Мақолалар

Сўз ҳақида кўнгил сўзлари

Чоп этилди Iyul 29, 2019 Сўз ҳақида кўнгил сўзлариda fikr bildirishni o'chirish

Ҳар улфатнинг ўз ҳангомаси бор, деганларидек, шоир,  ёзувчилар йиғилиб қолса, баҳс-мунозара кўпинча Сўз устида    кетади. Негаки, бизни бинокор деса ғиштимиз, деҳқон деса  даламиз, ғаввос деса уммонимиз, учувчи деса осмонимиз – Сўз. Дунёда қанча ижодкор бўлса, шунча тафаккур тарзи, шаклланган кўзқараш бор. Айниқса, Сўздек рангин, мураккаб, серқирра мавзу устида гап кетганда фикрларнинг бир жойдан чиқиши қийин. Ҳар кимда бир нуқтаи назар ва ҳар нуқтаи назарда бир ҳақиқат бўлади.

Яқинда шундай баҳслардан бири маҳкама сўзи ҳақида бўлди. Бир томон маҳкама ҳукм чиқариладиган жой, яъни суд, эски замонда қозихона шундай аталган, деса, иккинчи томон, ҳукм сўзидан ҳокимият келиб чиққани, ҳукумат идораси маҳкама бўлишини далиллаб эътироз билдирди. Биринчи томоннинг маҳкамага бериш, маҳкамага тортиш каби далилларига ҳар ишнинг ўз маҳкамаси бор, деган ибора қарши қўйилиб, бу сўзнинг идора маъносига урғу берилди. Бу фикр кўпчиликка мақбул бўлди.

Ўша суҳбатда мен асрнинг муҳокама асри экани, баҳсу муҳокаманинг эса буюк ҳикмат эканини ўйлаб яйраб ўтирдим. Аслиятга қайтишнинг кўламли жараёнида зангин ва рангин она тилимиз фаол иштирок этаётганидан қувондим. Барча даражадаги маҳкамаларнинг фақат ҳукм чиқарувчи даргоҳ эмас, балки муҳокама даргоҳига, тафаккур ва машварат масканига айланаётгани ҳақиқатдир. Зероки, ҳокиму ҳукму ҳакаму ҳукумат муҳокамага ўзакдош, ҳикмат дарахти ҳам шу илдиздан униб чиққан.

Ижодкорлар баҳси одатда қизғин, қизиқарли кечади. Турли ҳангомалар ўртага тушади. Сўзни телва-тескари ишлатганларнинг мазаммати, таржимадаги баъзи ажабтовурликлар ҳангомаси баҳсга енгил руҳ беради. Талашиб тортишсак ҳам кулиб, яйраб қайтамиз. Лекин тилшунос олимлар билан тортишув жуда мушкул иш. Араб, форс тилларини сув қилиб ичиб юборган тадқиқотчилар сўзнинг энг чуқур илдизига етиб аслиятни маҳкам тутиб оладилар. Дунё хатога тўлиб кетганидан жонфиғон бўладилар. Риштон эмас, Рошидон; Бувайда эмас, Биби Убайда; арава эмас, ароба деб ёзиш ва айтишни талаб қиладилар. Уламолар, фузалолар дейиш саводсизлик, инсон ҳуқуқлари эмас, ҳақлари дейиш керак, чунки уламо, фузало, ҳуқуқ олим, фозил, ҳақ сўзларининг кўплиги деб қизишадилар. Айниқса, ахборотлар сўзини эшитсалар борми, сочлари тик бўлади. Ҳақиқатдан ҳам хабарнинг жамъи — ахбор. Ахборотга айланиб яна бир кўплик қўшимчаси ортди. Ахборотлар десак энди хабар учта лардан лорсиллаган бўлади.

Азалий қадриятлар тикланаётган замонда тилшунос олимларимизнинг бу жонбозликлари, айниқса, зиёлиларни “қора” халққа эргашиш эмас, балки йўлбошчи бўлишга чорлашлари адолатли нидодир.

Лекин орзулар бошқа-ю, ҳаёт бошқа экан. Мен ҳам она тилимизнинг ҳазрат Навоий замонидаги кўрки, бўй-бастига қараб ҳавас қиламан. Қани эди, буюк шоирнинг сўз бойлиги шу кунда ҳам тўлиғича тасарруфимизда истифода бўлса, дея орзулар қиламан. Не иложки, жамиятнинг ҳам, тилнинг ҳам тараққиёт қонунлари бизнинг ихтиёримизда эмас экан. Оғиздаги тилга хўжайинлик қилишимиз мумкин, лекин жамият ҳодисаси бўлган Тилга ҳукм ўтказиш иложсиз.

Устоз Абдулла Қаҳҳор драматургиянинг бир қонуни устида сўзлаб, янги пьесага киритиш учун мўлжаллаб ёзган бир дафтар жуда ёрқин ва ўткир жумлаларни бизга ўқиб берган ва афсус билан айтганди:

Кўнгилда кўпдан сақлаб юрган бу гапларимнинг бирортасини пьесага киритолмадим. Қайси қаҳрамоннинг оғзига солсам, туфлаб ташлади.
Улуғ адибнинг бу сўзларини тўла асос билан тил қонуниятларига кўчириш мумкин.
Биз илму ижод аҳли қанча талашиб тортишмайлик, бир фикрда ҳаммамиз якдилмиз: тил ёлғиз мутахассисларнинг мулки, хусусий томорқаси эмас. Уни бойитиш, гўзал қилиш, хас-хашаклардан тозалаб бориш – умумхалқ ишидир.
Мен ҳам шу буюк хазинанинг битта баҳраманди сифатида Сўз ҳақида кўнгил сўзларимни айтиб, сиз азиз муштарийларни баҳсга чорламоқчи бўлдим.

(Боши, давоми келгуси сонда).

 

Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг

“Тирик хазина ёхуд жаҳонгашта сўз” мақоласидан.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 9-сонидан олинди.