Мақолалар

Ясмиқ

Чоп этилди Iyul 29, 2019 Ясмиқda fikr bildirishni o'chirish

 Жонни Боуденнинг “Дунёдаги энг фойдали 150 маҳсулот” китобида: “Бир пиёла ясмиқда 18 грамм оқсил моддаси бор”, дейилган.

Ясмиқ таркибидаги эрувчан тўқима овқат ҳазм қилишни яхшилайди. Бу маҳсулотдан тайёрланган бўтқани мунтазам истеъмол қилиш танада модда алманишувини яхшилайди, иммунитетни кўтаради.

Тадқиқотларга кўра, ясмиқнинг ортиқча вазндан қутилишга ёрдам берувчи хусусиятлари ҳам талайгина.

Маданий ҳамда ёввойи ҳолда ўсадиган ясмиқ таом ҳазмини яхшилайди. Унда фосфор моддаси сероб бўлгани учун суякни бақувват қилади. Ясмиқ уни қабзиятдан халос этиб, тери яллиғланишини даволашда яхши таъсир кўрсатади. Пўстини қайнатиб, очиқ жароҳатга босилса, тери йиринглашининг олдини олади. Бодом ёғи қўшилган ясмиқли таом билан бирга ейилса, шамоллашга даво. Қайнатиб пиширилган ясмиқни сирка билан ейиш меъда фаолиятини яхшилайди, нафас йўлини юмшатади ва йўтални тўхтатади. Ясмиқ қайнатилган сув билан оғизни чайиш яллиғланишга шифо бўлади.

Мутахассислар диабетга чалинганларга қондаги қанд миқдорини камайтириш учун ясмиқ истеъмол қилишни тавсия этишади. Бўтқаси меъда ва ўн икки бармоқли ичак ярасини даволашда фойдалидир.

Ясмиқ асал билан аралаштирилиб, чуқур заҳмларга боғланса ёки гул ёғи билан қўшиб, шамоллаган кўзга суртилса, шифо бўлади. Товуқ тухумига қўшиб, совуқ урган оёқ, қўл ва юзга суртилса, фойдалидир.

Ясмиқдан кўп истеъмол қилинса, айниқса, ёввойи навидан, қонни қуюқлаштиради, камқолликдан халос этади.

Ушбу маҳсулотнинг фойдали жиҳатлари билан бирга зарарли томонлари ҳам борлигини унутмаслик лозим. Масалан, подагра, бавосил (геморрой), диатез, таносил аъзолари хасталикларига чалинганлар, буйрак хасталиги билан оғриганлар учун ясмиқ тавсия этилмайди.

Абдуқодир САТТОРОВ,

табобатчи олим, профессор

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 13-сонидан