Мақолалар

Сажда пайти вафот топган тобеин

Чоп этилди Iyul 28, 2019 Сажда пайти вафот топган тобеинda fikr bildirishni o'chirish

Мужоҳид ибн Жабр раҳимаҳуллоҳ тобеинлар пешвоси, қорилар ва муфассирлар устози, етук фақиҳ, ҳофиз, ишончли муҳаддис, зуҳд ва тақво соҳиби эди. У Соиб ибн Абу Соиб Махзумийнинг озод қилинган қули бўлган.

Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ ҳижрий 21 йили, Умар ибн Хаттоб халифалиги даврида Маккада дунёга келди. У жуда кўп саҳоблардан: Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Умар, Али ибн Абу Толиб, Саъд ибн Абу Ваққос, Рофеъ ибн Худайж, Ойша, Умму Салама ҳамда Жобир Ансорий розияллоҳу анҳумлардан илм ўрганди.

Абдуллоҳ ибн Аббосдан икки йил мобайнида Қуръон илмлари, фиқҳ ва ҳадисни пухта ўзлаштирди.  Шу боис Яҳё ибн Маъин: “Мужоҳид ибн Жабр Ибн Аббоснинг яқин шогирдидир”, деган эди.

Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ бир ўринда Қуръонни Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ўттиз марта ўтказиб олганини айтади, бошқа бир ўринда эса: “Ибн Аббосдан Қуръонни уч марта  ўтказиб олдим. Ҳар бир оятда тўхтаб: “Нима сабабдан нозил бўлган?”, “Қаерда нозил бўлган?” дер эдим” дейди.[1]

Суфён Саврий айтади: “Тафсирни тўрт кишидан ўрганинг: Саид ибн Жубайр, Мужоҳид, Икрима ва Заҳҳок ибн Музоҳим”. Уларнинг шогирдлари ҳисобланган Хусайф ибн Абдураҳмон Мужоҳид роҳимаҳуллоҳни тафсир борасида энг билимдон деган.

Симла ибн Куҳайл айтади: “Илми билан фақат Аллоҳ ризосини истаганлар дейилса, Мужоҳид, Товус ва Ато кўз олдимга келади”.

Мужоҳид раҳимаҳуллоҳнинг ҳаётлари илм исташ ва уни инсонларга етказиш ила кечди. Вафотлари ҳам гўзал ҳол, сажда қилган ҳолида бўлди.

Ҳофиз Абу Нуайм Фазл ибн Дукайн айтади: “Мужоҳид 102 ҳижрий санада оламдан ўтди. У сажда қилиб турган эди”. Ибн Ҳиббон[2] ҳам Мужоҳид Маккада сажда ҳолатида дунёдан кўз юмганини ривоят қилган.

 

[1] Қуръонни ўттиз марта ўтказиб олиш умумий ўқиш, хатм қилиш шаклида бўлса, уч марта ўтказиб олиш ҳар бир оятида тўхтаб-тўхтаб, тафсири, сабаби ва илмларини сўраш шаклида бўлган. Валлоҳу аълам.

[2] “Машаҳиру уламаил амсор”

 

“Сажда ҳолида вафот этган олимлар” китоби асосида

Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси

Фахриддин Муҳаммад НОСИР тайёрлади.