Мақолалар

Мўминнинг меърожи

Чоп этилди Iyul 31, 2019 Мўминнинг меърожиda fikr bildirishni o'chirish

«(Эй Муҳаммад!) Китоб (Қуръон)дан сизга ваҳий қилинган нарсани тиловат қилинг ва намозни баркамол адо этинг! Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур» (Анка­бут, 45).

Намоз энг улуғ ибодат бўлиб, у мўминнинг меърожидир.

Яъни, намоз Пайғамбар (алайҳиссалом) Меърожга еттинчи осмондан ўтиб, ҳеч ким кўрмаган ва билмаган илоҳий олам – Сидратул мунтаҳога чиққанларида у зотга ва умматларига фарз қи­линган ибодатдир.

Бу ибодатни адо этаётган киши меърожга чиққандек бўла­ди. Раббисига яқин туриб, у билан суҳбат қуради. Анас ибн Молик, Абу Заррдан (Аллоҳ таоло улардан рози бўлсин) ривоят қилинган Меъ­рож воқеаси ҳақида узун бир ҳадисни Имом Бухорий “Саҳиҳ”ида келтирган. Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (алайҳиссалом) нинг бундай сўзлари бор: “Кейин мен яна юқорига кў­тарилдим, қа­лам­ларнинг (ёзганда чиқадиган) овозини эшитиб турдим (яъни ўша жойда фаришталарнинг Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсани унинг амрига биноан ёзишаётган пайтда чиқадиган овозни эшитдилар). Шу вақт Аллоҳ таоло менга ва умматимга бир кеча-кундузда эллик вақт намозни фарз қилди”. (Мусо (алайҳиссалом) маслаҳати билан Муҳаммад (алайҳиссалом) ўша жойга қайта-қайта қатнадилар.) Аллоҳ таоло эллик вақт намозни беш вақт намозга туширди ва айтди:

“У (намоз) беш вақт фарз бўлди, (аммо унинг савоби) эллик вақт намознинг савобига баробар, Менинг ҳузуримда сўздан қай­тилмайди” (Яъни, Аллоҳ таоло кунига ўқилган беш вақт намозга эллик вақт намознинг, бир вақтга ўн вақт баробарида савоб беришга сўз берди. Ана шу сўзи ўзгармас). Бу биз ожиз мўминларга Аллоҳ таолонинг бениҳоя улуғ марҳаматидир.

Намозда турган киши Аллоҳ таолонинг ҳозир-нозирлигини, Аллоҳ таоло билан роз айтишаётганини ҳис қилиши керак, мана шундай ҳис билан ўқилган намоз фаҳш-мункар ишлардан эга­си­ни қайтаради.

“Эҳсон нима?” деган саволга Пайғамбар (алайҳиссалом): “Эҳсон – Аллоҳ таолога Уни кўриб турганингдек ибодат қилишинг, гарчи сен Аллоҳ таолони кўрмаётган бўлсанг-да, Аллоҳ сени кўриб туради”, деб жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ).

Имон аломати бўлмиш намоз Аллоҳ таолонинг буйруғи – фарз бўлибгина қолмай, руҳий-маънавий очликка озуқа, дардга даво, жисмоний касалликка шифо, қалбга нурки, у нур юздан бал­қиб туради, хато-камчилик, айбу нуқсонларга эса каффорат, Аллоҳ таоло у билан хунук гуноҳларимизни кечириб юборгай! Дар­гоҳи илоҳийда даражамизни оширгай, чунки Ислом устуни бўлган бу намозда турли ибодатлар мажмуаси мужассам: Аллоҳ таолога ито­аткорона қуллик қилиш, унга шукрона айтиш, дуою илтижо, дунё ва унинг ишларидан қибла томон юз буриш, ҳамда Пайғамбар (алайҳиссалом)га салавот-салом айтиш мавжуд ва фаришталар хул­қини ҳам шу намоз ичида топгаймиз.

Пайғамбар (алайҳиссалом) кунлик беш вақт намоз хатолар­га каффорат бўлишини бундай тушунтирдилар.

أرَأيْتُمْ لَوْ أنَّ نَهْرَاً بِبَابِ أَحَدِكُمْ يَغْتَسِلُ مِنْهُ كُلَّ يَوْمٍ خَمْسَ مَرَّاتٍ ، هَلْ يَبْقَى مِنْ دَرنهِ شَيْءٌ ؟ قالوا : لا يَبْقَى مِنْ دَرنهِ شَيْءٌ ، قَالَ : فَذلِكَ مَثَلُ الصَّلَوَاتِ الخَمْسِ يَمْحُو اللهُ بِهِنَّ الخَطَايَا

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаи киромлардан: “Менга ай­тинглар-чи, бирингизнинг уйи олдидан анҳор оқиб ўтган бўлса ва ҳар куни шу анҳорда беш марта ювиниб турса, унинг баданида кир қолдирадими?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Йўқ, умуман кир қол­дирмайди”, деб жавоб берди. Пайғамбар (алайҳиссалом): “Мана шу (анҳорда беш бора чўмилиш) кунда беш вақт намознинг мисоли, Аллоҳ таоло улар сабаб хатоларни ўчиради”, дедилар» (Муттафа­қун алайҳ).

Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Мен Пайғамбар (алайҳиссалом) билан бирга қиш яқинлашган кунларнинг бирида бир дарахт ол­дида турган эдим. Дарахт япроқларининг кўпи тўкилиб бўлган ва яна тўкилмоқда эди. Шунда ул зот марҳамат қилдилар: “Эй Абу Зарр!” Мен: “Лаббай, ё Расулуллоҳ?” дедим. Ул зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, бир мўмин Аллоҳ таолонинг розилиги учун намоз ўқиса, унинг гуноҳлари худди шу дарахт япроқларидек тўкилади”, дедилар».

Мулла Али Қорий: “Ушбу ҳадиси шарифдаги “важҳаллоҳ”дан мурод, Унинг розилиги учун, холис Аллоҳ таоло учун ўқиса, шул тариқаки, унда ҳеч қандай риё-сумъа бўлмаслиги ва улар билан бирор шахсий ва дунёвий манфаат қасд қилинмаслиги, балки улар билан фақат Аллоҳ таолонинг амрига итоатни қасд қилиши керак”, деб шарҳлаган.

Мана шу ҳолда адо этилган намоз ўз-ўзидан гуноҳларнинг тўкилиб кетишига сабаб бўлади.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” (1-жилд) китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 34000 сўм