Мақолалар

Ўтириб намоз ўқиш ҳақида

Чоп этилди Iyul 30, 2019 Ўтириб намоз ўқиш ҳақидаda fikr bildirishni o'chirish

Намозни ўтириб ўқишни жоиз қиладиган узрли ҳолатлар бор, фақиҳ уламоларимиз бу масалаларни чуқур ўрганиб, уларга оид ҳукмларни батафсил баён қилишган.

Имом Табаронийнинг «Алмуъ жамул кабир» китобида Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан бири бемор бўлганида уни кўришга бордилар. Мен у зот билан бирга эдим. Унинг ҳузурига кирсак, олдига бир ёғочни қўйиб, пешонасини унга қўйиб намоз ўқиётган экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ишора қилган эдилар, у ёғочни ташлаб юбориб, ёстиқни олди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қўй уни. Агар ерга сажда қила олсанг, шундай қил. Қила олмасанг, ишора қилиб ўқигин, саждангни рукуингдан пастроқ қилгин”, дедилар.

Ким бирор узри ёки беморлиги сабабли тик туришга қодир бўлмаса, ёки тик тура олса ҳам, йиқилиб тушиши хавфи бўлса, ёки ҳозиқ, моҳир, тажрибали мусулмон шифокор: «Тик турсангиз, дардингиз зиёда бўлади ёки соғай ишингиз кечикади», деса ёки тик турганда чидаб бўлмай диган оғриқ турса ёки боши айланса, ерга ў тириб намоз ўқиши жоиз.

Ўтириб намоз ўқиганда ташаҳҳуд ҳолатида ўтириш керак. Агар ундай ўтириш имкони бўлмаса, ўзига қулай ҳолатда ўтиради. Киши ерга ўтирган ҳолда руку ва сажда қилиб намоз ўқишга қодир бўлмаса, бу ҳолда боши билан ишора қилиб намоз ўқийди, саждага рукудагидан пастроқ эгилади.

Агар одам тик туришга қодир бўлмаса, лекин ўтириб сажда қилишга қодир бўлса, курсида ў тирган ҳолда боши билан ишора қилиб, намоз ўқиши жоиз эмас, чунки пешонасини ерга теккиза оладиган кишининг бошини ишора қилиши сажда ўрнига ўтмайди.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ замонидан мутааххир фуқаҳоларнинг давригача бирорта фақиҳ «курсида ўтириб намоз ўқиш» деган масалани баён қилган эмас. Чунки намоз банданинг ожизлигини, синиқлигини, хорлигини намоён қиладиган ибодатдир. Курсида ўтириш эса иззат ҳисобланади.

Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алай ҳ курсида ўтириб намоз ўқиш ҳақида бундай деганлар: «Курсида намоз ўқишда асосий шарт шуки, ҳозиқ (моҳир), ишончли, намозхон табиб беморга ерга ўтириб намоз ўқиши мумкин эмаслигини айтган бўлиши керак. Бундан бошқача ҳолатда курсида ўтириб намоз ўқиши жоиз эмас. Агар шифокор тик туришни тақиқлаган бўлса, аммо ўтириб руку сажда қилишни ёки ишора билан сажда қилишни тақиқламаган бўлса (у одамнинг курсига эмас), ерга ўтириб намоз ўқиши вожибдир».

Такбири таҳримани қиёмга қодир бўлган одам тик туриб айтиши керак. Тик туришга қодир одам ўтирган ҳолида такбири таҳрима ай тса, намозга кирган ҳисобланмайди.

Фарз намозларда бир киши ҳассага ёки деворга суяниб бўлса ҳам тик тура олса, намозни ана шундай туриб ўқиши лозим. Бир-икки оят ўқилгунча тик туришга қодир бўлган киши шунча миқдор тик туриши фарздир.

Агар одам ў тиришга ҳам қодир бўлмаса, ётган ҳолида, ишора билан намоз ўқиши лозим. Бунда бемор бошини баланд қилиб икки оёғини қибла томонга узатиб, ётиб руку ва саждани боши билан ишора қилиб ўқийди. Бунинг имкони бўлмаса, юзини қиблага қаратган ҳолда ўнг ёки чап ёнбоши билан ётиб, боши билан ишора қилиб намоз ўқийди.

 

Манбалар асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси котибият мудири

Муҳаммадайюбхон ҲОМИДОВ тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 6-сонидан