Янгиликлар

Ўзбекистонда сув тақсимоти мобил илова орқали амалга оширилади

Чоп этилди Iyul 29, 2019 Ўзбекистонда сув тақсимоти мобил илова орқали амалга ошириладиda fikr bildirishni o'chirish

Ўзбекистонда илк маротаба смартфонга ўрнатилган илова ёрдамида суғориладиган экинларнинг ҳолати, қачон ва қанча сув бериш кераклиги аниқланиб, зарур амалиётлар бажарилади.

Далалардаги экинлар ва боғларни томчилатиб суғоришни эндиликда компьютер технологиялари орқали бошқарса бўлади.Андижон вилоятида Европа Иттифоқи ва Германия ҳамкорлик ташкилоти (GIZ)нинг қўшма лойиҳаси доирасида сув ресурсларини бошқариш бўйича ирригация тизимлари сув ҳавзалари вакилларига интенсив боғларни суғоришда сувни тежовчи янги технологиялардан фойдаланишни ўргатишга йўналтирилган семинар-тренингда ана шу мобил иловадан фойдаланиш қоидалари ўргатилди.

-Норин-Қорадарё ирригация ҳавзаси бошқармасининг 6 гектарлик боғдорчилик намойиш участкалари анъанавий эгатлаб, ёмғирлаб, томчилаб суғориш бўйича учта қисмдан иборат. Айнан томчилаб суғоришда фильтрлаш, ўғитлаш тизимлари автоматлаштирилиб, компьтерлаштирилган. Участкага кичик метео станциялар қўйилиб, улар даланинг ҳолати, намгарчилиги, қачон суғориш кераклиги ҳақидаги хабарни уяли алоқа телефонига ўрнатилган дастурга жўнатади. Суғоришни айнан ана шу телефондаги илова орқали узоқдан туриб ҳам бошқариш мумкин.

– Далалар сувни йўқотишсиз, иқтисод қилган ҳолда мобил илова орқали бошқарилади, – дейди Норин-Қорадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Эргашев.

АҚШда таҳсил олиб, малака оширган агроном Шуҳрат Аброров тренинг қатнашчиларига дарахтлар ҳосилдорлигини оддий усулда ошириш, қай вақтда шакл бериш, буташ, ҳосилни сақлаб қолиш йўллари борасида ўз билимлари билан ўртоқлашди.

Анъанавий усулдан кўра янги технология билан суғоришда 60 фоизгача сув иқтисод қилинади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, энг афзал усул томчилатиб суғориш бўлиб, уни бошқариш бўйича киритилаётган янги технология ҳам сувни, ҳам фермернинг вақтини тежайди.

Андижон вилоятида ўтказилган мазкур семинар-тренинг лойиҳа доирасидаги бундай анжуманнинг иккинчиси бўлиб, биринчиси Наманган вилояти боғбонлари учун ўтказилган эди. 2019 йил 2 августга қадар янги технологиядан фойдаланиш борасидаги билимлар тренинг шаклида лойиҳага кирган Фарғона, Сирдарё, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ирригация тизимлари сув ҳавзалари вакилларига етказилади.

Н.Қосимова

ЎзА