар элимизда шумтилак, шумният дейилади…

“Қабристонда 1700 га яқин майитсиз қабр 2 қаватли қилиб қуриб, «безатиб» қўйилган”, дейилади мақолада.

Ажаб бўпти-да. бу ҳолнинг ўрганилгани, йўқса. қабрнинг ичини ҳам евроуслубда пардозлаб, элита пардалар илиб, туркман гиламлари, югослав кроватлари ва ҳоказоларни ўрнатиш расм бўлиб кетармиди.

Қадим даврларда айрим халқларда шунга ўхшаш дафн маросимлари бўлган: майитга оти, кийим-кечаги, қурол-яроғи, пуллари қўшиб кўмилган. Қадимги ҳиндларда ҳам эркак ўлса аёли ҳам ўзини ёқиши анъанаси бор бўлганини биламиз. Реакцион руҳдаги ана шу  урф-одатлар Ислом дини кириб келганидан сўнг тўхтади. Ҳиндистонни ҳам  ғайриинсоний анъанадан бобурийлар Исломнинг ҳаётбахш таълимотини ўргатиш асосида йўқ қилмшгв муваффақ бўлдилар. Янгилик унутилган эскилик, деганларидек, қабристондаги жойларни олдиндан “брон” қилиб, уларни қават-қават қилиб пардозлаш ишларини бажариб қўйган кимсалар ўша, қадим замондаги жоҳиллар ишини қайта тикламоқчими?!

Алҳазар!

Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида қабр эгаларини таниб олиш учун тошлардан белги сифатида фойдаланилган.

 عن المطلب قال لما مات عثمان بن مظعون أخرج بجنازته فدفن فأمر النبي صلى الله عليه و سلم رجلا أن يأتيه بحجر فلم يستطع حمله فقام إليها رسول الله صلى الله عليه و سلم وحسر عن ذراعيه قال كثير قال المطلب قال الذي يخبرني ذلك عن رسول الله صلى الله عليه و سلم قال كأني أنظر إلى بياض ذراعي رسول الله صلى الله عليه و سلم حين حسر عنهما ثم حملها فوضعها عند رأسه وقال » أتعلم بها قبر أخي وأدفن إليه من مات من أهلي» .  (سنن أبي داود – (2 / 230. قال الشيخ الألباني : حسن).

Мутталибдан ривоят. У киши деди: «Усмон бир Мазъун вафот бўлган пайтда унинг жасади олиб чиқилиб, дафн қилинди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир одамга бир тошни келтиришни буюрдилар. У одам тошни кўтара олмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб, тошнинг олдига бордилар ва икки енгларини шимардилар. Касир айтди: Мутталиб деди: Буни менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан хабар қилган одам айтди: «Мен худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки оппоқ билакларини шимарганларига қараб тургандекман. Кейин Расулуллоҳ тошни кўтариб, Мазъуннинг бош томонига қўйдилар ва дедилар: «Бу билан укамнинг қабрини билиб оламан ва оиламдан кимдир вафот бўлса, шунинг ёнига дафн қиламан». (Сунани Абу Довуд – 2/230; Албоний: ҳасан).

Ушбу ҳадисга биноан мусулмонлар қабр устига белги қўйишда тошдан фойдаланганлар. Кейин эса вақт ўтиши билан тошларнинг каттароқлари, баландроқлари, кўркамроқларига ружу қўйиш бошланган. Шайх Саъдий “Гулистон”ида айни мавзуда бир ҳикоят келтирган. Мазмуни бундай: қўшни бўлиб яшайдиган бой ва камбағал вафот этибди. Орадан қанчадир вақт ўтиб бой ва камбағалннинг боласи отасининг қабрини зиёрат қилгани борибди. Тиловату дуолар қилинганидан сўнг  бойнинг ўғли камбағалнинг ўғлига: “Буни қара, оталаримизнинг шу ердаги ҳам манзили фарқ қилади. Сенинг отангнинг қабри деярли билинмай кетибди. Менинг отамнинг қабри устидаги мармар тошнинг салобати бўлакча бўлиб турибди”, дебди. Камбағалнинг ўғли бунга жавобан: “Қиёматда сенинг отанг ана шу тошнинг остидан чиқиб олгунича, менинг отам жаннатга кириб кетади”, дебди.

Қабр устига ёзиш ҳам ҳадис билан рад қилинган.

عن جابر قال: « نَهَى النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ تُجَصَّصَ الْقُبُورُ وَأَنْ يُكْتَبَ عَلَيْهَا وَأَنْ يُبْنَى عَلَيْهَا وَأَنْ تُوطَأَ «. (سنن الترمذي – (3 / 368 .قال الشيخ الألباني : صحيح).

Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят. У киши дедилар: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни гипс билан суваш, уларнинг устига ёзиш, бино қуриш ва қабрларни босишдан қайтардилар. (Сунани Термизий –  3/368; Албоний: саҳиҳ).

Демак, қабр устига мармар тошлар ўрнатиш, жимжимадор ёзувлар ёзишдан марҳумга манфаат етмас, аксинча, унинг қабр ичидаги ҳаётини оғирлаштирар экан. Бироқ марҳум ва марҳумаларининг руҳини шод қилишини истаганлар қабр тоши ва унга ёзишга кетадиган харажатларни бирор муҳтожга берса,  ана ўша эҳсони сабаб бўлиб қабрда ётганларнинг аҳволи яхшиланар экан.

Умуман олганда, «Раддул Мухтор»да

 وَيَحْفِرُ قَبْرًا لِنَفْسِهِ ، وَقِيلَ يُكْرَهُ

«Ўзи учун қабр тайёрлаб олиш жоиздир. Бир қавлда макруҳ”, дейилган.

Бу гапни уламолар: «Ўзининг еридан бўлса, жоиз, оммага тегишли ердан бўлса, жоиз эмас», деб мувофиқлаштирганлар.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, инсон ўзининг ерида ертўла қазадими, қабр қазадими, сарой қурадими, нима қилса, қилаверсин. Лекин ҳали соппа-соғ юрган пайтиданоқ  омманинг қабристонидаги жойни банд қилиб олиш – худбинлик. Тасаввур қилинг, бир майитни қабристонга олиб келсалар-да, бу ёқда ҳамма жойни банд қилиб ўтирган бўлсалар…

Шубҳасиз, бу ишга қўл урганлар ўлимидан кейин ҳам ҳашаматга берилгани сабаб шундай қилган. Лекин улар чиндан ҳам ўлимидан кейинги аҳволи яхши бўлишини истасалар, қабристонни банд қилмасинлар.

Дамин ЖУМАҚУЛ