Мақолалар

Ҳамроҳи Қуръон эди

Чоп этилди Iyul 29, 2019 Ҳамроҳи Қуръон эдиda fikr bildirishni o'chirish

«Уруш бошлангани хабари келди. Колхоз идораси олдига биз йигитларни жангга юбориш учун кўпчилик йиғилди. Ораларида менинг ҳам қариндош-уруғларим бор. Ҳамма билан бир-бир хайрлашдим. Онам қўлларидаги нонни тишлаб беришимни сўради. Отам маҳкам бағрига босиб: “Ўғлим, Қуръони каримни ёдингдан чиқарма. Доим ўқиб юр. Омон қайтишингга ёрдамчи бўлади, Худо хоҳласа”, деди.

Жўнаб кетдик. Ҳар куни тиловатни канда қилмасдим. Имкон бўлганида таҳорат, бўлмаганида таяммум билан ўқир, тилим салавотдан бўшамасди (ҳофизи Қуръон дадам яширинча менга ҳам ўргатиб, 30 порани тўлиқ ёдлатган эди).

Қисқагина тайёргарликдан кейин уруш майдонига олиб келишди. Жуда кўп марта ажал билан юзма-юз келдим, қанча қуролдош дўстларимдан айрилдим. Даҳшатли жангу жадаллар ичра Сталинграддан Берлингача бўлган масофани босиб ўтдим. Қатор шаҳару қишлоқларни озод этишда қатнашдим. Бу давр мобайнида кўп марта хатм қилдим.

Ғалабани Берлинда нишонладик. Ниҳоят, юртимизга, ота-онам бағрига соғ-саломат кириб келдим. Ҳамма билан омонлашиб бўлгач, ўтирдик. Дадам Ёсин сурасини ўқий бошлади. Қироатдан сўнг менга миннатдор боқди: “Раҳмат, ўғлим, ишончимизни оқладинг. Насиҳатимга амал қилдинг. Эришган ғалабамиз қутлуғ бўлсин. Хатмларингни, истиғфор ва салавотларингни Аллоҳ қабул этсин”.

Ота-онамнинг чеҳраси бахтдан ёришиб турарди. Чунки бешафқат урушдан уларнинг ёлғиз фарзанди ёруғ юз билан қайтган эди…

Йиллар ўтди. Биз ҳам бахтли ота-она бўлдик. Кен жатойимиз, саккизинчи ўғлимиз Афғонистондан соғ-саломат келди. У ҳам Каломуллоҳни тўла ёд олган, жангларда мунтазам ўқиб юрганди…»

 

Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиси хотираларини оққа кўчирувчи

Фарҳод МАМАТОВ

Избоскан тумани

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 6-сонидан