Мақолалар

Қобил ва Ҳобил қиссаси

Чоп этилди Iyul 29, 2019 Қобил ва Ҳобил қиссасиda fikr bildirishni o'chirish

Ҳавво онамиздан бир ўғил, бир қиз эгизак дунёга келарди. Олдин туғилган ўғилни кейин туғилган қизга, кейин туғилган ўғилни олдин туғилган қизга уйлантирардилар. Қобил Ҳобилдан катта эди. Қобил билан туғилган қиз гўзал бўлганидан унга ўзи “эгалик” қилмоқчи бўлди. Одам алайҳиссалом унга Ҳобил уйланишини буюрди. Бироқ Қобил итоат этмади. Муаммони ҳал этиш учун Одам алайҳиссалом иккала ўғлидан ҳам қурбонлик сўйишни талаб қилди. Ҳаж қилиш учун Макка сари отланмоқчи бўлаётганларида Қобил ва Ҳобил қурбонликларини отасига тақдим этди. Ҳобил семиз қўйни, Қобил эса ориқ жониворни қурбонлик қилди.

Осмондан олов тушиб, Ҳобилнинг қурбонлигини куйдирди. Бу қурбонлиги қабул бўлгани белгиси эди. Қобилникини эса сўйилган жойида қолди. Қобилнинг жаҳли чиқиб, Ҳобилга: “Синглимни никоҳингга олишингга қаршиман ва сени ўлдираман”, деди. Ҳобил эса: “Аллоҳ таоло фақат тақводорларнинг қурбонлигини қабул қилади”, деди.

Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу): “Аллоҳга қасамки, ўлдирилган ўлдиргандан кўра кучлироқ, қувватлироқ эди. Лекин у ор-номусни устун билиб, инисига қўл кўтармади”, деган.

Ака-ука қурбонликларини тақдим этишаётганида, Ҳобилнинг қурбонлиги қабул қилиниб, Қобилники рад этилганида Одам алайҳиссалом уларнинг ёнида эди. Қобил отасига: “Сиз туфайли Ҳобилнинг қурбонлиги қабул қилинди. Чунки сиз унинг ҳақига дуо қилдингиз. Менинг ҳақимга эса дуо қилмадингиз”, деди.

Шундан сўнг отаси Қобилнинг ёнига бориб, унга бошқа жойда гаплашиб олишини айтди.

Қобил сурувларни боқиш учун далага чиқиб кетиб, кеч тушиб, қош қорайса ҳам қайтиб келавермади. Одам алайҳиссалом укасидан хабар олиш учун Қобилни жўнатди. Қобил Ҳобилни далада учратди ва унга: “Сенинг қурбонлигинг қабул бўлади-ю, нега меники қабул бўлмайди?”, деб сўради. Ҳобил: “Аллоҳ таоло фақат тақводорларнинг амалларини қабул қилади”, деб жавоб берди.

Бу сўзлардан жаҳл отига минган Қобил темир парчаси билан уриб Ҳобилни ўлдирди. Бир ривоятда ухлаб ётган Ҳобилнинг бошини тош билан уриб ёргани, яна бир ривоятда бўғиб ўлдиргани айтилади. Ҳобилнинг қандай ўлдирилганини Аллоҳ таоло билади.

Ўлим билан таҳдид этган Қобилга Ҳобил: “Ўлдирмоқчи бўлиб, менга ташлансанг ҳам, мен сенга қўл кўтармайман. Чунки мен оламлар парвардигори Аллоҳдан қўрқаман”, деди.

Ҳобилнинг бундай дейиши унинг Аллоҳдан қўрқанидан дарак беради. У акасининг ёмонликларига парво ҳам қилмаган эди.

Фахруддин Розий: “Қобил қурбонлиги қабул бўлмаганини кўргач, Ҳобилга ҳасад қилиб, уни ўлдирди”, деб ёзади (“Тафсири Кабир”).

 

Толибжон НИЗОМнинг “Қурбонлик рисоласи”дан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 6000 сўм