Мақолалар

Аср вабоси

Чоп этилди Iyul 28, 2019 Аср вабосиda fikr bildirishni o'chirish

Бутун дунё мамлакатларини ташвишга солаётган глобал муаммолардан бири гиёҳвандликдир. Юртимиз оммавий ахборот воситалари, турли тадбирларда бу заҳри қотилнинг зарари ва кулфати ҳақида қайта-қайта огоҳлантирилишига қарамай, афсуски, ёшларимиз орасида унинг домига тушиб қолаётганларнинг борлиги ачинарли ҳол.

Ислом саломатликка тарғиб қилади. Ҳар бир тоат-ибодат эса поклик ила бошланади. Жумладан, намоз ўқиш учун таҳорат ёки ғусл қилиш зарур. Динимиз кишиларни ўзаро мулоқот ва муомалада ҳам озода бўлишга чақиради. Шу тарзда пок ҳаёт кечирган  инсон улкан савоб ва мукофотларга эга бўлиб боради.

Шунингдек, муқаддас динимизда инсонларга зиён берувчи нарсалар ҳаром қилинган. Бу эса  кишиларнинг моли, жони, ақли ва наслини ҳар қандай зарарлардан ҳимоя қилади.

Сархуш қилувчи воситаларни истеъмол қилган киши нафақат оиласи тинчлиги ва саломатлигига, балки насли софлиги ва юртига жуда катта зарар келтиради. Ҳадиси шарифда: “Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир”, дейилади (Имом Бухорий ривояти).

Шу ўринда ҳар қандай зарар ва азиятнинг олдини олиш ва ундан қутулиш учун қуйидаги тавсияларни келтириб ўтамиз:

  • фойдали иш билан машғул бўлиш;
  • солиҳ тенгдош билан бирга бўлиш;
  • истеъмол қилаётган нарсанинг зарарини тўла тушуниб олиш;
  • турмуш тарзини буткул ўзгартириш ва зарарли нарсаларга ўрин қолдирмаслик;
  • соғлом ҳаётни йўлга қўйиш, хусусан, спортга алоҳида вақт ажратиш.

Айрим ёмон одатларни ирода кучи билан енгиб ўтиш мумкин. Аммо гиёҳвандлик каби иллатлар кишиларнинг ўзаро бирлашиб курашишини талаб қилади. Шу боис бир ёқадан бош чиқариб, ёшларимизни ёмон йўлга кириб кетишидан сақлаб қолишимиз, унинг қармоғига илинганларга яхшилик қўлини чўзиб, заҳри қотилдан қутилиши учун ёрдам беришимиз ҳар биримизнинг зиммамиздаги бурчдир.

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ

Тошкент шаҳридаги “Новза” жоме масжиди имом-хатиби

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 13-сонидан