Мақолалар

Энг афзал амал

Чоп этилди Iyul 30, 2019 Энг афзал амалda fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таоло бандаларига қуйидагича амр қилади:

«(Беш вақт фарз қилинган) намозларни, хусусан, ўрта намозни сақланг (ўз вақтида ўқинг) ва (намозда) Аллоҳга бўйсу­ган ҳолатда (камтарлик билан) туринг!» (Бақара, 238)

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло кунда беш вақт намозни ўз вақтида, ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда адо этишга буюради. Хусусан,“ўрта намоз”га янада эътибор беришимизни таъкидлайди.

“Ўрта намоз” ҳақида муфассирлар ўз китобларида саҳобаи ки­ромлардан ҳар хил ривоятлар келтирган.

Ибн Касир тафсирида ўрта намоз бу бомдод намози дейил­ган ривоятларни келтириб, Молик (розияллоҳу анҳу) “Муватто” кито­бида ҳазрат Али ва Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) гапларини далил қилишини айтади. Аммо Ибн Касир “Ўрта намоз бу аср намози” деган гапни устун деб унга кучли далилларни келтирган. Маҳмуд Алусий эса “Руҳул маоний” тафсирида “ўрта намоз бу пешин намози”, деган гап аниқроқ эканини таъкидлаб: “Аслида ўрта намозни Аллоҳ таоло беш вақт фарз намоз ичига яширган. Қай бири эканини тайин қилмаган, худди “Қадр” кечасини рамазон ойи кечаларига, Исми Аъзамини барча исмларининг ичига, дуо ижобат бўладиган соатни Жума куни соатларининг ичига яширганидек”, деган. Бу билан мўминлар ўрта намоз эътиборида беш вақт намознинг муҳофазасини қилишсин.

عن ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: سَأَلْتُ النَّبِىَّ صلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: “أَىُّ الْأعَمَالِ أَحَبُّ إِلَى اللَّهِ؟” قَالَ: “الصَّلاَةُ لِوَقْتِهَا” قُلْتُ: “ثُمَّ أَىُّ؟” قَالَ: “بِرُّ الْوَالِدَيْنِ” قُلْتُ: “ثُمَّ أَىُّ؟” قَالَ: “الْجِهَادُ فِى سَبِيلِ اللَّهِ” قَالَ: “وَحَدَّثَنِى بِهِنَّ وَلَوِ اسْتَزَدْتُهُ لَزَادَنِى”

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Мен Пайғамбар (алайҳиссалом)дан “Энг афзал амал қайси?” деб сўрадим. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўз вақтида ўқилган намоз”, дедилар. “Кейин қайси?” деб сўрадим. “Ота-онага яхшилик қилиш”, дедилар. Мен яна сўрадим: “Кейин қайси?” “Аллоҳ таоло йўлида қилинган жиҳод”, дедилар». Ибн Масъуд: “Агар мен яна сўра­ганимда ул зот менга зиёда қилардилар”, деди (Муттафақун алайҳ).

 «Зеро, намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз деб) битилгандир» (Нисо,103).

Бу беш вақт намозни ўз вақтида адо этиш фарз, вақтидан ўтказиб адо этиш гуноҳ бўлганидек, вақти кирмасдан олдин ўқиш ҳам гуноҳ (мусофир ҳам намоз вақтига риоя этиши керак). Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳумо): “Албатта, ҳар бир намознинг тайинли вақти бор, худди ҳаж ибодатининг маълум вақти бўлганидек”, деган.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” (1-жилд) китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 34000 сўм