Мақолалар

Ал- Хоразмий асос солган янги фаннинг номи

Чоп этилди Iyul 30, 2019 Ал- Хоразмий асос солган янги фаннинг номиda fikr bildirishni o'chirish

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Риёзиёт олими ал-Хоразмийдан инсон ҳақида сўрашди. Олим шундай деди:

Агар инсон яхши хулқ соҳиби бўлса, у 1 га тенг.

Агар инсон ҳусн соҳиби бўлса, бирнинг ёнига нолни қўш = 10 бўлади.

Агар инсон бой бўлса, яна бир нолни қўш = 100 бўлади.

Агар насл-насабли бўлса, яна бир нолни қўш = 1000 бўлади.

Агар 1 рақами, яъни хулқ йўқ бўлиб кетса, инсоннинг қиймати йўққа чиқиб, нолларнинг ўзи қолади = 000.

Британиядаги машҳур журналистлардан бири муаллиф ва бошловчи Эндрью Марр «Дунё тарихи» туркум кўрсатувида бугунги ўзбекларнинг аждодларини алоҳида ҳурмат билан тилга олади.

Хусусан, мазкур дастурлардан бирида ўз даврида бутун Ислом олами олимларига етакчилик қилган Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий даҳосига аталган лавҳа ҳам ўрин олган.

Ғарбда исми Алгоритм, деб бузиб талаффуз қилинадиган олим ёки ал-Хоразмий бўлмаса, компьютер ё қўл телефонлари кашф этилмас эди, шунингдек, ҳар гал қўлингга мобиль телефонингни олганингда, унутма! – деб хитоб қилади атоқли журналист.

Демак, ҳар бир қўл телефони ичида бизнинг аждодимиз Ислом оламининг етук намояндаси ҳақиқий ўзбек мусулмон бор. Бу алломанинг исми эса – Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий.

Маълумот ўрнида шуни қайд этиш жоизки, Хоразмийнинг арифметик рисоласи ҳинд рақамларига асосланган ўнлик позицион ҳисоблаш системасининг Европада, қолаверса, бутун дунёга тарқалишида буюк аҳамият касб этди. Европага ҳинд рақамлари араблар орқали ўтганлиги учун улар «араб рақамлари» деб номланган ва ҳозир ҳам шундай деб аталиб келинмоқда. Европаликлар узоқ вақтгача ҳинд рақамларига асосланган ҳисоб тизимини «алгоризми» деб атаб келдилар. Фақат ХVI аср ўрталарида бу ном «арифметика» ибораси билан алмаштирилади. Шундан кейин бугунги кунгача «алгоризм» ёки «алгоритм» деганда ҳар қандай мунтазам ҳисоблаш жараёни тушуниладиган бўлди. Бу ибора билан Хоразмийнинг номи фанга абадий кириб қолди. Хоразмийнинг алгебраик рисоласининг тўлиқ номи – «Ал-китоб ал-мухтасар фи ҳисоб ал-жабр ва ал-муқобала». Рисоланинг номидаги «ал-жабр» ва «ал-муқобала» сўзлари «тўлдириш» ва «рўпара қўйиш» ўрта аср алгебрасининг иккита асосий амалини англатади. «Ал-жабр» сўзи лотинча транскрипцияда «алгебра» бўлиб, Хоразмий асос солган янги фаннинг номи бўлиб қолди.

Islom.uz